Ўзбекистонда ўқувчилар металлолом йиғишга мажбурми?

Image caption Меҳнат вазирлигининг суриштируви маҳаллий халқ таълими бошқармасига хат билан чекланган

Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов kun.uz нашрининг "металлолом солиғи" борасида йўллаган мактубидаги ҳолатларни асоссиз деб топган ва маълумотларнинг ҳаққонийлигини кўриб чиқишни тавсия қилган.

Аввалроқ блоггер Санжар Саиднинг мактабларларда ўқувчилар металлолом йиғишга мажбурланаётгани, метал олиб келолмаганлар пулини беришга тўғри келаётгани тўғрисидаги мақоласи Kun.uz саҳифасида чоп қилган эди.

Меҳнат вазирининг ушбу ҳолат юзасидан раддияси kun.uz сайтида 10 январь куни бир муддат тургач сайтдан олиб ташланди. Нашр хабарнинг нима сабабдан олиб ташлангани борасида изоҳ бермади.

Сайт ўқувчилари ушбу хабарнинг олиб ташланишида сайтга босимлар бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган.

Меҳнат вазири Абдуҳакимов томонидан берилган жавобда айтилишича, Ўзбекистонда ёшларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва болалар меҳнатидан фойдаланишга қарши мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган.

Ушбу қонун ҳужжатлари талабларини бузган шахсларга нисбатан эса маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

"Шундай бўлса-да, айрим ахборот манбаларида Ўзбекистон ёшларини билим олиши ва меҳнат қилишига доир жараёнлар бўйича айрим асосланмаган маълумотларни пайдо бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда", - дейилади вазирлик мактубида.

Вазирлик kun.uz сайтида 3 январь куни чоп қилинган «Наҳотки Ўзбекистон бюджети болаларнинг темир-терсагига қараб қолган бўлса?!» мақоласи юзасидан суриштирув ишлари олиб борганинини маълум қилган.

Суриштирув натижасига кўра, Жиззах вилоятидаги мактабларга металлолом ва макулатура тўплаш бўйича ҳеч қандай буйруқ ва топшириқ берилмаган.

"Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 5 январь куни Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигига йўлланган тезкор талаблари бўйича Халқ таълими вазирлигидан 2017 йил 9 январда 03-02/1-5-226-сонли хат орқали олинган маълумотга кўра, Жиззах вилояти ва Арнасой тумани халқ таълими муассасалари, шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари томонидан ўқувчиларга металлолом, макулатура тўплаш ва шунга ўхшаш масалаларда топшириқ (кўрсатма) берилмагани маълум бўлди", - дейилади вазирлик мактубида.

Вазирлик интернет нашрини ва интернетдаги бошқа манбаларни бу каби асоссиз хабарни тарқатмаслик ҳақида огоҳлантиради.

Болаларга солиқ

Блоггер Санжар Саид томонидан кўтариб чиқилган мақолада Жиззах вилояти, Арнасой туманидаги мактабларда ўқувчилар учун норасмий равишда "металлолом солиғи" жорий қилингани борасида ёзилган.

Унинг айтишича, айрим мактабларда ушбу талабни бажармаган ўқувчилар дарсга киритилмаган.

Темир-терсак топиш муаммо бўлгани боис ўқувчилардан 18 минг сўмдан пул йиғилаётгани ва қийинчилик билан кун кечираётган айрим оилалар бу пулни топиб беришда мушкулликларга дуч келаётгани ёзилган.

Ушбу буйруқ кимдан келаётгани борасида савол берган блоггер Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат қилиб, "Наҳотки Ўзбекистон бюджети ўқувчилар темир-терсагига қараб қолган бўлса?", - дея хитоб қилган.

Вазирлик сўнгра бу ҳолатларни ўрганиш учун устидан шикоят қилинган ташкилотнинг ўзига мактуб юборган. Халқ таълими бошқармаси бу муаммо асоссиз эканлигини айтган ва шу йўсинда муаммони "ҳал қилган".

Анъана

Бироқ, бу мақола юзасидан фикр қолдирган аксар интернет фойдаланувчилари металлолом муаммоси деярли барча мактабларда анъанага айланганини ёзишган.

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг метал йиғишга мажбурланиши борасида бир неча мустақил нашрларда бунгача ҳам мақола ва хабарлар чоп қилинган.

Аммо ушбу айбловларга расмийлар бирорта изоҳ бермай келган.

Ўзбекистонда ҳукумат 1995 йилда метал йиғиш ва уни сақлашга доир қарор қабул қилган. Ушбу қарор 1999 йилда янги таҳрирда чоп қилинган.

1999 йилнинг 5 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси раиси Ислом Каримов номидан чиққан "Лом, рангли ва қора метал чиқиндиларини сақлаш, тайёрлаш ва топшириш тартиби тўғрисида"ги 49-рақамли қарорда уни йиғишга кимлар масъуллиги кўрсатиб ўтилган.

Қарор иловасида айтилишича, металлолом топшириш, сақлаш тартиби Ўзбекистондаги барча вазирлик, муассаса, корпорация, концерн, уюшма, бирлашма, ташкилот, корхона, холдинг ва мулкчилик шаклидан қатъий назар маҳаллий ҳокимият органларига мажбурий.

Қарордан Халқ таълими вазирлиги ва унинг таркибидаги мактаблар ҳам металлолом топшириш мажбурияти олганлигини илғаш мумкин.

2015 йилда Ўзбекистонда 733 минг тонна металлолом йиғиш режаси бўлган. Кузатувчилар ушбу режа ҳар йили корхона ва ташкилотларга бўлиб берилишини таъкидлашади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг