Маддоҳлар янги диктатор яратадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи O`zbekiston telenakanali ekranidan nusxa
Image caption Шавкат Мирзиёев қудратга келиши биланоқ Ислом Каримов даврида эътибордан четда қолган баъзи атоқли шоирларга ҳурмат кўрсата бошлади.

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги бағишловларнинг янги саҳифасини Ислом Каримов ўлими ортидан шоир ва сенатор Иқбол Мирзо очиб берди.

"Отанинг ғоялари қоялардек мангулик,

Шери мардга муносиб арслонпанжа издош бор" - деб ҳам марсия, ҳам мақтов аралаш шеър битди сенатор шоир.

Иқбол Мирзо, табиийки, профессионал ва пардага ўралган бу мисралари билан "икки қуённи" ураётгандек эди.

Қолаверса, моҳирона битилган айни шеърни исталган даврда, исталган йўналишда таҳлил қилиш ҳам мумкин.

"Шавкатни шайлантирди..."

Аммо кўп ўтмай, "яланғоч" мисрали мадҳиялар ёзила бошланди. Шоирлар ўз шеърлари Шавкат Мирзиёевга аталганини яшириб ҳам ўтиришгани йўқ.

"Сарбоним, виждонли одил Сарбоним,

Кеча ва кундузлар йўлдошим сизсиз" - деган мисрали шеър Йўлчи Рўзиев номидан интернетда эълон қилинди.

Мазкур мисралар ижтимоий тармоқларда кўп баҳсларга сабаб бўлмоқда. Баъзилар уни очиқ лаганбардорлик, деб ҳам атаётир.

Одатда ёш шоирлар назмнинг забардаст намояндалари изидан боришга интилашади.

Лекин Ўзбекистонда сўнгги ойлари Омон Матжон ва Ҳалима Худойбердиева каби атоқли шоирлар ҳам, аксинча, мадҳиябозликка илк қадамини қўяётган ёшлар ортидан бориб, бағишловлар битдилар.

"Шавкатни шайлантирди,

Қирчиллама йигитдан

Отага айлантирди" - деб шеъридан парча ўқийди шоира Ҳалима Худойбердиева.

Ҳалима Худойбердиева охирги бир неча йил давомида фаол ижтимоий ҳаётдан четлатилганди.

Image caption Шоира Ҳалима Худойбердиева (ўртада) ҳам Шавкат Мирзиёевга атаб шеър ёзди.

Лекин Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан, қатор "унутилган" ижодкорлар яна "катта даврага" қайтишмоқда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон миллий мадҳиясини ёзган шоир Абдулла Ориповнинг дафн маросимида оддий одамлар қатори қўл боғлаб тургани хабар қилинди, Эркин Воҳидов хотирасига алоҳида ҳурмат кўрсатмоқда.

Хуллас, янги президент эътибордан четда қолган адабиёт аҳлини ҳам эсга ола бошлади.

"Шавкат Мирзиёев қисқа фурсатда одамларнинг юрагига кириб улгурди" - дейди Ҳалима Худойбердиева.

"Бошланиши яхши, энди охири ҳам бахайр бўлсин, деб кичкина бир шеър ёздим, буни маддоҳликка бурмаслик керак" - таъкидлайди шоира Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда.

Ҳалима Худойбердиева - замонавий ўзбек шеъриятининг энг атоқли ва забардаст намояндаларидан бири. У илгари ҳеч қачон раҳбарларга мадҳия ёзмаган, хусусан, марҳум Ислом Каримовни ҳам мақтаб шеър битмаган эди.

"Илгари кўнгилга тушмаганда, ўша нарсалар ёзилмаган" - изоҳлайди Ҳалима Худойбердиева.

Ўзбеклар руҳан тобеми?

Айрим мутахассисларга кўра, ҳукмронларни танқид қилмасдан, улар ҳақида фақат ижобий фикр билдириш Ўзбекистонда тарихан чуқур шаклланган сиёсий маданиятдир.

"Оммавий равишда ҳукмронларни маъқуллаб яшаш - узоқ давр мобайнида ўзбекларнинг руҳига сингиб кетган" - изоҳлайди Тошкентдан психолог Маҳмуд Йўлдошев.

"Айниқса, сўнгги 200 йил давомида халқимиз ўз фикрини айтишга, бирон масалани очиқ кўтаришга ўрганмаган".

Суҳбатдошимизга кўра, ўзбекларнинг узоқ-яқин аждодлари яшаган сиёсий шароитлар сабабли "ҳамманинг хаёлига подшоҳлар доимо ҳақ бўлади, улар ишини билиб қилади" қабилидаги қарашлар сингиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Turkiston-press
Image caption Иқбол Мирзо "Арслонпанжа издош" ҳақида шеър битган илк шоир бўлди.

"Тўғри, бир одамнинг яхши хислатларини таъкидлаш уни яхши тарафга етаклайди" - давом этади психолог - "Лекин ҳадеб мақтайверсангиз, у одамда, демак, мен хато қилмас эканман, деган фикр пайдо бўлади".

"Буткул либерал одамни ҳам диктатура сиёсий маданияти шаклланган ҳокимиятга олиб келсангиз, у демократияни тезда шакллантира олмайди" - дейди Франциядан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов - "Аксинча, унинг ўзини диктаторга айлантириб қўйишлари мумкин".

Суҳбатдошимизга кўра, диктатор яратиш йўлида шоирлар биринчи ўринда турмайди, балки бу борада бюрократия, давлат органлари ҳамда матбуот ўрни асосий аҳамият касб этади.

Юлдузларга маслаҳат

"Агар раҳбарият асоссиз мақташ дунёда обрўйимизни тўкади ва миллий манфаатимизга тўғри келмайди, мақтовни йўқотинглар, деб ишора берса, маддоҳлар тўхташади" - дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонда эса нафақат шоирлар орасида, балки қатор хонандаларда ҳам маддоҳликка мойиллик кучли.

Масалан, хонанда Юлдуз Усмонова нафақат марҳум Президент Ислом Каримовни мақтаган, балки унинг қизи Гулнора Каримовага ҳам бағишлаб, ашула айтиб чиққан.

"Қанчалик ҳақиқат эканлигини билмадим, аммо Юлдуз Усмоновага асло Шавкат Мирзиёев ҳақида қўшиқ айтмайсан, деб маслаҳат беришибди, деган хабарлар чиқди" - давом этади Камолиддин Раббимов.

"Ҳокимиятда маддоҳларга эҳтиёж бўлмаслиги керак. Аксинча, маддоҳларни жазолаш лозим" - бу борада кескин чораларни ёқлайди суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи yulduz.uz
Image caption Юлдуз Усмонова марҳум президент Каримов ва унинг қизини ўз ашулаларида мадҳ этган.

Мақтов бошқа, маддоҳлик бошқа

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, халқ ҳаётидаги муаммоларни тилга ола бошлади.

Янги президент, хусусан, одамлар турмушини яхшилаш, ҳам ижод, ҳам тижорат аҳлига эркинликлар бериш, мамлакатни дунёга очиш ва ҳукуматни халққа хизмат қилдириш йўлида астойдил ҳаракат қилишини таъкидламоқда.

Бу ҳатти-ҳаракатлар, ўз ўрнида, нафақат мамлакат ичкарисида, ҳатто ташқарида ҳам Шавкат Мирзиёевга нисбатан меҳр ва ижобий қарашларни пайдо қилмоқда.

Шу сабабми, марҳум Ислом Каримов ҳукуматини танқид қилиб келган хориждаги баъзи ўзбек мухолифати намояндалари ҳам Президент Мирзиёев ҳақида илиқ ва мақтовли фикрлар айта бошлашди.

"Мирзиёевни кўр-кўрона мақтаётганлар билан унинг ютуқларини эътироф этаётганлар орасида фарқ бор" - дейди АҚШдан мухолифатчи Жаҳонгир Маматов.

Жаҳонгир Маматов ҳали Шавкат Мирзиёев вақтинчалик президент сифатида қўйган баъзи қадамларни олқишлаган, шу боис "маддоҳ" деган танқидларга ҳам учраган.

"Лекин унинг фаолиятидаги ижобий жиҳатларни олқишлаб, камчиликларни танқид ҳам қилаяпман" - дейди Жаҳонгир Маматов - "Мен маддоҳ эмасман, чунки Мирзиёевдан ҳеч нима кутмайман".

Суҳбатдошимизга кўра, президентни мақташ демократик давлатларда ҳам учрайди, лекин шу қаторда, эркин давлатларда уни бемалол танқид қилиш ҳам мумкин.

"Ўзбекистонда ҳам шундай бўлсин: мақтаган мақтайверсин, аммо танқидга ҳам йўл очишсин. Бу раҳбарнинг ўзига ҳам фойдали бўлади".

"Бир-икки йил кутайлик..."

Жаҳонгир Маматов маддоҳлар диктатор яратиб қўйишлари мумкин, деган фикрларга қўшилмаслигини айтади.

"Аксинча, диктаторлар маддоҳларни яратишади" - дейди у - "Агар у тахтда ўтирган бўлса, айримлар одамзоднинг мақтовга ўчлик хислатидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга интиладилар, холос".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy photo
Image caption Камолиддин Раббимовга кўра, янги раҳбарият мақтовларга учиш-учмаслигини ва маддоҳликка йўл қўйиш-қўймаслигини бир-икки йил кутиш керак.

Жаҳонгир Маматовга кўра, "ҳукмрон ва маддоҳ" муносабатлари ўзбек жамиятида тарихан шаклланган иллат бўлиб, у ҳозир ҳам мажуд ва ҳали яна давом этса керак.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келишини хуш қаршилаган АҚШдаги ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, зиёлилар камчиликларни кўрсатиб туришса, янги раҳбар диктаторга айланиб кетмайди.

Париждан таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг қайд этишича, Ўзбекистон янги раҳбарияти ҳалича ҳеч кимга "мақтайсан" деб кўрсатма бермаган.

"Баъзи чиқишлар, афтидан, муайян одамларнинг шахсий ташаббусига ўхшайди" - фикрини давом эттиради Камолиддин Раббимов.

"Янги ҳокимият сохта мақтовларга эҳтиёжмандми, йўқми, фақат бир-икки йилдан кейин баҳо бериши мумкин".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ