Содиқ Сафоев: 'Орқага қайтишдан қўрқиш керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев Ислом Каримов вафотидан сўнг катта сиёсатга қайтган

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакатда бошланган ислоҳотлардан орқага қайтишни энг катта хавф деб атаган.

Eadaily нашри билан суҳбатда Сафоев мамлакатнинг янги раҳбарияти сиёсий ислоҳотларнинг зарурлигини англаб етганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодий соҳада ислоҳотлар ўтказиш зарурати сиёсий тизимни янгилашни тақозо қилмоқда.

Сафоевнинг айтишича, инсон ҳақларини ҳимоя қилмасдан ва бошқарувни шаффофлаштирмасдан туриб, иқтисодий ўсишга эришиб бўлмайди.

"Бу кимгадир ёқиш ёки халқаро ташкилотлар олдида ҳисобот бериш учун қилинаётгани йўқ. Сиёсий ислоҳотларни кейинга қолдириш жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин", -деб айтган Сенат мулозими.

Айни пайтда у Каримов даврида амал қилган кучли ижроия ҳокимиятини ҳимоя қилган.

"Янги давлатни барпо этиш ва мамлакат олдида турган муаммоларни ечиш учун шароитлар мураккаб эди",- деган Сафоев.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти биринчи навбатда иқтисодий тараққиёт билан боғлиқ аниқ масалалар, жумладан, коррупция муаммосини ечишга уринмоқда.

Сафоевнинг айтишича, коррупцияга барҳам бериш учун давлат бошқарувининг янги шаклида амалдорларнинг ролини камайтириш муҳим.

"Коррупция бу - ҳокимиятни сотиш демакдир. Унга қарши курашнинг энг муҳим кўринишларидан бири - шаффофлик, очиқликдир", - деб айтган Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев Ислом Каримов вафотидан сўнг катта сиёсатга қайтган.

Сўнгги ҳафталарда у сиёсий ислоҳотлар билан боғлиқ қатор муҳим баёнотлар билан чиққан.

Аммо таҳлилчиларга кўра, ғарбпараст сиёсатчи сифатида кўрилган Сафоевнинг янги ҳукуматда қанчалик таъсирга эга бўлиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бош вазир Абдулла Арипов дохил қатор зиддиятли собиқ мулозимларни ҳукуматга қайтариши унинг ўзи эълон қилган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг қанчалик чуқур бўлиши борасида саволларни пайдо қилган.

Шу ҳафта бошида собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг коррупцияга қарши кураш бўйича янги ташкил этилган идоралараро комиссия раиси этиб тайинлангани хабар қилинган.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён фуқаролар билан виртуал мулоқотни йўлга қўйган ва ҳокимларни халққа ҳисоб беришга мажбурлашини айтган.

У тадбиркорлик фаолиятига аралашувни чекловчи ва коррупцияга қарши қонунлар ташаббускори бўлган.

Сешанба куни Президент 179 кишини Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда совет давридан буён амал қилаётган чиқиш визаси ва Тошкент пропискаси каби фуқароларнинг конституциявий ҳақларини чекловчи тартиблар бекор қилинмас экан, сиёсий ислоҳотлар ҳақида гапириб бўлмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг