Бош вазир виртуал қабулхонаси президентга ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Бош вазир виртуал қабулхонаси президентга ўтди

Ислом Каримов ўлимидан кейин унинг вориси, Бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан ташкил қилинган виртуал қабулхона яна ташаббускорига қайтган.

300 мингдан ортиқроқ аризалар йўлланган Бош вазир виртуал қабулхонасини яна Шавкат Мирзиёев назорат қилади.

Хабарларга кўра, эндиликда виртуал қабулхонага яна бир ном берилган.

Бу ном эса қабулхонанинг интернет адресидан пайдо бўлгани айтилмоқда.

"Президентга мурожаат" аслида интернет адреснинг биринчи бўлими - PM ҳарфларига боғлиқ бўлиб, тўлиқ манзил pm.gov.uz деб кўрсатилган.

Виртуал қабулхона ташкил қилинганидан бери уч ой ўтар экан, Тошкентдаги журналистлардан бирига кўра, гарчанд "тепага" арз қилганидан кейин иши битганларни учратиш осон бўлмаса ҳам, айни мавзу хал орасида ҳазилга айланиб улгурди.

"Автобус кечикса, дорихонада керакли дори топилмаса, бозорда нархга тортишиб турсангиз ва ё бошқа ҳолатларда кимдир, албатта шу виртуални гапириб қолади. Виртуалга бервораман, виртуалга ёзвораман, деган ҳазилнамо луқма ташлаб қўяди", дейди журналист.

Халқ билан...виртуал мулоқот йилими?

Президент Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси, 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили", деб эълон қилиши Ўзбекистондаги катта-кичик раҳбарларни анча "жонлантириб" қўйган.

Яқинда Ўзбекистон ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев ҳам ўзининг виртуал қабулхонасини очган.

"Қабулхоналарни виртуаллаштириш йўли "халқ билан мулоқот" деган баландпарвоз ваъдага мос тушмайди. Қаранг, ҳар бир вилоят, туман ҳокими энди мана шунақа виртуал қабулхона билан ўзини яна ҳам иҳоталаб олиши мумкин. Тирик ва жонлик мулоқот, халқ орасида кириб боришдан қочадиган раҳбарлар учун бу виртуаллик-айни муддао", дейди тошкентлик журналист.

"Виртуал қабулхона ҳал этаётган ҳар бир иш ҳақида ҳисобот берилиши керак. Милициянинг зўравонлигидан аризалар тушдими? Чиқинг, виртуалми, рақамлими ва ё жонлими, халққа айтинг! Нафақат аризалар сонини, балки қанчасини ҳал қилганингизни, қанча зўравон ё порахўр милицияни ишдан олганингиз, маҳкамага тортганинингизни кўрсатинг".

Виртуал қабулхоналар орасида энг машҳури Шавкат Мирзиёевга тегишли экани сир эмас, сўнгги маълумотларга кўра, аризалар сони соат сайин кўпайиб бормоқда.

Президент Мирзиёев виртуал қабулхонасини "қайтариб" олар экан, Бош вазир Абдулла Арипов ҳам ўзига янги қабулхона очиш-очмаслиги эса номаълум.

Қонунийми ёки?..

Президентнинг виртуал қабулхонаси веб саҳифасидаги эълонда "ҳал этилмаган масалалар/муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар" бўйича, тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига 3 хил усулда етказиш мумкинлиги ҳақида ёзилган.

"Мурожаатингизни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига 3 хил усулда: қўнғироқ қилиш, мурожаат юбориш ёки O'zLiDeP ҳудудий партия ташкилотларига ташриф буюриш орқали юборишингиз мумкин. мурожаат юбориш ёки O'zLiDeP ҳудудий партия ташкилотларига ташриф буюриш орқали юборишингиз мумкин", дейилади.

Аммо Ўзбекистон қонституцияси бўйича президент ҳеч бир партиянинг аъзоси бўлолмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.