Ўзбек матбуоти тақиқланган мавзуларни ёритмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи mtrk.uz
Image caption Ўзбекистон телеканаллари кўпроқ овқатланиш, маданият мавзулари, концерт ҳамда олди-қочди фильмларни намойиш этишади.

Ўзбекистон давлат амалдорлари халқ билан мулоқот қилмаётгани, қишлоқларда газ ва электр йўқлиги хусусида мамлакат матбуоти илгари ҳеч қачон гапирмасди.

Масалан, бир телебаҳсда иштирок этган самарқандлик фуқаро 25 йилдан бери қишлоғида газ ва электр йўқлигини, одамлар эса мевали дарахтларни кесишга мажбур бўлишаётганини айтади. Унга кўра, мулозимлар мазкур муаммоларга кўз юмиб келишади.

Газ ва электр тақчиллиги хусусида қатор вебсаҳифалар ҳам Сурхондарё ҳамда Хоразм вилоятлари мисолида танқидий мақолалар эълон қилишган.

"Ўзбекистон" телеканалидаги телемунозарада эса бир иштирокчи "кўплаб юқори мартабали амалдорлар халқдан узилиб қолишгани ва одамларнинг муаммоларига қулоқ солишмаётгани" ҳақида айтади.

Тепадан ташаббус

Ўзбекистон матбуотидаги тақиқланган мавзуларда гапириш аломатлари - тепадан келган ташаббус.

Янги сайланган президент Шавкат Мирзиёев давлат амалдорлари халқдан узилиб қолгани, коррупция илдиз отгани, газ ҳамда электр етишмаслиги ҳақида очиқ гапиришга чақирганди.

Матбуотнинг сўнгги чиқишларида ҳам Президент Мирзиёев эслатган масалалар қайтарилади.

Эслатиш жоизки, марҳум президент Ислом Каримов ҳам доимо сўзда журналистларни жасур бўлишга ва муаммоларни ёритишга чақирарди.

Аммо бунинг ортидан бирон журналист танқидий чиқиш қилишга ботинмасди.

Илк қадамлар?

Ҳозирги қадамлар бир қадар умидбахш.

Бироқ Президент Мирзиёев тилга олган мавзулардан ташқари бирон масалада ҳалигача ҳеч ким танқидий чиқиш қилгани йўқ.

"Ўзбекистонда сўз эркинлигини янги даражада кўтарамиз" - деганди ўтган декабрда гапирган электрон ОАВ Миллий Уюшмасидан Фирдавс Абдухолиқов.

Лекин Ўзбекистонда сўз эркинлигини янги босқичга кўтаришдан олдин, ҳали бу сўз эркинлигига асос солиш вазифаси турибди.

Сенат раисининг янги тайинланган биринчи муовини Содиқ Сафоев "ҳокимиятнинг вакиллари мулоқотга киришга тайёрлигини ва буни намойиш этганини" ҳам таъкидлаган.

Шунга қарамай, Ўзбекистон борасида танқидий фикр айтадиган мустақил ва хорижий интернет вебсаҳифалари ҳамон тўсилмоқда.

Танқидчиларга кўра , Ўзбекистон телеканаллари ва матбуотида ҳамон жамиятдаги муаммолар эмас, аксинча, аксар олди-қочди фильмлар, ашулачилар ҳаётига оид гап-сўзлар кўп ўрин олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ