Швейцариялик терговчилар Гулнора Каримова билан учрашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet
Image caption Гулноранинг сўнгги расмларидан бири

Neue Zürcher Zeitung газетасининг ёзишича, марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан Швейцария прокуратурасининг ходимлари ўтган йил декабр бошларида Тошкентда суҳбатлашишган.

Бу ҳақда женевалик адвокат Грегуар Манжа газетачиларга гапириб берган.

Neue Zürcher Zeitung газетасига кўра, Гулнора Каримова ҳамон Тошкентда сақланмоқда.

Газета Гулноранинг 2014 йилдан бери "кўринмай қолганини" ҳам ёзади.

Адвокат Грегуар Манжанинг газетага айтишича, "Гулнора Каримова анчайин қатъиятли ва ҳамлага шайлангандай кўринган".

Хабарларга кўра, Ўзбекистон мулозимлари Гулнора Каримовага ўз қизи билан учрашишга рухсат беришмаган ва айнан шу мавзуда гапириб туриб, Гулнора йиғлаб юборган.

Манжанинг айтишича, Гулнора Каримова босим остида ва у айни ҳолат бўйича халқаро ташкилотларга арз қилишни режалаган.

The Wall Street Journal нинг ёзишича, Швейцария прокуротураси ходимларининг Тошкентга сафарини айни идора матбуот котиби ҳам тасдиқлаган.

Аммо тергов иши бўйича тафсилотларни очиқламаган.

Гулнора қаерда?

Қўшиқчилик, бизнес, дипломатия ва хайрия соҳасига ҳам даъво қилган Гулнора Каримова 2014 йилнинг февраль ойида "ғойиб бўлгани" билан қайтиб кўрингани йўқ.

Ислом Каримовнинг Би-би-сига айтишича, Гулнора Каримова "ҳозир ҳам уйда сақланяпти. Яҳё Ғуломов кўчасидаги уйида уни ҳибс бошиданоқ ушлаб туришибди. У хорижга учиб кетгани ёки шаҳар бўйлаб юргани ҳақидаги мишмишлар ёлғон".

"Унинг ўзини суд қилишмаган, лекин унинг дўстлари, жамғармалари ходимлари судга тортилган". Гулнора Каримовага эса А4 шаклидаги қоғозда на қўл қўйилган, на кимданлиги аниқ бўлган "айбнома" топширилган.

Онангиз қай шароитда сақланяпти деган саволга Ислом Каримов бундай деди: "Ойим ўзи яшаб келган уйда беками кўст яшамоқда деган янглиш фикр бор. Энг бошидаёқ уйни беркитиб, ойимни бир хонага жойлаштиришган. Уйга қўшиб қурилган икки-учта хона бор. Ойим ўша ерда сақланяпти. Унга бир марта "пулини тўламасангиз, овқат беролмаймиз" дейишган. Унда ойим "уйни очиб беринглар, пулни олиб чиқай" деб сўраган. "Йўқ, уйни очолмаймиз, пулни топиш сизнинг муаммонгиз" деб жавоб қилишган".

Гулнора Каримова билан учрашиш имконлари ҳақида гапириб, унинг ўғли мана бундай жавоб берди: "Уйга яқинлашаман ёки уни кўраман деган одам дарҳол ҳибсга олинади ва СНБнинг Гвардейскийдаги ҳибсхонасига олиб кетилади. Синглим ҳам кўчада турса, "Илтимос бу ерда турманг, киринг, дарвозанинг олдида турманг" дейишади. Уларга ойда бир марта бир-бири билан кўришишга рухсат берилади. Бу ҳам ҳар доим эмас. Баъзида, "Йўқ, бугун сиз кирадиган кунмас" дейишади".

Гулноранинг пуллари

Матбуотдаги турфа хабарларга кўра, Гулнора Каримованинг номи телекоммуникация соҳасида қарийб бир миллиард долларга тенг ноқонуний маблағлар билан боғлиқ.

Европа давлатлари дохил АҚШдаги маҳкама ҳужжатларида Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова исми кўзга ташланади.

Ўтган йил бошида АҚШ ҳукумати биринчи бор Гулнора Каримова номини маҳкама ҳужжатларида келтиришган .

Маҳкама ҳужжатларига биноан, 2015 йилги даъво 300 млн доллар ҳақида борган.

2016 йилда АҚШ расмийлари яна 500 млн доллар учун даъво аризаси киритишган.

Қўшма Штатлар ҳибс қилинишини талаб этган 300 миллион миқдоридаги бу пул-маблағлар, айтилишича, Bank of New York Mellon Corp. нинг Ирландия, Люксембург ва Белгиядаги ҳисобларида сақланади.

Шу тариқа Ўзбекистон Президенти оиласининг номи аралашган ва камида уч Европа давлатида олиб борилаётган йирик халқаро коррупция терговига Қўшма Штатлар ҳам қўшилганди.

Коррупция гумонлари марказидаги энг йирик ширкатлардан бири TeliaSoneraдир.

Бу ширкат Ўзбекистон ҳукуматидан 3 G ва 4G лицензияларидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш учун Президент Каримов оиласига яқин шахсларга юзлаб миллион доллар пора берганликда айбланган.

Швециядаги текширувлар TeliaSonera раҳбари Ларса Нюберг ва қатор бошқарувчиларнинг истеъфосига олиб келган.

Ушбу тергов доирасида Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин қатор шахсларга айблов эълон қилинган ва Гулнора Каримованинг Франция ва Швейцариядаги уйларига рейдлар уюштирилган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг