"Мулозаматингни қўй, пенсиямни қачон берасан?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Akhmedova
Image caption 2017 йил Ўзбекистонда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинди

"Би-би-сига айтаман" рукнимизда муштариймиздан олинган мактубнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ҳаш-паш дегунча 2017 йил ҳам кириб келди. Янги йил кирар-кирмас 'Халқ билан мулоқат" жадал суратлар билан бошланиб кетди.

Янги йилни барча ўзбеклар ўз яқинлари билан нишонлайди. Қанчалар ўзингни сиёсий мавзулардан тиймагин, барибир гап айланиб сиёсатга аралашиб кетади.

Ҳаётнинг қувонч ва ташвишлари ҳақида сухбат қуриб ўтиргандик, холам мана ижобий ўзгаришлар катта бўлаяпти, деб мақтаб қолдилар. Буни эшитган бир кам 80 ёшга кирган почча, "эээ тўхта, сен шошма, мен сенга бир нарсани айтиб берай…" деб, холанинг гапини оғзидан олдилар.

Почча қариб ҳассага таяниб қолган бўлсалар ҳам, руҳан анча тетик ва кўпни кўрган инсон, ўз хақларини қўймайдиганлардан.

"Хуллас пенсиям 2 хафта кечикканди, шартта виртуал қабулхонага телефон қилдим. Дардимни айтим. Шу билан тинчим кетди. Хар куни турли мулозимлар уйга қўнғироқ қила бошлашди. Доим бир ҳил гап - 'ота яхшимисиз, соғлиқлар жойидами… дода чарчамаяпсизми, бола-чақалар яхшими… деб безор қилишди. Уларга 'эээ, сер мулозаматингни қўй, масалани ҳал эт. Пенсиям қачон қўлимга тегади" деб сўрасам. 'Отахон, масалани тез кунда ижобий ҳал этамиз, сиз хавотир олманг"дан нарига ўтишмайди. Шундай қилиб орадан 10 кунча ўтди. Ариза берганимга ҳам тавба қилиб юбордим. Пулдан дарак йўқ. Ахири бир каттароқ мулозим қилиб, додажон, пулингиз тайёр, олиб кетсангиз бўлади деб, бир тупкани тагини айтди. Унга мен ҳасса таянган бўлсам, у еринга етиб бориш менга амримаҳол дедим. Унда яқинингиздаги филиалга жўнатамиз, унда яна 1-2 кун сабр қиласиз деди. Ва ниҳоят пулни олишга бордим. Бу ҳам анча машмаша бўлди. Олдин, миннатдорчилик хати ёздим, даъвойим йўқ, деб алоҳида ёзиб бердим. Хуллас, шу йўсинда ўтган ойнинг пенсиясини аранг қўлга киритдим. Қарабсан-ки, аллақачон, бу ойнинг пенсиясини бериш муддати келиб қолибди. Мана сенга ҳангома...," деб ўзлари ҳам кулиб юбордилар.

Бунга холам, барибир ўзлариникини қўймайдиган аёл, "йўқ, барибир ҳам яхши бўлаяпти, мана кеча зиёлилар билан учрашувда анча долзарб мавзулар ёритилди," деб ҳукуматни мақтай кетдилар.

Икки кун ўтар-ўтмас таълим соҳасида чиққан янги қарорлар хақидаги янгиликларга кўзим тушиб қолди.

Бориб ўқитувчи холамдан "суюнчи" олдим. "Холажон, ўзи мактабда эртадан-кечгача қолиб кетардингиз, энди "нагрузка" (иш соатингиз) яна ошибди. Уни устига-устак, ҳалиги пенсия жамғармасига авваллари 1 фоиз тўлардингиз, энди Худо хоҳласа, 8 фоиз тўларкансиз. Янги йилда янги "ижобий ўзгаришлар" муборак!," дедим.

Буни эшитгач, холам "эээ, нари тур-эээ, ўзи сен етишмай тургандинг, шундоқ ҳам бошим оғриб турганди сенсиз ҳам… яна шумхабар билан келасан. Нима қилсам экан, бу пулга ишлагандан кўра, ишдан бўшайми?" деб ўйланиб қолдилар.

Шундай қилсангиз яхши бўларди дедим.

Нега, дедилар.

Чунки, сиз ҳам янги йилда ёшларга янги иш-жой яратишга ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшган бўлардингиз, деб ҳазиллашдим.

"Одам ўлай деса, сен кулай дейсан-а… эээ, нари тур-эээ," деб жеркиб бердилар.

Хуллас, бу мулоқотнинг бошланиши…

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар