Мирзиёев Навоий вилоятига ҳоким тайинлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига янги ҳоким тайинлаган.

Қобул Турсунов ўтган ҳафта Сурхондарё вилоятига ҳоким қилиб тайинланган Эркин Турдимовнинг ўрнини эгаллайди.

Турсунов бунга қадар Нурота туман ҳокими ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Бу Шавкат Мирзиёев Президент сифатида қасамёд қилганидан буён ўтган 11 кун ичида ижро ҳокимиятида юз берган олтинчи кадрлар ротациясидир.

Якшанба куни Навоий вилоят кенгаши депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида гапирган Президент вилоятда "жиддий эътибор талаб қилувчи қатор долзарб муаммолар" борлигини таъкидлаган.

Мирзиёев вилоят ҳокимларини ишдан четлатишда Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келган ариза ва шикоятларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликларни асосий сабаб қилиб келтирган.

Шу ҳафта Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси Президент виртуал қабулхонасига айлантирилгани маълум қилинган.

Виртуал қабулхонага қилинган мурожаатлар сони 300 мингдан ошиб кетган.

Президент 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилган.

Янги йилдан бошлаб вилоят ва туман ҳокимлари жамоатчилик олдида ҳисоб бериши айтилган.

Мирзиёев Конституция куни муносабати билан қилган нутқида келажакда ҳокимлар умумхалқ овоз бериши йўли билан сайланиши мумкинлигини айтган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, Мирзиёевнинг ҳозиргача кўрилган ҳокимларни алмаштириш усули марҳум президент Каримов давридагидан фарқ қилмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг