Россия қиши мигрантлар учун 'бахтсизлик'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Sohiba Hayitboeva
Image caption Москвадаги Качалов бозорида юз берган ёнғинда нобуд бўлганлар ҳам мигрантлар эди

Қиш мавсуми Россиядаги кўплаб меҳнат муҳожирлари учун осон кечмайди.

Ҳар йили ушбу мавсумда мигрантлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони ортиши ҳақида гапирилади.

Гарчи бу борада расмий статистик маълумотлар берилмаса-да, Россия матбуотида кунора марказий осиёлик мигрантнинг бахтсиз ҳодиса туфайли ё нобуд бўлгани ё-да, жароҳатлангани ҳақидаги хабарларни кузатиш мумкин.

Россияда қиш совуғи ноябрдан бошланади. Матбуотда бериладиган хабарларда об-ҳавонинг совиб кетиши ҳамда қалин тушган қор кўнгилсизликларга асосий сабаб сифатида кўрсатилади.

Тириклай ёнган мигрантлар

Тюмень парранда фабрикаси қурилиши ўз ишчиларига яшаш учун вагон уйлардан жой қилиб берган. Кунлар совиб кетгач, иситиш тизимларининг йўқлиги сабабли мигрантлар қўлбола печлардан фойдаланишга мажбур бўлишган.

19 ноябр куни тунги соат 1:00 ларда ушбу вагон "уй"лардан бирида ёнғин келиб чиққани ва 7 нафар ишчи мигрант тириклай ёниб кетгани хабар қилинди.

Краснодар ўлкасида эса 8 декабр куни тонгга яқин 5 нафар муҳожирнинг худди шунга ўхшаш вагон "уй"да ҳаётдан кўз юмгани айтилди.

Ўлка тергов суриштирув қўмитасининг матбуотга маълум қилишича, қурбон бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари бўлишган.

Бу каби мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.

Баландликдан йиқилганлар

Қалин қор, юзани муз қоплаши ва сирпанчиқлар ҳам меҳнат муҳожирлари бевақт ўлимига сабаб бўлади. Санкт-Петербургнинг ўзида сўнгги ойлар 20 дан ортиқ бахтсиз ҳодисалар маълум қилинган.

Бир меҳнат муҳожири "Октябрская набережная" кўчасида қурилаётган бинонинг 20-қаватидан тушиб кетган ва олган тан жароҳатлари оқибатида шу заҳоти жон берган. Ўзбекистонлик муҳожир 55 ёшда бўлган.

"Всеволожский" районидаги қурилишлардан бирида ишлайдиган 28 ёшли меҳнат муҳожири эса 21-қаватидан пастга йиқилган.

У вақтинчалик ишлатилаётган лифт шахтасига сирпаниб 8-қаватгача қулаган ва воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

"Крестовский остров" ҳудудидаги стадион қурилиши биносида ишлаётган ўзбекистонлик ишчи баландликдан йиқилиб, жиддий тан жароҳатлари олган.

"Федор Абрамов" кўчасидаги қурилишда 21 ёшли меҳнат муҳожири 3-қаватдан тушиб кетиб бош ва умуртқасига шикаст етгани хабар қилинди.

"Калинин" туманида шундай бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган меҳнат муҳожирининг ёши эса 22 да бўлган.

Екатеринбургдаги қурилишларнинг бирида 2 нафар ўзбекистонлик муҳожир 17-қаватдан йиқилган. Уларнинг бири воқеа жойида, иккинчиси эса касалхонада дунёдан кўз юмган.

Новгородда эса, 12 декабрь куни 37 ёшли ўзбек ишчисининг устига бетон тушиб кетиб воқеа жойида жон берган.

Газдан заҳарланиш ва автоҳалокатлар

19 декабр куни Ставропол ўлкаси Лермонтов шаҳрида 2 нафар ўзбекистонлик газдан заҳарланиб вафот этишди. Исиниш учун табиий газ мосламасидан фойдаланган муҳожирлар уйқу чоғида оламдан кўз юмган.

Меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг катта қисмини автоҳалокатлар ташкил қилади. Бу йилги қиш мавсумининг энг катта йирик йўл транспорт ҳодисаларининг бири Ханти-Мансийский округида юз берди.

Унда 12 нафар киши қурбон бўлган, 22 киши жароҳатланган. Йўловчиар орасида ўзбекистонлик муҳожирлар бўлган.

Шунингдек, меҳнат муҳожирларини Украина ва Қозоғистон чегараларига ташувчи транспорт воситаларида йўл-транспорт ҳодисалари кўп қайд этилиши кузатилади.

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси расмий сайти маълумотларига кўра, юқорида келтирилган ҳар бир ҳолат юзасидан РФ Тергов қўмитаси ҳудудий бошқармалари томонидан жиноий ишлар қўзғатилган ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бу каби бахтсиз ҳодисалар қиш мавсумида меҳнат муҳожирларининг ватанга қайтишлари сабабларидан бири сифатида кўрилади.

Шунга қарамай, бу йилги мавсумда муҳожирлар сони камаймагани, аксинча, ортгани айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар