Мирзиёев коррупцияга қарши кураш қонунини имзолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Шавкат Мирзиёев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунга имзо чеккан.

Қонун Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланганди.

Шу тариқа Мирзиёев давридаги қонунчиликнинг энг муҳим намуналаридан бири сифатида кўрилган коррупцияга қарши кураш ҳақидаги қонун расман кучга кирган ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси марҳум президент Ислом Каримов даврида таклиф этилган, аммо бошқа қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, "Ички ишлар идоралари тўғрисида"ги қонун сингари унинг қабул қилиниши ва ижроси кечиктириб келинаётганди.

Қонуннинг ҳукумат порталида эълон қилинган матнидан англашилишича, унда ҳам коррупцияга қарши превентив чоралар ва ҳам коррупция ҳолатлари учун жавобгарлик кўзда тутилган.

Превентив чоралар сифатида давлат мансабдорларини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш ёки бошқача айтганда, маъмурларнинг ойлик маошларини ошириш, манфаатлар тўқнашуви, жумладан, давлат амалдорларининг ишбилармонлик фаолияти билан шуғулланишига чек қўйиш, ҳокимият идораларининг очиқлигини таъминлаш ва коррупция ҳоллари ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоялаш каби чораларни санаб ўтиш мумкин.

Қонунда судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва коррупция учун жавобгарликнинг муқаррарлиги белгиланган.

Аммо қонунда коррупцияга қарши курашда матбуотнинг роли фақат давлат идоралари билан ҳамкорлик билан чекланган.

Ўз-ўзига қарши курашми?

Қонунда Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари "коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари" сифатида белгиланган.

Шунингдек, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг айнан шу комиссияга раҳбар этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Аммо на Алматов ва на юқорида номи зикр этилган идоралар коррупцияга қарши муросасиз курашлари билан танилмаган.

Таҳлилчиларга кўра, айнан коррупцияга қарши курашувчи идоралар Ўзбекистонда энг кўп коррупцияга ботқоғига ботган идоралар сифатида билинади.

Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупция ва порахўрликнинг урчигани айтилади.

Қонунда бу соҳаларнинг ўзини коррупциядан қандай тозалаш борасида ҳеч нарса дейилмаган.

Жаҳонда коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International ташкилотининг 2016 йил бошида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон 168 мамлакат орасида 153-ўринни эгаллаган.

Ташкилот 2014 йилда Ўзбекистон коррупция ботқоғидан чиқа олмаётганини айтган эди.

Transparency International экспертлари марҳум Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ҳукуматини коррупцияга қарши ҳеч қандай чора кўрмаётгани учун танқид қилиб келишган.

Ҳар йили Бош прокуратура порахўрлик ва коррупцияда айбланган ўнлаб мансабдор шахсларнинг жазога тортилгани ҳақидаги ҳисоботларни эълон қилиб келади, аммо таҳлилчиларга кўра, бу чораларни коррупцияга қарши кураш, деб аташ қийин.

Маошларнинг камлиги, бошқарувнинг шаффоф эмаслиги, мустақил суд тизими ҳамда эркин матбуотнинг йўқлиги мамлакатда коррупциянинг илдиз отишига сабаб бўлгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.