'Одамлар Мирзиёевнинг Каримовдан фарқли раҳбар бўлишини исташади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz
Image caption Шавкат Мирзиёев

Британия Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти эълон қилган ислоҳотлар кун тартибини дастаклаган илк ғарб давлати бўлган.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дункан ўтган ҳафта Ўзбекистонга ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастури мамлакатдаги сармоя муҳитини сезиларли даражада ўзгартиради, деб ишонишларини айтган.

У қўшнилар билан алоқаларни яхшилаш ҳамда валюта сиёсатини ўзгартириш сари қўйилган қадамларни "жуда ҳам ижобий" дея баҳолаган.

Айни пайтда ғарблик айрим таҳлилчилар Мирзиёевнинг ислоҳотлари ижтимоий-иқтисодий соҳа билан чекланади, деган фикрда.

Хўш, Мирзиёев ўзи эълон қилган ислоҳотларда қанчалик илгари кета олади?

Би-би-си Ўзбекистондаги президент сайловларини ёритган Олма-Отадаги британиялик журналист Жоанна Лиллис билан суҳбатлашган.

Жоанна Лиллис: Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни бошлаши ҳақида қатор муҳим баёнотларни берди. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий соҳада. У Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг, вақтинча Президент вазифасини бажариб турган пайтдаёқ, қатор қадамларни қўйди. Янги Президент ишора қилган энг муҳим ислоҳотлардан бири пул сиёсати ҳақида эди. Мирзиёев хориж валютасининг "қора бозор"идан қутулиш ниятида эканига ишора қилди. Биласиз, "қора бозор" Ўзбекистон иқтисодиётининг энг ноқулай ва энг хунук жиҳатларидан биттаси. Ҳукумат ҳозиргача "қора бозор"нинг мавжудлигини тан олмай келарди. Аммо Мирзиёев янги йилда ҳукумат ўзбек сўмини сунъий дастаклашга чек қўйиши ва милий валютанинг эркин оқишига қўйиб бериши ҳақидаги фармонни имзолади. Бу расмий ва бозор курсининг бирлашиши ва амалда "қора бозор"нинг йўқолишини англатади. Бу жуда муҳим. Бундан ташқари, Мирзиёев коррупцияга қарши курашиши ва хусусий секторни дастаклашини айтди. Ўзбекистон иқтисоди, биласиз, жуда ҳам марказлашган ва совет давридан буён катта қисми ислоҳ қилинмаган бир иқтисоддир. Ундаги жуда кўп сегментлар давлат томонидан назорат қилинади. Каримов даврида қабул қилинган хусусийлаштириш дастури амалга ошириладиган ва шунингдек, янги йилдан Британия дохил қатор давлатларга виза бекор қилиниши кутилмоқда. Шу маънода, ҳа, ислоҳотлар кун тартиби мавжуд, аммо ҳозирча бу бир гап, холос. Амалда жараён анча секин кечади, деб ўйлайман ва ислоҳотларнинг натижасини вақт кўрсатади.

Би-би-си: Мирзиёев бир томондан ислоҳотлар ҳақида гапираяпти, иккинчи томондан эса, Каримов даврида ҳайдалган амалдорларни ҳукуматга олиб келаяпти. Ҳукумат таркибидаги ўзгаришларни қандай баҳолаган бўлардингиз?

Жоанна Лиллис: Ҳақиқатан ҳам. Мирзиёев ҳокимият коридорларига янги ҳаво олиб кириши ҳақида кўп гапирилаяпти, аммо унинг ҳукуматга тайинлаган одамлари эски одамлар. Жумладан, Бош вазир Абдулла Арипов телеком тизимидаги коррупция можароси туфайли ҳукуматдан ҳайдалганди. Арипов йиллар давомида раҳбарлик қилган соҳа коррупция гуллаб-яшнаган ва марҳум президентнинг қизи Гулнора Каримова пора олгани иддао қилинган бир соҳадир. Бир томондан коррупцияга қарши кураш ҳақида гапириб, иккинчи томондан корупцияга ботган соҳа раҳбарларини ҳукуматдаги бош лавозимларга тайинлаш бир-бирига унчалик ҳам тўғри келмайди. Биз ҳукуматда янги юзларни, жумладан, ёшлар, айниқса, хусусий секторда тажрибага эга бўлган ёш кадрларни кўрмаяпмиз. Яъни бу маънода янги ҳукуматни ислоҳотларчилар ҳукумати деб айтиб бўлмайди. Аммо агар Мирзиёев ҳақиқатан ҳам ислоҳотларга киришса, бу эски мулозимлар ислоҳотларни амалга оширолмайди, деб ҳам бўлмайди. Менимча, амалга ошира олади.

Би-би-си: Сизнингча, Мирзиёевнинг қўлида қанчалик ҳокимият бор? У қарор қабул қилишда қудратли СНБ раҳбари Иноятовдан қанчалик мустақил деб айта оламиз?

Жоанна Лиллис: Шавкат Мирзиёевнинг шахсан қанчалик қудратга эга экани, менимча, катта савол. Шубҳасиз, Мирзиёевни ҳокимиятга олиб келган нарса, бу -Ўзбекистондаги қудратли элиталар ўртасидаги муросадир. Уларнинг ичила биринчиси ва энг қудратлиси, албатта, Миллий Хавфсизлик Хизмати. Мирзиёевни Иноятов ҳокимиятга олиб келганига ҳеч шубҳа йўқ. Албатта, бошқа гуруҳлар ва ўйинчилар ҳам бор.Бу маънода Мирзиёев маневр қилишига имкон бор. Лекин назаримда Президент бу гуруҳларнинг биронтаси билан ҳам келишмасдан ислоҳотларни эълон қилолмайди. Менимча Мирзиёевнинг нимага қодирлигини кўришда, валюта қора бозорининг йўқолиб-йўқолмаслиги муҳим бир ишора бўлади. Чунки бу қора бозордан ҳамиша ҳукуматга яқин, агар бевосита ҳукуматнинг ичида бўлмаса, қудратли доиралар фойда кўриб келган. Аммо ҳозирда шубҳасиз, Мирзиёев қарорларни консенсус асосида қабул қилаяпти, деб ўйлайман.

Би-би-си: Куч тизимларида ўзгаришларни кутишимиз мумкинми?

Жоанна Лиллис: Албатта, мумкин. Аммо Ўзбекистондаги каби кадрлар ўзгариши ҳақида олдиндан эълон қилинмайдиган бир мамлакатда кимнинг кетиб, кимнинг қолишини башорат қилиш қийин. Мирзиёев ўзининг инаугурацион нутқида ҳукумат таркибида жиддий ўзгаришлар бўлишини айтди, аммо куч тизимлари ҳақида гапиргани йўқ. Ўзгаришлар, менимча бўлади. Лекин дарҳол эмас ва унчалик йирик миқёсда ҳам бўлиши кутилмайди. Чунки бир томондан, Мирзиёев ҳокимиятни ўз қўлида жамлаши керак, иккинчи томондан эса, жуда ҳам қудратли одамларни хафа қилиб қўймаслиги керак. менимча, куч тизимларидаг ўзгаришлар аста-секинлик билан юз беради.

Би-би-си: Мирзиёев Сенат раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлаган собиқ ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев сўнгги пайтларда сиёсий модернизация ҳақида қатор баёнотларни берди. Сизнингча, Мирзиёев сиёсий соҳада жиддий ислоҳотларни ўтказишга тайёрми?

Жоанна Лиллис: Бу жуда қизиқ савол. Мирзиёев ҳам, атрофидагилар ҳам сиёсий ислоҳотлар ҳақида баъзи баёнотларни беришяпти. Сафоев шулардан биттаси. Аммо назаримда сиёсий ислоҳотлар жуда секин ва узоқ вақтга чўзиладиган жараён бўлади. Чунки мен Ўзбекистондаги сайловларда қатнашдим. Мирзиёевнинг қандай сайланганини ўз кўзим билан кўрдим. Сайловлар Каримов даврида қандай ўтган бўлса, шундай ўтди. Жаноб Мирзиёев салкам 90 фоиз овоз билан сайланди. Ўзбекистонда мухолифат йўқ. Агар ислоҳотлар учун сиёсий ирода мавжуд бўлганида, сайловлар сал бошқачароқ, очиқроқ ўтиши керак эди. Ўзбекистонда токи сиёсий мухолифатга йўл берилмас экан, матбуотга эркинлик берилмас экан ва совет даври қолдиғи бўлган ОВИР визаси бекор қилинмас экан, демократик ислоҳотлар ҳақида гапириш қийин.

Би-би-си: Шавкат Мирзиёевнинг бошқарув услуби ҳақида нима дея оласиз? Сизнингча, у Ислом Каримовдан қанчалик фарқли?

Жоанна Лиллис: Шубҳасиз, Мирзиёев ўзини янги авлод вакили сифатида тақдим қилишга уринаяпти. У Каримовдан қарийб 20 ёш кичик. Ўзбекистоннинг иккинчи президенти сифатида у фарқли бир бошқарув усули, очиқлик, халққа яқинликни намойиш қилишга тиришаяпти. Виртуал қабулхоналар очди, фуқарларнинг шикоятларига қулоқ солаяпти, ҳокимлардан ҳисоб сўраяпти ва ҳоказо... У нисбатан қисқа вақт ичида халқнинг орасида анча обрў қозонди. Мен президент сайловлари вақтида кўплаб оддий одамлар билани гаплашдим. Уларнинг аксарияти Мирзиёевдан мамнун. Албатта, уларнинг кўпчилиги давлат матбуотининг ташвиқотлари таъсири остидалар. Аммо одамлар Мирзиёевни ишчан, ўз сўзининг устидан чиқадиган бир раҳбар сифатида танишади. Шунинг учун ҳам Мирзиёев Ўзбекистонни ўзгартиради, деб ишонишаяпти. Лекин ҳеч ким Мирзиёевдан демократик ўзгаришлар тўлқинини кутаётгани йўқ, албатта. Одамлар Мирзиёев прагматик бир раҳбар сифатида халқнинг ҳаётини яхшилайди, чегараларни очади, ҳаётни осонлаштиради, халқни камроқ эзади ва шу йўл билан ўзидан Каримовникидан фарқли бир мерос қолдиради, деб умид қилишаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар