'Ўқитувчи бошида синаётган калтак'

Ўқувчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Ўзбекистон Меҳнат ва Халқ таълими вазирликларининг ўрта мактабларда металлалом ва бу каби йиғди-йиғдилар йўқ, дейиши ўзбек нашр ва ижтимоий тармоқларида акс садо беришда давом этмоқда.

Hilol.uz саҳифасида муаллиф Алп Арслон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов мактаблардаги металлалом ва макалатура йиғиш мажбурияти йўқ, деган гапларда асос йўқлигини ёзади.

Муаллиф 3-синфда ўқийдиган ўғлига марка учун 3 минг сўмдан олиб келиш айтилганидан сўнг, мактаб директори билан учрашган.

Қайси мактаблиги айтилмаган ушбу суҳбатда мактаб директори вазифасини вақтинча бажараётган шахс ўқитувчилар юқоридан келаётган буйруқларнинг қурбони бўлишаётганини айтган.

Мактаб директорининг айтишича, марка солиғидан тушган пул Болалар спортини ривожлантириш жамғармасига бориб тушиши айтилган.

Мактабга донаси 3000 (Марказий Банк курси бўйича тахминан 1 доллар. Би-би-си таҳр.) сўмдан 500 дона марка берилган.

Аён бўлишича, ўқитувчиларнинг, ҳатто, иккитадан марка олишларига тўғри келган.

Суҳбатдан аён бўлишича, марка солиғи Туман Халқ таълими бўлимидан буйруқ тарзида берилган ва ўқувчилардан бир неча йилдан бери пул йиғилади.

Журналист мактаб директорига нима учун бу каби оғзаки буйруқларни бажаришаётганини , янги президент Шавкат Мирзиёев виртуал қабулхона ташкил қилиб, бу каби муаммоларни бефарқ қолдирмаётгани ҳақида сўзлаган.

Бироқ мактаб директорининг жавобидан англашилишича, бу каби шикоятлар йиғди-йиғдиларни бартараф этиш ўрнига, айланиб келиб мактаб директорларининг бошига бало бўлади.

Муносабат

"Энг ёмони, кимдир тегишли органларга шикоят қилиб, мана шу ишимиз устидан эртага бир иш очилса, калтак келиб биз - мактаб директорларининг бошимизда синади. Чунки бизни мана шу ишга мажбурлаган ТХТБ (Туман Халқ таълим бошқармаси), ВХТБ (Вилоят Халқ таълим бошқармаси) каби юқори ташкилотларимиз бизга бундай буйруқ берганларини тан олмайдилар ва "биз буйруқ бермаганмиз, фақат хоҳловчиларга тавсия қилинглар", деганмиз деб ўзларини оқлаб тураверишади", - деган мактаб директори.

Мактаб директори Меҳнат Вазири Азиз Абдуҳакимовнинг мактабларда металлалом солиғи ҳақида хабарлар ассоссиз, деб айтган гапидан хабари борлигини айтган. Лекин халқ таълим бошқармалари мактаблардан металлалом талаб қилишда давом этмоқда.

"Албатта, хабарим бор. Эслатдингиз, куни-кеча мени ҳам туман ХТБга чақириб, уч кун ичида металлом режасини бажаришимизни қатъий талаб қилиб қўйдилар. Аммо бу совуқ ва қорли ҳавода қайси болага металлалом олиб кел, деб айта оламан", - деган мактаб директори.

Суҳбатдан маълум бўлишича, барча мактаблар қатори ушбу мактабга ҳам металлалом йиғиш талаби қўйилган. Уни бажармаган мактаб директорлари ишдан ўз ихтиёри билан кетиш ҳақида ариза ёзишига тўғри келади.

Мактаб директори журналист билан суҳбатда, истаса, унинг фарзанди учун 3 минг сўмни ўз чўнтагидан тўлашга рози эканлигини, бироқ зинҳор туман халқ таълим бошқармасига ушбу муаммодан шикоят қилиб бормаслигини илтимос қилади.

"Улар сизга бу иш мажбурий эмаслигини айтишади. Аммо кейин ҳамма калтак менинг бошимда синади. "Сен аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини яхши олиб бормаганинг учун ота-оналар мана шунақа шикоят қилиб келишаяпти", деб ҳатто мени ишдан бўшатиб юборишлари ҳам мумкин. Шунинг учун сиздан илтимос, қанча гапингиз бўлса гапиринг, сўкинг, ҳақорат қилинг чидайман. Аммо туман ХТБ ига шикоят қилиб борманг".

Акс-садо

Мақолага Facebook да изоҳ қолдирувчилар муаммо ўқитувчи ёки уларга буйруқ бераётган Халқ таълими бошқармасига боғлиқ эмаслигини ёзишган.

"Директорнинг гаплари 100 фоиз тўғри ва ҳатто сиз Халқ таълим бошқармасига борсангиз ҳам шу сўзларни эшитишингиз мумкин эди", - дейди Исроил Тиллабоев.

Журналист Норқобил Жалилов бу муаммо жамиятни қийнаётган муаммолардан бири эканлигини, қанча айтилса ҳам ечилмаётганини ёзган.

"Бу муаммо ҳаммамизни қийнаётир. Энг даҳшатлиси, балиқ... афсус, бошидан-да! Бу мавзуда неча марта газеталарда мақолалар чиқди, бирор бир шоввоз бир оғиз муносабат ҳам билдиргани йўқ. Энди, қачонки, президент гапириб қолса, аҳвол ўзгаради-ёв. Бўлмаса, Халқ таълими вазирлигидагилар миқ этмайди! Сиз билан биз эса ёзаверайлик-чи...", -деб айтган.

Президент Ислом Каримов вақтида маҳаллий нашрлар ва блоггерлар бу каби муаммоларни деярли кўтариб чиқмас эди.

Янги сайланган Шавкат Мирзиёев 2017 йилни Халқ билан мулоқот йили дея номлаган, оддий одамлар дуч келаётган муаммоларни эшитишга ва ҳал қилишга тайёрлигини билдирган.

Шу мақсадда ҳар бир туманда Халқ қабулхоналари очилиши режалаштирилган.

Ушбу тажрибани бошқа вазирлик ва давлат идоралари ҳам қўллай бошлашган.

Бироқ кўп ҳолларда одамлар томонидан айтилаётган шикоятлар ҳал қилиниш ўрнига шикоят қилинган ташкилотга бормоқда.

Журналист ва блоггерларнинг мактабларда металлалом йиғиш муаммосини кўтаргани ҳам шу ишни қилишга мажбур қилинаётган ўқитувчилар бошида синаётган кўринади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг