Ўзбек миниатюра санъати Москвани ҳам забт этмоқда​

Image caption "Мана солиқдан озод қилинганмиз", дейди яна бир миниатюрачи уста Расул Ҳалимов.

Москвада бўлиб ўтган "Россия халқ ҳунармандчилик буюмлари" ярмаркасида ўзбекистонлик усталар ҳам ўз амалий санъатлари намуналарини намойиш этишди.

Ўзбекистонлик усталар қўлидан чиққан ўйма лаган ва металл ашёлар, Шарқ дурдона асарлари асосида ипак қоғоз, турли ҳажм ва шаклдаги ёғоч қутичалар сиртига солинган тасвирлар, жанг санъати, ов манзаралари акс этган буюмлар Москвада ҳам ўз харидорларини топаётганини кузатиш мумкин бўлди.

"Бу каби асарларни Бухорода ҳам кўпроқ Европалик сайёҳлар сотиб олишади", дейди ўзбекистонлик миниатюрачи рассом Феруз Темуров. "Чунки, қўл меҳнати у томонларга кўпроқ қадрланади... Ўзбекистонда ҳам қадрланади, аммо иши қийин бўлгани учун нархи ҳам ўшанга яраша бўлади. Шунинг учун, ўзимизда уларни сотиб олувчилар камроқ".

Собиқ Шўро даврида миниатюра санъати қарийб йўқолиб кетиш даражасида бўлгани, мустақиллик даврида эса мазкур санъат ҳам "ўзликка қайтиш, азалий қадриятларни" тиклаш шиори остида қайта ривож топгани, миниатюрачи рассомлар доираси кенгайиб бораётгани ҳақида гапирилади.

"Эски шаҳарга борганингизда саноқлигина 2-3 нафар одам бу иш билан шуғулланарди... тушунишмаган бу нарсани... Ҳозир оддий бир Бухоронинг эски шаҳар қисмига ўтсангиз, ҳар 50 метрда бўлса керак. Нафақат миниатюрачилик, балки... ҳунармандчилик ўзи ривожланяпти. Мана солиқдан озод қилинганмиз", дейди яна бир миниатюрачи уста Расул Ҳалимов.

Суҳбатдошлар миниатюра Ўзбекистон тарихий-маданий бойлигининг бир қисми эканлиги, ушбу санъат турини сақлаб қолиш ҳамда авлодларга етказиш муҳим эканини урғулайдилар.

Image caption Суҳбатдошлар миниатюра Ўзбекистон тарихий-маданий бойлигининг бир қисми эканлиги таъкидлашади

"Биз ўз аждодларимизнинг буюклиги билан фахрланамиз. Келажак авлод ўз тарихини билиши ва Темур, Улуғбек ва Ибн Сино каби инсонлар бугун ҳам туғилиши мумкинлигини англаши муҳим", дейди ўзбекистонлик миниатюрачи рассом Феруз Темуров.

Суҳбатни тўла BBCUZBEK нинг YouTube каналида томоша қила оласиз.

Ҳунармандчилик кўргазмаси

Тарихдан биринчи Бутунроссия ҳунармандчилик кўргазмаси 1902 йилда бўлиб ўтгани маълум. У пайтлар кўргазмалар бу қадар дабдабали бўлмагани аниқ.

Кўргазма Маданият вазирлиги дохил Туризм бўйича федерал агентлик, Россия савдо-саноат палатаси ёрдамида ўтказилади.

Халқ ҳунармандлари эса, кўргазма ташкилотчилари даъво қилишича, бутун дунёдан ўзларининг энг яхши маҳсулотларини олиб келишади.

Улар орасида Россиянинг турфа минтақаларида ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик ва тўқимачилик намуналарини кўриш мумкин.

Деярли барча маҳсулотлар кўзни қамаштирадиган даражада гўзал.

Бу гўзаллик ортида эса замонавий компютер чизмалари эмас, балки уста санъаткорларнинг қўл меҳнати турганини сезиш қийин эмас.

Бу ҳақдаги лавҳамиз BBCUZBEK нинг YouTube каналида

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар