Қодиров, Грозний, 'ИШИД...'

Рамзан Қодиров Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг расман баён қилишича, пойтахт Грознийдаги махсус амалиёт якун топган.

Ўзаро отишмалар чоғида етти нафар ҳужумчи ўлдирилган, яна тўрт шахс қўлга олинган.

Маҳаллий вақт билан шанба куни кечга яқин Чеченистон пойтахти Грознийда отишмалар юз бераётганига оид хабарлар олинган.

Бу хабарларда бир гуруҳ номаълум қуролли шахсларнинг Октябрьский тумани полиция ходимларига ҳужум қилишгани айтилганди.

Президент Рамзан Қодировнинг сўзларидан аён бўлишича, қуролли шахслар аввалига бир полициячига ҳужум қилиб, унинг машинасини олиб қочишади.

Бунинг ортидан, иккинчи полиция ходимининг уйига бостириб киришади.

Полиция ходимлари ҳужумчилар тушган машинанинг йўлини тўсмоқчи бўлишаркан, икки ўртада отишма келиб чиқади. Бир қанча қуролли қочиб қолишга муваффақ бўлади.

Хабарларга кўра, Грозний сарҳадларида уларни тутиш учун йўлга қўйилган махсус амалиёт кеча якшанба куни ҳам давом этган.

Чеченистон ва ИШИД

Агар, "Кавказский узел" портали маълумотларига таянилса, бу - жорий йил ҳисобидан пойтахт Грозний марказида кузатилган шунга ўхшаш камида тўртинчи ҳодиса бўлган.

Аввалроқ айни шу портал Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб, ўлдирилганлардан уч нафарининг шахслари аниқлангани, улар - Ислом Альтемиров, Сайид-Ибрагим Исмаилов ва Магомед Ильясовлар экани ҳақида ёзган, тўртинчисининг ҳам кимлигини билиш устида иш олиб борилаётганини бунга қўшимча қилганди.

"Кавказский узел", бундан ташқари, куч ишлатар тизимлари томонидан рейдлар уюштирилгани, ҳалок этилган ҳужумчилар яқинлари ва танишларининг ҳибсга олинаётгани ҳақида ҳам хабар берганди.

Россия ТАСС ахборот агентлигининг Чеченистон Ички ишлар вазирлигидаги манбасига таяниб хабар беришича, қочиб қолишга муваффақ бўлганлар ИШИД жангари гуруҳининг аъзолари бўлишган.

Аммо расмий Грозний бу қуролли шахсларнинг ким бўлишгани ҳақида ҳозирча бирор бир маълумот бермаган.

Россия ва ИШИД

Россия Олий маҳкамаси ўтган йил бошида "Исломий Давлат"ни "террорчи", деб топган, унинг фаолиятини мамлакат ҳудудида расман тақиқлаб қўйганди.

Агар, Россия Аксилтеррор Миллий қўмитасининг яқинда эълон қилган маълумотларига таянилса, "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилаётган россияликларнинг сони мингдан ортган.

Қўмита "Кавказ Амирлиги"("Имарат Кавказ") ва "Ҳизб ут-Таҳрир" тарафдорларининг "Исломий Давлат" сафларида ўзларининг жанговар салоҳиятларини оширишаётганини даъво қилганди.

Россиялик масъуллар бу жангарилардан бир қисмининг ортга "аниқ вазифа ва мақсад билан қайтишлари"дан ҳам расман ўз хавотирларини изҳор этишганди.

Уларнинг баён қилишларича, сўнгги йилларда шундоқ ҳам жангариларнинг кўплаб лидерларини ўлдиришган.

Турли экстремистик гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни издан чиқаришга муваффақ бўлишган.

Агар, биргина ўтган йилги маълумотларга таянилса, Шимолий Кавказда етмишдан ортиқ аксилтеррор амалиётлари ўтказилган.

Бу амалиётлар чоғида эса, жангари эканликлари тахмин этилган 243 шахс ўлдирилган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўтган йил ИШИДга қўшилиш мақсадида четга чиққан инсонларни Россия фуқаролигидан чиқариш таклифини илгари сурган.

Ўзининг куч ишлатар тизими раҳбарлари билан мажлиси чоғида Рамзан Қодиров Чеченистонда террорчиликка қарши курашда "бебаҳо тажриба тўпланган"ини иддао қилганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг