Қирғиз Президенти Ўзбекистонга сафарини бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Қирғизистон Президенти матбуот хизмати

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистонга сафарини бошлади.

Қирғизистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар қилишича, жаноб Атамбаев янги Президент Мирзиёев билан учрашган ва Самарқандда марҳум Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган.

Бу Қирғизистон Президентининг ўтган 8 йил асносида Ўзбекистонга илк расмий сафаридир.

Президент Атамбаевнинг ташрифи 2010 йил Қирғизистонда юз берган этник хунрезликлар ҳамда чегара можаролари ортидан икки ўртада юзага келган совуқчиликнинг илиётгани аломати сифатида талқин топмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Қирғизистон Президенти матбуот хизмати
Image caption Атамбаев Каримов қабрига гул қўйган

Қирғиз расмийлари давлат раҳбари Ўзбекистон янги Президенти Шавкат Мирзиёев билан "кун тартибидаги барча мавжуд муаммоларни"ни муҳокама қилиши ҳақида хабар беришди.

"... Бундан олдин Қирғиз президентларининг Ўзбекистондаг иш сафарлари фақат халқаро тадбирлар, жумладан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, МДҲ ва бошқа минтақавий гуруҳлар йиғинлари доирасида кечган", деб айтган жаноб Атамбаевнинг матбуот котиби Сапар Исаков.

Айни пайтда Атамбаев Мирзиёев Президент этиб сайланганидан буён Ўзбекистонга ташриф буюрган илк хорижий давлат раҳбари ҳамдир.

Ислом Каримов вафотидан буён ўнлаб давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг биринчи президентига ҳурмат бажо келтириш учун Самарқандга ташриф буюрган ва музокаралар ҳам Самарқандда кечган.

Атамбаев Ислом Каримовнинг дафн маросимида қатнашмаганди.

Муаммоли муносабатлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Қирғизистон Президенти матбуот хизмати
Image caption Қабр бошида

Каримов даврида Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан муносабатлари муаммоли бўлиб келган.

Бунга Бишкекнинг сув-энергетика лойиҳалари ва чегарадаги баҳсли ҳудудлар сабаб бўлган.

Мирзиёев ўзбек-қирғиз чегарасидаги Ўнғортепа баҳсли ҳудудидаги зиддиятни ечган ва Қирғизистон билан чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёнини тезлаштирган.

Ўзбекистоннинг янги Президенти қўшнилар билан алоқаларни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши деб эълон қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар