Швейцария: Ҳасанбой ‘зўрларнинг зўри’га айланди
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Швейцария: Ҳасанбой ‘зўрларнинг зўри’

Лозаннада бўлиб ўтган тантанали расмий тақдирлаш маросими ортидан, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов AIBA таснифида жаҳонда "Йилнинг энг кучли эркак боксчиси", деб топилган биринчи ўзбек спортчисига айланди.

Бу - 23 ёшли Андижон бокс мактаби вакили жорий йил ҳисобидан қўлга киритган учинчи нуфузли халқаро мукофот бўлди.

2016 йилги Рио Ёзги Олимпиадасидаги ғалабаси ортидан, Ҳасанбой Дўсматов Ўйинларнинг техник жиҳатдан энг кучли боксчисига берилувчи Вэл Баркер Кубогига лойиқ, деб кўрилган.

Шу ой бошида эса, ўзбекистонлик бу боксчига жаҳоннинг энг зўр спортчиларига берилувчи "Олтин мангуст" халқаро мукофоти ҳам топширилганди.

Риодагиси ўзи беллашган биринчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлганига қарамай, Ҳасанбой Дўсматов (-49 кг вазн тоифасида) Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси ҳисобига илк олтин медалини келтирган спортчи бўлган.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода қўлга киритган энг кўп медаллар ҳам айнан боксчилари ҳисобига тўғри келган.

Рио Олимпиадасида Ўзбекистонни рекорд(11) сонда намоён этган боксчилар Ўйинларнинг 3 та олтини дохил жаъми 7 та медалини қўлга киритишган.

Улар Ўзбек бокси тарихида илк бор Ўйинларни умумжамоа ҳисобида пешқадам мавқеъда якунлаб, бу борада кимсан кубалик рақибларини ҳам ортда қолдириб кетишганди.

Танлов

Жаҳонда "Йилнинг энг кучли эркак боксчиси"ни аниқлашга қаратилган танлов Халқаро Ҳаваскор Боксчилар Уюшмаси(AIBA) томонидан шу йилнинг 7-10 декабр кунларида эълон қилинган.

Халқаро Уюшманинг расмий Twitter аккаунти орқали ўтказилган танловда Ҳасанбой Дўсматовдан ташқари, қозоғистонлик номдор боксчи Данияр Елеуссинов ва кубалик Робейси Рамиреслар ҳам "Йилнинг энг яхши эркак боксчиси" мақомига даъвогарлик қилишган.

Аммо бу танловда Ҳасанбой Дўсматов икки карра Осиё чемпиони, икки бор Осиё Ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони, ўз вазн тоифасида Рио Олимпиадаси ғолиби Данияр Елеуссинов ва икки карра Олимпия Ўйинлари чемпиони Робейси Рамиресларни йирик фарқ билан ортда қолдириб кетган.

Ҳасанбой Дўсматов 77 фоиз овоз тўплаган бир пайтда, Данияр Елеуссиновники 18%, Робейси Рамиресники эса, бор-йўғи 5% дан нарига ўтмаганди.

Маросим

Ўзбекистондан олинган хабарлардан Ҳасанбой Дўсматовнинг 18 декабр куни Лозаннадаги расмий тақдирлаш маросимида иштирок этиш учун Швейцарияга жўнаб кетгани маълум бўлган.

Бу хабарларда Швейцарияга сафари чоғида Ҳасанбой Дўсматовга Ўзбекистон Бокс Федерацияси, Осиё Бокс Конфедерацияси вице-президенти Шерзод Тошматов ҳамроҳлик қилаётгани айтилганди.

AIBA танловидаги ғалабаси ортидан, Ҳасанбой Дўсматов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида "бундан мураббийси ҳам, ўзлари ҳам, ҳаммалари жуда хурсанд эканликлари", бу ютуғи ўзини янгидан-янги ғалабаларга илҳомлантириб қолишини айтган.

Ҳасанбойнинг AIBA танловидаги ғалабасига муносабат билдирган ўзбекистонлик фахрий боксчи, мамлакат тарихидаги Ёзги Олимпиада Ўйинларининг илк кумуш медали совриндори, собиқ жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев эса, "бунақасининг ўзи бўлмаслиги"ни эътироф этган.

Ўз вазн тоифасида ўз вақтида ҳаваскор ва профессионал бокс "қироли" бўлган Артур Григорян эса, "бунинг ҳақиқатан ҳам ҳаваскор боксчи эришиши мумкин бўлган энг кучли, энг олий ва энг зўр натижа" эканини таъкидлаган.

"Жаҳон, Олимпиада чемпиони бўласиз. Бу - тушунарли. Аммо ҳаваскор боксчилар орасида "Жаҳоннинг энг зўр боксчиси" танловида ғолиб чиқиш - бу "вой-бў", дейишга тенг. Мен учун бу мақом - профессионал боксда жаҳон чемпиони бўлишга баробар", - деб айтганди.

Бош мураббий

Лозаннадаги тантанали расмий тақдирлаш маросими арафасида Би-би-си Ўзбек Хизмати бу хусусда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Бош мураббийси Марат Қурбонов билан ҳам боғланди.

"Эй-ййй, бу хабарни эшитиб, бошимиз осмонга етди. Ҳасанбойни қучоқлаб, кўтариб, ўпдим. Яхши бола, "молодец". Токио Олимпиадасида ҳам худди ана шундай иштирок этишинг тилакдошиман, дедим", - дейди Марат ака.

(Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси билан суҳбатимизни тинглаш учун плейерни ўйнанг.)

Ўзбекистон Бокс Федерациясидан билдиришларича, Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги тақдирлаш маросими маҳаллий вақт билан кеч соат 19:00 да бошланади.

AIBA

Энг сўнггида қисқача маълумот ўрнида: Халқаро Ҳаваскор Боксчилар Уюшмаси - AIBA га 1920 йилда асос солинган.

Бу халқаро уюшма жаҳоннинг 6 қитъасидаги Ўзбекистон дохил 195 давлат бокс федерацияларини бирлаштиради.

Ўзбекистон Бокс Федерацияси вице-президенти Шерзод Тошматов AIBA Ижроия қўмитасининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

AIBA президенти Чинг-Куо Ву сўнгги бор Ўзбекистонга шу йилнинг июль ойида ташриф буюрган, ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов қабулида бўлган.

Чинг-Куо Ву Оқсаройдаги ана шу учрашув чоғида президент Каримовга "Хизматлари учун" орденини топширгани ҳам хабар берилганди.

Рио Олимпидаси ғолиблари ва рекордчилари бўлган боксчиларни катта миқдордаги пул ва давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидагиси - президент Ислом Каримов ҳали ҳаёт экан, имзолашга улгурган энг сўнгги фармойишлардан бири ҳам бўлганди.

Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт давомида бошқариб келган президент Ислом Каримов шу йилнинг 2 сентябр куни 78 ёшда экан, "миясига қон қуйилиши" оқибатида кутилмаганда ҳаётдан кўз юмганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.