Истанбулда қўлга олинган Абдулқодир Машарипов ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Бу одам ким?

Истанбулда 39 кишини отиб ўлдиришда гумонланаётган Абдулқодир Машарипов шахси ҳақида маълумотлар кўп эмас.

Ўзбекистон фуқароси экани айтилган Абдулқодир Машарипов ҳақида расмий Тошкент сукут сақламоқда.

Ўзбекистондаги ҳукумат назорати остида бўлмаган айрим интернет нашрлари, ижтимоий тармоқларда Абдулқодирнинг ўзбекистонлик экани ҳақида ёзмоқда.

Би-би-си билан суҳбатлашган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидаги манба эса, ҳали Туркия томони айни масалада ҳеч қандай мурожаат қилмагани ва токи Анқара расман бу ҳақда сўров юбормаганича бирор бир маълумот ошкор этилмаслигини айтган.

Реина тунги клубига ҳужум қилишда гумонланаётган Абдулқодир Машариповнинг "ўзбеклиги", "Ўзбекистон фуқаролиги"ҳақида эса Туркия матбуоти бот-бот хабар бермоқда.

Аммо ҳозирга қадар Машариповнинг кимлигини исботловчи бирор бир ҳужжат ошкор этилгани йўқ.

Би-би-сининг Туркиядаги мухбири Ренгин Арслоннинг айтишича, 16 январда қўлга олинган ва ҳозирда ҳибсда бўлган Машарипов борасида баъзи қўшимча маълумотлар ошкор қилинган.

Хавфсизлик ходимлари ҳозир уни Туркиядаги ИШИД гуруҳи борасида сўроқ қилишмоқда экан.

ИШИД айни ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олганди.

Гумонланувчи қўлга олинишидан кўп ўтмай Истанбул мэри Васип Саҳин Машариповнинг Ўзбекистон фуқароси эканини айтди.

Унинг айтишича, гумонланувчи 34 ёшда ва тўрт тил - хитойча, арабча, русча ва туркча сўзлашади.

Агар Истанбул мэри Машариповнинг Ўзбекистон фуқароси эканига шубҳа қилмаётган бўлса, унда гумон остидаги бу шахс тўрт эмас, бешта тилда, яъни ўзбекчада ҳам сўзлашиши мумкин.

Васип Саҳиннинг айтишича, Машарипов "яхшигина тайёргарликдан ўтган".

Туркия мулозимларига ишонадиган бўлсак, Машарипов Афғонистон ва Покистонда "жангариликка ўқиган", Суриядаги ИШИД билан алоқада бўлган.

Машарипов бундан бир йил аввал Эрон орқали Туркияга ноқонуний равишда кириб келгани ҳам айтилмоқда.

Худди мана шу йўл Афғонистондаги урушдан кейин одам савдоси билан шуғулланаётганлар учун Туркияга кириш нуқтаси сифатида фойдаланган экан.

Машариповнинг қўлга олиниши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Машарипов қўлга олинган хонадон

Истанбулдаги тунги клубга ҳужум қилишда гумонланаётган Абдулқодир билан яна тўрт киши қўла олинган.

Эсенюртдаги хонадонда Сенегал, Миср ва Сомалидан келгани айтилган уч аёл қатори бир ироқлик эркак ҳам ҳибс этилган.

Бу хонадондан шунингдек, қурол-яроқ, ўқ-дори ва 200000 АҚШ доллари топилган.

Машарипов расмий маълумотларга кўра, тунги клубга ҳужумдан кейин шу хонадонга кўчгани тахмин қилинмоқда.

Аммо ҳозирда Машариповдан ташқари ҳибсга олинганлар ИШИДга алоқадорми йўқлиги аниқланмаган.

Марказий Осиё ва ИШИД

Марказий Осиё давлатларининг айрим расмий, айрим эксперт гуруҳлардаги манбаларига ишониладиган бўлса, бугунги кунда минтақани тарк этиб, Яқин Шарқдаги нотинч давлатларда ИШИД ва бошқа жангари гуруҳларга қўшилганлар сони бир неча минг кишини ташкил қилади.

Минтақанинг аҳолиси жиҳатдан энг йирик давлати Ўзбекистон одатда айни масалада маълумотларни ошкор этмайди.

Мамлакатнинг ўзида эса нафақат ИШИД, балки ҳар қандай диний гуруҳларга қарши кураш энг қақшатқич усулларда олиб борилади.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Ўзбекистонда Ислом динининг ҳукумат дастаклайдиган расмий талқинига ёт ва ё ҳукуматдан мустақил ҳар қандай гуруҳ, ҳар қандай шахсга тоқат қилинмайди.

Диний эътиқоди учун Ўзбекистон қамоқхоналарига марҳум президент Каримов даврида ўн минглаб бегуноҳ инсонлар ташлангани айтилади.

Уларнинг муттасил равишда қийноққа тутилишлари ҳам ҳалқаро ва маҳаллий кузатувчилар томонидан бир неча бор ҳужжатлаштирилган.

Қўшни Тожикистонда ҳам вазият Ўзбекистонникидан фарқ қилмайди.

Аммо Тожикистон мулозимлари бир эмас бир неча бор ўз фуқароларининг турфа мужоҳид гуруҳларга қўшилаётгани ҳақида ошкора чиқишлар қилгани маълум.

Бугунги кунда икки минг атрофида тожикистонликлар жангари гуруҳлар сафига қўшилгани расман маълум қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viberда - телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар