Ўзбекистон: Куч тизимларида биринчи ўзгариш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ички ишлар вазирлиги

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат куч тизимларидаги биринчи ўзгаришни амалга оширган.

Абдусалом Азизов ички ишлар вазири этиб тайинланган.

Собиқ вазир Адҳамжон Аҳмадбоев Президентнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинлангани хабар қилинмоқда.

Абдусалом Азизов бунга қадар Жиззахт вилоят ички ишлар бошқармаси ва 2008-2009 йилларда ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлгани айтилади.

У 2006-2008 йилларда "Ўзнефтмаҳсулот" бош директори лавозимида ҳам ишлаган.

Абдусалом Азизов охирги уч йилда ички ишлар вазирлигига тайинланаётган учинчи раҳбардир.

Собиқ вазир Аҳмадбоев 2013 йилнинг декабрида Баҳодир Матлубовнинг ўрнини эгаллаганди.

Марҳум Ислом Каримов томонидан истеъфога чиқарилган генерал Матлубов ўтган ой Ички ишлар вазирлигига академиясига бошлиқ этиб тайинланган.

Куч тизимларига яқин деб ишониладиган Ўзметроном нашрига кўра, Абдусалом Азизов ўтмишда қудратли Ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг "одами".

Алматовнинг ўзи ўтган ой янги тузилган коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссия раиси этиб тайинлангани хабар қилинган.

Аммо ушбу комиссия ва унинг раҳбарияти борасида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Куч тизимларидаги илк ўзгариш Мирзиёев Президент этиб сайланганидан бир ой ўтиб юз бермоқда.

У ҳукуматдаги ижтимоий-иқтисодий соҳа раҳбарларини аллақачон алмаштириб бўлган.

Таҳлилчилар куч тизимларидаги ўзгаришларнинг аста-секинлик билан юз беришини башорат қилишганди.

Хусусан, мамлакатнинг қудратли хавфсизлик хизматлари - МХХ раиси Рустам Иноятовнинг тақдири кадрлар ўзгаришида муҳим бурилиш бўладиган.

69 ёшли Иноятов ҳокимият ўзгариши жараёнида муҳим рол ўйнаган ва ҳозир ҳам катта таъсирга эга, деб ишонилади.

У раҳбари бўлган МХХ Ўзбекистондаги инсон ҳақлари бузилишининг энг ёмон кўринишлари, мустақил журналистлар ва сиёсий мухолифларга қарши таъқиб, тазйиқ ва қийноқлар учун масъул, деб кўрилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар