Ўзбек суперқаҳрамони - Тарвузмен

Фото муаллифлик ҳуқуқи darakchi.uz
Image caption Тарвузмен томошанинг асосий қаҳрамони бўлиб, у қувноқ, жасур ва кучлидир

Спайдермен, Супермен, Бэтменлар бир четга туришсин - Ўзбекистон ўзининг қаҳрамони "Тарвузменни" тақдим этади.

Даракчи сайтининг ёзишича, Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри жамоаси Янги йил арафасида болаларга Тарвузменни тантанали таништирмоқда.

Тарвузмен "Катта театрда суперқаҳрамонлар" номли мусиқий эртакнинг бош қаҳрамонидир.

Болалар катта арча остида жойлашган ва мева, сабзавотларнинг баҳайбат тасвири акс этган ноодатий декорация билан безатилган "Арча-сити"нинг сеҳрли атмосферасига ғарқ бўлишади, дейилади хабарда.

Сайт ёзишича, Тарвузмен томошанинг асосий қаҳрамони бўлиб, у қувноқ, жасур ва кучли.

"Tарвузмен катта арча остидаги шаҳарни ёвуз қаҳрамонлар Бақлажон ва Робот ўтинчилардан ҳимоя қилади. Шунингдек, болажонлар Тандир-ботир ва албатта Қорбобони ҳам кўришади," - дейилади хабарда.

Томошани режиссёр Руслан Шерезданов саҳналаштирган.

"Мусиқий эртакни саҳналаштиришдан мақсад дўстларсиз муаммоларни ҳал қилиб бўлмаслиги ва ҳатто махсус костюмлар киймасдан ҳам қаҳрамон бўлиш мумкин, деган ғояни илгари суриш эди. Менинг эртагим болаларга шуни ўргатади. Спетаклда роль ижро этган ҳар бир актёр ўз вазифасини аъло даражада уддалади", - деди спектакл муаллифи Шерезданов.

"Мамлакатимизда комикслар мавзуси унчалик оммабоп эмас, бироқ Бэтмен, Супермен, Ўргимчак-одам, Халк каби суперқаҳрамонлар ҳақида ҳамма билади. Мен ҳам бошқаларга ўхшамайдиган, ўзимизнинг суперқаҳрамонимизни яратишга қарор қилдим. Тарвузмен ғояси шу тарзда туғилди", - дея қўшимча қилди муаллиф.

Ўзбекистон санъати ва шоу-бизнеси маърифат ва маънавият пешволари бўлмиш давлат идоралари томонидан назорат қилиниб келади.

Мақсад, одатда, ёшларни глобал, хусусан Ғарб урф-одатлари ва рамзларидан йироқлаштириб, миллий анъаналар қолипига солишдир.

Аммо, Тарвузмен дунё таниган суперқаҳрамонларнинг ўрнини қанчалик боса олишини вақт кўрсатади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар