Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Душанбеда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Press office of Tajik president
Image caption Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Душанбеда

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги йирик ҳайъат Душанбега етиб борган ва бугун икки давлат ўртасидаги қўшма комиссия ўз ишини бошлаган.

Охирги 20 йилдан ортиқроқ вақт асносида Ўзбекистондан Тожикистонга илк бор бу каби йирик ҳайъат ташриф буюрмоқда. Ҳайъат таркибида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўринбосарлари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тизимига кирувчи ташкилотлар расмийлари, Давлат Божхона Хизмати раиси мовуни ва бошқалар борлиги хабар қилинади.

Душанбедаги Би-би-си манбаси иккитомонлама учрашувлар кун тартибидаги асосий масалалар савдо-иқтисодий, маданий соҳалар, божхона тизимлари орасида ҳамкорлик, темир йўллар ва автотранспорт йўллари қатновини йўлга қўйиш эканини айтади.

Маълумки, Ўзбекистон пойтахтини Фарғона водийси билан боғлайдиган темир йўллар ва автотранспорт йўлларида қатнов 1990 йиллар бошларидан бери деярли тўхтатиб қўйилганди.

Тожикистон транспорт вазири Шерали Ганжалзоданинг матбуотга билдиришича, бу борада тайёрланган махсус лойиҳа ҳам кўриб чиқилади.

Аввалроқ, Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновларни қайта йўлга қўйиш тўғрисидаги Протокол имзолангани ва биринчи парвоз 2017 йил январидан бошланиши ҳақида хабар қилинганди.

Бугун бошланган йиғин жараёнида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2000 йил жорий қилинган виза тартибини енгиллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилиши кутилади.

Рустам Азимовни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қабул қилган.

Тожикистон раҳбари икки мамлакат ўртасида ҳаво парвозларининг йўлга қўйилаётганини олқишлашини урғулар экан: "Бизнинг мамлакатимиз икки давлат ўртасидаги темир йўл алоқаларини қайта тиклаш, темир йўл орқали юк ташиш тарифларини арзонлаштириш, электр энергияси импорт-экспортини яна йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва виза тизимини бекор қилиш, соддалаштириш ҳамда чегарага оид масалалар ҳал этилишини истайди", деб айтган.

Президент Раҳмон яна бир бор Шавкат Мирзиёевнинг сайловдаги ғалабаси билан табриклаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар