Кимсан, Мирзиёев танқид қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи upl.uz
Image caption Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи Ўзбекистонда танқид ва мулоқотга йўл очмоқда.

Янги президент Ўзбекистондаги аҳволни "оғир" деб тасвирлаб, бу учун амалдорлар: вазир ва ҳокимларни танқид қиларкан, айни жараён аҳолида атрофга танқидий кўз билан қарашни шакллантираётган кўринади.

Шу кунларда президент бошлаб берган очиқликдан "илҳомланиб", унинг ўзини танқид қилиш ҳам кўзга ташланмоқда.

"Эҳ, Шавкат ака..."

Президент Мирзиёевнинг вазиру вузаролар "пўстагини роса қоққан" сўнгги танқидий маърузаси, масалан, унинг ўзи борасида баъзи танқидларни келтириб чиқарди.

"Ҳокимлар нега сармоячиларни жалб қилмайди, деган саволни эшитавериб кўнглим айнаб кетди" - маъруза борасида Фейсбукда мақола ёзган Ўзбекистон ичкарисидан таҳлилчи Анвар Назир.

"Сармоячиларни бизга битта куч ишлатар, нуфузли идора олиб киради. Ва истаса олиб киради, истамаса йўқ. Ҳоким ва вазирнинг бунга кучлари етмайди, Шавкат ака!"

Тошкентда туриб танқидий фикрини ижтимоий тармоқларда эълон қилган таҳлилчи ўз мақоласида президентни кўнглига яқин олиб "Шавкат ака" деб атаган.

Лекин танқиди бевосита Шавкат Мирзиёевга қаратилган.

Муаллиф Ўзбекистонда сармоядорлар учун зарур конвертация ё замонавий банк тизими йўқлигини санайди ва Ўзбекистон иқтисодини "куч ишлатар тизимлар катта холасининг уйига айлантириб қўйишганини" урғулайди.

"Эҳ Шавкат ака, наҳотки шуни шунча йил бош вазир бўлиб англамадингиз?" - қабилида савол қўяди Анвар Назир.

Ўтган чорак аср давомида Ўзбекистон президентининг ҳатти-ҳаракатлари мамлакат ичида номма-ном саналиб, танқидга тутилмаганди. Бунга очиқ ботинганлар эса таъқиб ва тазйиққа учрашган.

Ягона минбар - интернет

"Ижтимоий тармоқларда ёзиш мумкин, аммо бошқа минбар йўқ" - дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда муаллиф Анвар Назир.

"Мен Фейсбукда ёзган мақоламни Ўзбекистоннинг бирон расмий газетаси ёки телеканалида чиқара олмайман".

Ҳозир Ўзбекистондаги айрим янги вебсаҳифалар жамиятдаги маиший ва ё иқтисодий муаммоларни ёритишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ferghananews.com
Image caption Ўзбекистонда одамлар ўтин ё тезак териб исинса ҳам, бу ҳеч гапирилмаган.

Лекин узоқ йиллар ёзилмаган бир қонун ишлаб келган: Энг катта раҳбар ҳеч қачон танқид қилинмайди.

"Танқид қилиш бошланди деёлмаймиз, лекин марҳум Каримов билан солиштирсак, Мирзиёевни танқид қилаётганлар кўпроқ" - дейди суҳбатдошимиз.

Бош раҳбариятни танқид қилаётганлар жуда озчилик ва улар ҳам фақат ижтимоий тармоқларда чекланган.

"Аксарият ҳозир мақташ ҳамда лаганбардорликка берилган".

Ҳали МХХ келмади

Ижтимоий тармоқлардаги фикрларга қараганда, Ўзбекистон жамияти Президент Мирзиёев ишлари борасида иккига ажралган.

Жуда озчилик тоифа яқин тарих ва Ўзбекистонда шаклланган воқеликка боқиб, ҳозирги ҳолатга ҳам ишончсизлик билан қарайди.

Кўпчилик эса "ҳаммаси яхши бўлади" деган фикрда.

Кузатувчилар бу ўринда ҳам Совет давридаги, ҳам Мустақиллик йилларидаги танқидий фикрнинг бўғилиши ва таъқиб этилишини сабаб қилиб кўрсатишади.

Одамларда танқид қилсам, бошим балога қолади, деган қўрқув кучли шаклланган.

"Аммо менга ҳеч ким босим қилмади" - дейди Анвар Назир - "Мана тирикман, сиз билан гаплашиб турибман".

Айни фикрни Фарғонадан ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев ҳам қўллаб қувватлайди.

"Ижтимоий тармоқларда кўпчилик иш услуби ва ҳокимиятга келиш жараёнини танқид қилган" - дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

"Лекин шу танқидларга нисбатан биронта агрессив реакцияни учратмадим ҳам, эшитмадим ҳам".

"Танқидда истисно бўлмасин"

Фарғоналик ҳимоячи Абдусалом Эргашев ҳам Президент Мирзиёев қабул қилган қарор ва қонунлар ижросида жойлардаги раҳбарлар тарафидан кўзбўямачилик бўлаётгани ҳақида интернетда ёзган.

Хусусан, ишсизликни камайтириб кўрсатиш учун ҳокимлар маҳалла ҳамшираларини сафарбар этишаётгани ва улар ишсиз одамларни "хусусий тадбиркор" деб рўйхатга олаётгани хусусида айтади.

Соғлом танқид эса бу каби сохтакорлик, коррупция ё кўзбўямачиликка чек қўядиган чора сифатида кўрилмоқда.

"Коррупцияга ботган прокуратура устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун ҳам сўз эркинлиги зарур" - дейди Абдусалом Эргашев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Shaxsiy surat
Image caption Анвар Назир интернетда Президент Шавкат Мирзиёев ҳақида танқидий мақолалар ёзмоқда.

"Танқиддан эса ҳеч ким истисно бўлмасин. Уни ҳамма тўғри қабул қилсин" - давом этади Абдусалом Эргашев.

"Давлат раҳбари шахсини ҳақорат қилмасдан, аммо камчилик ва нуқсонларини айтиш керак. Танқид нотўғри бўлса, буни ҳам фикр билан чиройли қилиб тушунтириш лозим".

Президент Шавкат Мирзиёев ҳозир худди шунга интилаётганини билдирмоқда.

У амалдорлар халқ билан мулоқот қилиши, одамларнинг дардига қулоқ солиши кераклиги ҳақида кўп таъкидлаётир.

"Одамлар энди гурунгларда мавжуд вазият, ўзгаришлар ҳақида очиқ гапиришмоқда, ҳамма сиёсатчи бўлиб кетди" - дейди Абдусалом Эргашев.

"Илгари бу асло мумкин эмас эди".

Қамчидан қайтамизми?

"Шавкат Мирзиёевнинг ўзи қамчи билан ишлаб бўлмаслигини таъкидлади " - дейди Тошкентдан Анвар Назир - "Буни эслаб қолиш керак".

"Агар 1-2 йилдан кейин Бош вазирликдаги каби эски, қаттиққўл иш услубига қайтса, эслатиб қўйиш мумкин".

Лекин таҳлилчи 1990-йиллар ўрталарида Ислом Каримов ҳам худди ҳозиргидек чиқишлар қилиб, ҳокимларни ашаддий танқид қилганини эслайди.

"Ўшанда ҳам шов-шув бўлган ва одамлар аҳвол ўнгланади, дейишганди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади".

Кўпчилик назарида, янги президентнинг иш бошлаши умидли ҳамда ҳозирги босқичда камчиликларни сарҳисоб қилиши, уларни бартараф этиш йўлларини излаши ва қонунлар қабул қилиши ҳам жуда табиий жараён.

Айни сиёсатни амалда қўллаш, гапдан ишга ўтиш эса жуда яқин келажакдаги кейинги босқич бўлади, деб кутилмоқда.

"Шавкат Мирзиёев танқид ва мулоқотни бошлаб берди, энди айни танқидлар ўзига қаратилса, чидайдими? Бунга баҳо бериш керак ва шарт" - дейди Анвар Назир.

"Аммо бу учун ҳали бир-икки йил вақт лозим".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ