Ўзбекистон ҳукумати сармоя муҳити ёмонлигини тан олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Содиқ Сафоев Каримов вафотидан сўнг катта сиёсатга қайтган

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакатдаги сармоя муҳити "яхшиланишга муҳтож" эканини айтган ва хорижлик ишбилармонлар билан очиқ мулоқотга тайёр эканликларини изҳор қилган.

Бу ҳақда Сенатнинг янги ташкил этилган халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий сармоялар ва туризм бўйича қўмитаси раҳбари Тошкентда хорижий сармояларга бағишланган анжуманда гапирган.

Сенат мулозимининг хорижий дипломатлар ва ширкатлар вакиллари иштирокидаги анжуманда маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати келаётган беш йилда сармоявий лойиҳаларга 40 миллиард доллар миқдорида маблағ йўналтиришни режаламоқда.

Бу маблағлар 657 та лойиҳага мўлжалланган.

"Бу иддаоли бир дастур, аммо реал қараш ва молиявий имкониятларга асосланган", - деб айтган сенатор.

Сафоевнинг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда сармоя муҳитини яхшилашга қаратилган "йўл харитаси" ишлаб чиқилмоқда.

У хорижлик ишбилармонларни ушбу жараёнда иштирок этишга чақирган.

Ўтмишда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган ва ғарбпараст сиёсатчи сифатида билинган Содиқ Сафоевнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг хорижий срамоялар борасидаги янгича қараши тфақат иқтисодий-ижтимоий тарққийтнигина эмас, балки "эркин демократик Ўзбекистонни барпо этиш"ни ҳам ўз ичига олади.

Сафоев анжуманда тақдим қилган "янги ислоҳотлар дастури"да, жумладан, сиёсий ислоҳотларни тезлаштириш олтита устувор йўналишдан бири сифатида белгиланган.

Ўзбекистондаги президент сайловлари арафасида катта сиёсатга қайтган Содиқ Сафоев мамлакатда "сиёсий модернизация"га эҳтиёж борлигини тан олган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирга қадар эълон қилган ислоҳотлар, асосан ижтимоий-иқтисодий соҳани қамраб олади.

Тошкентдаги анжуманда қатнашган Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Эдуард Стипрайс сармоядорлар дуч келаётган муаммолар, жумладан, электр таъминотидаги узилишларга эътибор қаратган.

"Агар электр таъминоти яхши бўлмаса, биронта ҳам сармоядор завод очмайди", -дея европалик дипломатнинг сўзларидан иқтибос келтирган Газета.уз нашри.

У шунингдек, Ўзбекистонда ишчи кучи ва инсон заҳирасининг етарли эканини айтиб, меҳнат бозорида талаб ва таклиф ўртасида номутаносиблик борлигини таъкидлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.