Нилуфар 'мамлакатдан чиқариб юборилади'

Нилуфар Мамасаидова Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Россия полицияси томонидан фарзанди олиб қўйилиб, ўзи қамаб қўйилган ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидова ҳалигача фарзанди билан кўриша олгани йўқ.

5 январь куни Нилуфар Мамасаидовага Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан тезкорлик билан шахсини тасдиқловчи маълумотнома тайёрланиб тақдим этилди.

Шу куннинг ўзидаёқ Мамасаидова ҳимоячиси ҳамроҳлигида болани олиш ёки кўришга рухсат беришлари учун пойтахт 1-юқумли касалликлар касалхонасига боришди.

Бош шифокор Евгений Власов ўзбек қизчанинг саломатлиги яхшилиги ва касалхона маъмуриятининг ўзи ҳам нима учун болани юқумли касалликлар шифохонасига келтирилганлигига ажабланишини билдирди. Шу билан бирга она ва болани кўришишига рухсат беришни ҳам рад этди.

-Манижа исмли 1 ёшли қизча полиция томонидан "қаровсиз бола" сифатида расмийлаштирилиб юборилган. Бола эндигина ўзига келди. Онаси билан кўришиш унинг соғлигига ёмон таъсир қилиши мумкин. Зарур хужжатларни олиб келгачгина, онани ичкарига киришига ёки олиб кетишига рухсат беришимиз мумкин, деди шифокор Власов.

Юрист Баҳром Исмаилов полиция ходимларининг қизчани "қаровсиз" дея расмийлаштирганлигини хужжатларни сохталаштириш, деб топди ва бу ҳолат юзасидан Кунцево туман прокуратурасига ариза билан мурожаат этди.

-Онаси билан бирга яшаган, хатто, Нилуфар полиция бўлимига борганида онасининг қўлида бўлган эмизикли қизча қандай қилиб "қаровсиз" бўлиши мумкин?! - дея изоҳлади юрист.

Прокуратура

6 январь куни Нилуфар Мамасаидова адвокати ҳамроҳлигида Кунцево туман прокуратурасида бўлишди.

Туман прокурори Михаил Вощинский Ўзбекистон фуқаросини полиция ходимлари қонунга хилоф равишда 69 соат хибсда ушлаб турганликлари юзасидан аризани кўриб чиқди.

Прокурор Кунцево тумани полиция маҳкамасининг вояга етмаганлар иши бўйича инспектор Галина Олейникни ҳузурига чақиртирди ва зудлик билан болани онага қайтариш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашга буйруқ берди.

- Боламни олиб қўйиб, мени қамаб қўйган полициячи шу аёл эди, - дейди Нилуфар Мамасаидова, прокурорни буйруғи билан полиция бўлимида аризани қайта ёзди. Бу гал ариза ўзимга ўқитилиб ва ўзбекчага таржима қилинганидан кейин имзо чекдим. Махкамада мени камситиб, хўрлашган полиция ходимлари яхши муомала қилишди.

Ўзбекистонлик Нилуфар Мамасаидова масаласини Россия президентининг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Анна Кузнецова ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси ўз назоратига олишган.

Изоҳлар

Полиция инспектори Галина Олейник бизга Нилуфар Мамасаидовага нисбатан қуйидагича изоҳлади:

-Аёлнинг меҳмонга келгани ва ҳужжатлари йўқолгани тўғрисидаги гаплари - уйдирма. Биз Нилуфар Мамасаидова яшаган уйда бўлганимизда, бола газ ёниб ётган ошхонада ерда ётганди. Уйда ёш болага қараш учун шароит йўқ, дейиш ҳам вазиятни юмшатишдек. Бола шамоллаган, биз қизчани тортиб олганимиз йўқ, даволаниш учун касалхонага юбордик.

Полиция ходимининг ўзбек қизчани сотиб олиш учун пул таклиф қилгани ҳолати юрист Баҳром Исмаиловнинг сўзларига кўра, полиция ходимининг аёлни синаш учун берилган саволларидан бири бўлган.

- Ҳеч қандай хужжатсиз бола кўтариб турган аёлга бола ўзиникими-йўқми, аниқлаштириш учун турли синов саволлари берилади. Қўлидаги бола ўзиники бўлмаса, аёлнинг болани сотиш таклифига рози бўлиши ҳоллари ҳам учраб туради.

1 ёшли Манижани онасига қайтариш учун касалхона талаб қилган хужжатлар тайёр бўлганлигига қарамасдан, қизча ҳамон онаси билан кўриша олгани йўқ.

Адвокат Баҳром Исмаилов қўлидаги хужжатлар ва асосларга таяниб, 7 январь куни Манижани онасига қайтаришларини маълум қилди.

Полиция инспектори Галина Олейник эса, Би-би-си мухбирига 9 январь куни Россия ҳудудида миграция қонунларини бузган Нилуфар Мамасаидованинг иши судда кўриб чиқилиши ва унга нисбатан мамлакатдан чиқариб юборилиш жазосини тайинлаш кутилаётганини билдирди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

.