‘Асосий эътиборни инсон ҳақларига қаратинг’

Хьюман Райтс Вотч Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

"Қийноқларга чек қўйинг. Фундаментал инсон ҳақларини ҳурмат қилинг. Асосий эътиборингизни инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни ўнглашга қаратинг".

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти бу каби даъват билан Марказий Осиё давлатлари лидерларига чиққан.

Раҳбариятлар алмашаётган ва ички сиёсатда банд экан, улар энг аввало бу масалага жадаллик билан эътибор қаратишлари лозимлигини айтган.

"Хьюман Райтс Вотч"нинг бу даъвати кеча - пайшанба куни эълон қилган янги - 687 саҳифали "World 2017" йиллик ҳисоботида янграган.

Бу ҳисоботда хулоса қилинишича, 2016 йилда Марказий Осиё давлатлари лидерларининг қудратни ўз қўлларида жамлаш ҳаракатлари инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволга путур етказган.

"Хьюман Райтс Вотч" ташкилотининг баён қилишича, "нодемократик", деб баҳоланган сайловларда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг собиқ авторитар президенти Ислом Каримовнинг ўрнини эгаллади.

Инсон ҳақларининг ўтган 20 йил бадалида кузатилмаган бир даражада поймол этилиши манзарасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўз шахсига сиғинишни кучайтирди.

2017 йилги президент сайлови арафасида Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев асосий эътиборини мамлакат конституциясини ўзгартириш ва мухолифлари билан сиёсий курашга қаратди.

Туркманистонда эса, янги таҳрирдаги конституция амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг истаганча қудратда қолишига изн берди.

Марказий Осиёда бошқарувда қолаётган сўнгги собиқ Шўро раҳбари бўлмиш президент Нурсултон Назарбоев эса, мамлакатида бўй кўрсатган иқтисодий муаммоларга инсонларнинг энг фундаментал ҳуқуқларини назорат этишни кучайтириш билан жавоб қайтарди.

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кўплаб қирралари бўҳроний бир аҳволда", - дея хулоса қилади халқаро ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Хью Уильямсон.

"Минтақа лидерлари қудратдаги шахсиятлар сиёсати ва ўз шахсий мавқеъларини мустаҳкамлашга диққат қилишнинг ўрнига, имкон қадар репрессив сиёсатларидан узоқроқ туриш, ҳибсхоналардаги қийноқ ҳолларига чек қўйиш, сўз эркинлигига имкон бериш ва танқидчиларини озодликка чиқариш йўлида аниқ қадамлар қўйишлари лозим".

Мактуб

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet

'Хьюман Райтс Вотч' президент этиб сайланишидан бор-йўғи беш кун ўтиб, 2016 йил 9 декабр куни Шавкат Мирзиёевга мактуб ҳам йўллаган.

Ўзбекистоннинг янги сайланган президентидан мамлакатдаги "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор аҳволни яхшилаш йўлида аниқ қадамлар қўйиши лозим"лигини айтди.

Бу халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти наздида Шавкат Мирзиёев ва унинг маъмурияти келаси 5 йил ичида:

-Сиёсий маҳбусларни озод этиши

-Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг масъул идоралари билан ҳамкорлик қилиши

-Қийноқларга чек қўйиши

-Матбуотга қўйилган чекловларни бекор қилиши

-Фуқаровий жамият ташкилотларини ўз ҳолига қўйиши

-Диний эътиқод эркинлигини таъминлаши

-Жинсий озчиликларга қарши дискриминация ҳолларига чек қўйиши

-Мажбурий меҳнатга якун ясаши

-Андижон қирғини юзасидан мустақил терговга изн бериши лозимлигини сўраганди.

8 декабр куни бошқа бир - 'Civil Rights Defenders' халқаро ташкилоти ҳам Шавкат Мирзиёевни президент Каримовнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги репрессив сиёсатини давом эттиришдан воз кечишга чақирган.

Шавкат Мирзиёев дастлабки қадам ўлароқ қамоқлардан журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини озод этиши лозимлигини айтганди.

Янги президент

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tojikiston prezidenti matbuot xizmati

Муваққат президент экан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига боғлиқ янги фармонни имзолаган.

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари 21 октябр кунги фармон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадини кўзлагани ҳақида хабар беришган.

Айни шу фармонни имзолаши арафасида Либерал-демократик партиянинг қурултойида Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора ва ташкилотларининг фаолиятини танқид қилган.

У суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, адвокатуранинг роли ва ўрнини кучайтириш, шунингдек, жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган.

Бундан аввал Ўзбекистон Сенати жаноб Мирзиёевнинг таклифи билан амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Мирзиёевнинг президент вазифасини бажарувчи сифатида имзолаган илк қонунларидан бири ички ишлар идоралари тўғрисидаги қонун бўлган.

У, шунингдек, парламентнинг қуйи палатасига коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни таклиф этган.

Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги илк қадамлари ва қонунчилик ташаббуслари мамлакатда ўзгаришларнинг муқаррар экани ҳақидаги умидларни уйғотган.

Аммо танқидчилар унинг фаолиятига ҳақиқий баҳони президент сайловларидан кейингина бериш мумкинлигини айтишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг