Ўзбекистон ва Тожикистон иқтисодий ҳамкорликка бел боғлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Avesta
Image caption Икки томон 2017 йилда Тошкентда айни мажлисни ўтказишга ҳам келишганлар

Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистоннинг савдо ва иқтисодий ҳамкорликлар бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг икки-кунлик мажлиси ниҳоясига етди.

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов ва унинг тожик ҳамкасби Давлатали Саид, хусусан, иқтисодий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олганлари айтилади.

Тожик матбуотига кўра, жумладан, Ўзбекистоннинг "SHAMS" корхонаси раҳбари Шамсиддин Қосимов "Насожии тожик" ва "Ширин" корхоналарига бориб, хом ашё етиштириб беришга келишган.

Ундан ташқари, Ўзбекистонда ўтадиган ярмаркаларда тожикистонлик экспортёрларга қўллаб-қувватлов кўрсатилиши ваъда қилинган.

Икки томон 2017 йилда Тошкентда айни мажлисни ўтказишга ҳам келишганлар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш 2000 йилда 1 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган. Аммо, охирги йилларда бу кўрсаткич кескин камайгани айтилади.

Ўтган октябрь ойида Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан бўлган 30 нафар тадбиркор Тожикистоннинг Сўғд вилоятига сафар қилганлар.

Икки кун давомида тадбиркорлар Хўжанд ва Исфара шаҳарларидаги саноат корхоналарини бориб кўргандилар.

Ўзбекистон пойтахтини Фарғона водийси билан боғлайдиган темир йўллар ва автотранспорт йўлларида қатнов 1990 йиллар бошларидан бери деярли тўхтатиб қўйилганди.

Тожикистон транспорт вазири Шерали Ганжалзоданинг аввалроқ матбуотга билдиришича, бу борада тайёрланган махсус лойиҳа ҳам кўриб чиқилиши кутилган.

Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновларни қайта йўлга қўйиш тўғрисидаги Протокол имзолангани ва биринчи парвоз 2017 йил январидан бошланиши ҳақида хабар қилинган.

Мажлисда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2000 йил жорий қилинган виза тартибини енгиллаштириш ёки бекор қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши кутилганди, аммо бу музокаралар натижаси борасида маълумот берилганича йўқ.

Охирги 20 йилдан ортиқроқ вақт асносида Ўзбекистондан Тожикистонга илк бор бу каби йирик ҳайъат ташриф буюрмоқда. Ҳайъат таркибида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўринбосарлари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тизимига кирувчи ташкилотлар расмийлари, Давлат Божхона Хизмати раиси муовини ва бошқалар бўлган.

Рустам Азимов бошчилигидаги делегацияни қабул қилган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўз ўзбек ҳамкасби Шавкат Мирзиёевни Тожикистонга расмий сафар билан ташриф буюришга таклиф қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар