Мирзиёев Рустам Азимовни кескин танқид қилди

Image caption Мирзиёев танқидидан барча мулозимлар "ўз насибаси"ни олган

Президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг йил якунларига бағишланган йиғилишида Рустам Азимов раҳбари бўлган Макроиқтисодиёт комплекси фаолиятини кескин танқид қилган.

Мавзуга алоқадор видео

14 январ куни бўлиб ўтган ва давлат телевидениеси орқали намойиш этилган мажлисда Президент Бош вазир ўринбосари Азимовни, жумладан, иқтисодий ҳисоботларни сохталаштириш ва муҳим давлат дастурлари, жумладан, сармоявий дастурларни барбод қилишда айблаган.

Шавкат Мирзиёев Азимов ва Марказий Банк раҳбарияти сўнгги йилларда сурункали тус олган нақд пул муаммоси учун ҳам жавобгар эканликларини айтган.

"Нима сабабдан пластик карточкаларни муомалага киритишдан илгари барча механизмлар пухта ишлаб чиқилмаган? Нима учун кўплаб ташкилотлар, энг аввало, бюджет ташкилотлари ходимлари - ўқитувчилар, врачлар, хизматчилар ва ҳатто пенсионерлар, айрим амалдорларнинг қўштирноқ ичидаги «янгилик»ларидан қийналиши керак?", - деган Президент.

У собиқ молия вазири ва ҳукуматдаги иккинчи шахс бўлган Азимовни жиддий камчилик ва муаммоларни кўриб-кўрмасликка олишда айблаган.

"Ҳақиқий факт шундан иборатки, агар Р.Азимовда ана шу жиддий камчилик ва муаммоларни кўриш хоҳиши бўлганида, уларни кескин бартараф этиш бўйича у зарур ташаббус кўрсатганида, биз бугун иқтисодий ва молиявий соҳаларда бундан ҳам юқорироқ натижаларга эришган бўлар эдик. Такрор айтаман, фақатгина "ғалаба рапортлари" билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас", - деб айтган Президент Мирзиёев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Рустам Азимов энг кўп танқид эшитган раҳбар бўлган

У шунингдек, Рустам Азимов тақдим этган Давлат бюджети дефицитига доир таклифларни рад этган.

"Бу борада фақат бюджет профицити ҳақида сўз бориши мумкин ва зарур", - деган Президент.

Мирзиёев ўтмишда Рустам Азимов раҳбари бўлган Молия вазирлиги мулозимларини қоғозбозлик ва "баланд димоғлик", ходимларни эса "чаласаводлик"да айблаган.

"Нима сабабдан баъзан инсон қадр-қиммати ерга урилади, бунга ким ҳуқуқ берган?! Нима учун Бош вазир ўринбосари ёки ҳукумат аъзоси қабулхонада соатлаб кутиб ўтириши керак? Нима учун Вазирлар Маҳкамасининг тармоқ департаменти мудири жиддий масалалар бўйича юзаки презентация ўтказилишини кунлаб ва ҳафталаб кутади, кейин эса ҳужжат қайта ишлашга қайтарилади? Ва нима сабабдан бу жараёнларнинг барчасини штатдаги ёрдамчи эмас, балки чаласавод ва беандиша қабулхона инспектори белгилайди?", - деб айтган Президент

"Ўйлайманки, - деган у, - буларнинг барчасидан сиз, Рустам Содиқович, танқидий хулоса чиқарасиз ва жорий йил якуни бўйича ҳукумат мажлисида реал натижалар билан ҳисобот берасиз".

Мирзиёев марҳум Ислом Каримов даврида президентликка асосий номзодлардан бири сифатида кўрилган Рустам Азимовнинг ҳукуматдаги мавқейини пастлатган, уни Молия вазири ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларидан четлатиб, Бош вазир ўринбосарларидан бири этиб тайинлаганди.

Унда Президент Мирзиёев ҳукуматнинг деярли барча мулозимлари фаолиятини кескин танқид қилган ва уларни "шахсан жавобгарлик" ҳақида огоҳлантирган.

'Жонсиз ҳисобот'

Айни йиғилишда Мирзиёев "Ўзнефтмаҳсулот" раиси Бахтиёр Султонов ва "Ўзэлтехсаноат" компанияси раҳбари Эркин Иминовларни лавозимидан четлатган.

Бош вазир ўринбосарлари Улуғбек Рўзуқулов ва Ғуломжон Ибрагимовларга ҳайфсан эълон қилинган.

Президент Маданият вазири Б.Аҳмедовнинг ҳукумат мажлисига тайёрлаб келган ҳисоботини "жонсиз ҳисобот" дея танқид қилган.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирийлар 2017 йил учун белгиланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш борасида "шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида" огоҳлантирилган.

Президент давлат маблағлари ва ресурслари талон-тарож қилинаётганини айтган.

"Ўтган йили инспекциялар томонидан пудрат ишлари ҳажми 4 миллиард 700 миллион сўмга камайтирилган. 24 мингта лойиҳа экспертизадан ўтказилганида уларнинг нархи 1 триллион 500 миллиард сўмга камайтирилган", - деб айтган у.

Президент кўпчилик раҳбарларни мураккаб муаммоларни "кабинетдан чиқмасдан ҳал этишга одатланиб қолганлик" да айблаган.

Ҳар йили 1,5 миллион одам ишсиз

Мирзиёев ўз нутқида ишсизлар сонига доир тўлиқ рақамларни келтирмаган, аммо ҳар йили 1,5 миллион иш ўрнига эҳтиёж борлигини қайд этган.

"Юртимизда йилига 1,5 миллион одамни ишга жойлаштиришга эҳтиёж бўлса-да, ўтган йили Бандликка кўмаклашиш марказлари атиги 248 минг кишини ёки 16,5 фоизини ишга жойлаштирган. Бунинг асосий сабаблари иш фаолиятидаги эскирган шакл ва усуллар ҳамда бандлик муаммоларини ҳал этишдаги расмиятчилик билан боғлиқ", - деб айтган Президент.

У маҳаллий ҳокимлар янги иш ўринлари яратмагани тақдирда, уларнинг маошларидан 15 фоиз ушлаб қолинишини айтган.

"Ҳокимлар иш юзасидан тасдиқланган кўрсаткичларни, ҳар ой якунига кўра бажарилишини таъминлаган тақдирда, уларнинг иш ҳақига 15 фоиз қўшимча қўшиш билан рағбатлантирилади. Ана шу кўрсаткичлар бажарилиши таъминланмаса, аксинча, уларнинг иш ҳақидан 15 фоиз ушлаб қолинади", - деб айтган Мирзиёев.

Мирзиёев мамлакатга сармоялар олиб келиш мақсадида давлат бюджети ҳисобидан натижасиз хорижий сафарларга бориб келаётган амалдорларни танқид қилган.

"Агар сизлар хорижий сафарларга сарф қилган харажатларни ҳисоб-китоб қилсак, шу пулнинг ўзига иккита йирик корхонани сотиб олса бўларди", - деган Президент Давлат рақобат қўмитаси раиси Д.Ҳидоятовга.

Мирзиёевнинг айтишича, ўтган йили 650 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинмай қолган.

У Бош вазир ўринбосари З.Мирзаевга "15 кун муддатда ўтган йили 650 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинмай қолгани сабабларини атрофлича таҳлил қилиб, аниқ таклифлар киритиш"ни топширган.

'Аҳвол оғир'

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини таҳлил қилишга бағишланган мажлиси ҳукуматнинг сўнгги йиллардаги энг танқидий йиғилиши бўлган.

Мирзиёев жойлардаги аҳволни "жиддий ва оғир" деб таърифлаган.

Президент мажлис давомида мулозимларни танқид қиларкан, улар маъсул бўлган соҳадаги аянчли аҳвол учун "ким жавоб беради?" деган риторик саволни қайта-қайта такрорлаган.

Аммо танқидчиларга кўра, 13 йил давомида ҳукуматга раҳбарлик қилган Мирзиёевнинг ўзи мамлакатдаги аянчли аҳвол учун масъулдир.

Айни пайтда Лондондаги SOAS университетидан таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг айтишича, Каримов даврида Мирзиёев эгаллаган Бош вазир лавозими анча "декоратив" бўлган.

"Мирзиёев фақат Каримовнинг розилиги билангина у ёки бу раҳбарни ишдан олиши мумкин эди. Ҳозир ҳам иккита давлат ширкати раҳбарларини Бош вазир эмас, балки Президент лавозимдан четлатганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳақидаги маърузани ҳам Президент қилаяпти. Бу ҳануз Президент ва ҳукумат ўртасида ҳокимият ваколатлари бўлиниши юз бермаганини англатади. Масалан, Қозоғистонда Бош вазир кўпроқ ваколатлара эга. Ўзбекистонда эса Президент ва Бош вазир ваколатлари амалда якка шахснинг қўлида жамланган, Абдулла Арипов Мирзиёевнинг котиби ролини бажараётгандек", - дейди Алишер Илҳомов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viberда - телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг