Мираброр Усмонов ўрнига Алишер Султонов келди

Мираброр Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи olympic.uz

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти таркиби янгиланган.

Мираброр Усмонов ўрнига қўмита президенти этиб "Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов сайланган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиаширкатининг раҳбари Валерий Тянь ва Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси раиси, зиддиятли ўзбек ишбилармони Салим Абдувалиев унинг янги муовинлари лавозимини эгаллашган.

Янги вице-президентлардан бири этиб яна Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоцияцияси раиси Умид Аҳмаджонов тайинланган.

Бундан аввал ҳам президент ўринбосарларидан бири бўлган Фарҳод Турдиев эса, ўз ишини яна давом этдирадиган бўлган.

gazeta.uz интернет нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби бўлган Ойбек Қосимов ҳам яна бир муддатга сайланган, ўз вазифасида қолган.

Мазкур интернет нашри хабаридан маълум бўлишича, раҳбарияти таркибидаги сўнгги ўзгаришлар Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош Ассамблеясининг бугун - 6 январь куни пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган ХХХ йиғини чоғида амалга оширилган.

Мамлакат спорт федерацияларидан 140 га яқин вакил ҳозир бўлган йиғинда шахсан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўзининг икки муовини: Адҳам Икромов ва Танзиля Норбоевалар билан бирга иштирок этгани айтилмоқда.

Мазкур хабарда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти таркибини янгилаш қарори сабаблари келтирилмаган.

Бош Ассамблея

Аммо, агар имконли бўлган маълумотларга таянилса, ҳар тўрт йилда бир маротаба, яъни навбатдаги Ёзги Олимпиада Ўйинларидан кейинги йил Бош Ассамблеянинг ҳисобот-сайлови бўлиб ўтади. Унда ижроий қўмитанинг ҳисоботи тингланади, раҳбарий органлар сайлови ўтказилади.

Агар, gazeta.uz нашрига таянилса, Тошкентдаги йиғин чоғида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг 2013-2016 йиллардаги фаолияти "қониқарли", деб топилган.

Иштирокчилар эса, мамлакат спорти ва Олимпия ҳаракати ривожига қўшган катта ҳиссаси учун ўз вазифасини топшираётган қўмита президенти Мираброр Усмоновга ўзларининг илиқ миннатдорчиликларини изҳор этишган.

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Ижроия қўмитасида ҳам ўзгаришлар юз берган.

Эндиликда Ижроия қўмита таркибининг 9 кишидан иборат бўлиши келишилган.

Бу 9 аъзонинг: Миллий Олимпия қўмитаси президенти Алишер Султанов, вице-президентлари Валерий Тян, Салим Абдувалиев, Фарҳод Турдиев, Умид Аҳмаджонов, Бош котиб Ойбек Касимов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазир ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори Эркин Искандаров, Ўзбекистон Теннис федерацияси Бош котиби Игорь Шепелев ва Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси раиси ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудовлар бўлишлари айтилган.

Мираброр Усмонов

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг амалдаги президенти Мираброр Усмонов Бош ассамблеянинг 2012 йил 29 декабр куни бўлиб ўтган мажлиси чоғида мамлакат Миллий Олимпия қўмитасининг раҳбари этиб сайланган.

Бу мажлисда ўша пайтда Ўзбекистон Бош вазири бўлган ҳозирда президент Шавкат Мирзиёев шахсан ўзининг иштирок этганлиги хабар берилганди.

Кузатувчилар ўшанда қўмита раҳбариятидаги янгиланишларни ҳозирда марҳум президент Ислом Каримовнинг ўзбекистонлик спортчиларнинг Лондон Ёзги Олимпиадасида қайд этган натижаларидан қониқмагани сабаби билан изоҳлашганди.

Ўзбекистонлик спортчиларнинг Лондондаги ютуқлари бир олтин ва иккита бронза медали билан чекланганди, холос.

Мираброр Усмонов орада кечган вақт давомида ҳар икки ташкилот президенти вазифасини ҳамоҳангликда бажариб келаётганди.

Айни ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг ўз тарихида Ёзги Ўйинларда қайд этган рекорд натижаси айнан Мираброр Усмонов бошқаруви даврига тўғри келади.

Ўзбекистон Олимпиада терма жамоаси 2016 йилги Рио Ёзги Олимпиадасида тарихий натижа қайд этган, жамоа ҳисобида жаъми 13 та медали билан Тошкентга қайтганди. Жамоа энг кўп олтин медаллари(4 та) ни ҳам айнан Риода қўлга киритганди.

Ўзбекистон боксчилари эса, ҳисобларидаги 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан илк бор умумжамоа ҳисобида Куба дохил қолган барча Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари иштирокчиларини ортда қолдиришган.

Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини ҳам) бокс спорт турида қўлга киритганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати имконли бўлган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президентлигини топширса-да, Мираброр Усмонов Ўзбекистон Футбол Федерациясидаги раҳбарлик лавозимини сақлаб қолади.

Тарихча ўрнида

Мираброр Усмонов 2006 йилдан буён Ўзбекистон Футбол Федерациясига раҳбарлик қилиб келади.

69 ёшли Мираброр Усмонов 1990 йилда Ўзбекистон Савдо вазири бўлган, мамлакат мустақиллигидан сўнг “Ўзбексавдо” компаниясини бошқарган.

У 1994 йилдан 2005 йилгача Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган, Ўзбекистон ҳукуматида савдо масалаларини бошқарган.

2005 йилда Ўзбекистонда икки палатали парламент жорий этилганидан буён Ўзбекистон Президенти тавсияси бўйича тайинланадиган сенаторлардан бири экани айтилади.

Мираброр Усмонов 2015 йилда янги асос солинган Марказий Осиё Футбол федерациясининг президенти этиб ҳам сайланган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасидан олишга муваффақ бўлган айрим маълумотларга кўра, Мираброр Усмонов мазкур ташкилотнинг "фахрий президенти" бўлиб қолган.

Расмий хабарларга кўра, Мираброр Усмонов фахрий президент сифатида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятига нафақат ўз маслаҳатлари билан ёрдам беради, балки Олимпия ҳаракатини молиялаштиришда ҳам бевосита иштирок этади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг