Ток ё таппи: Ўзбекистон - энг орқада

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ozodlik
Image caption Ўзбекистон ҳатто Самарқандга ҳам узлуксиз ток узатишни эплолмаяпти.

"Кайфият ноль. Свет яна ўчди. Бир кунда нақ ўн марта ўчади" - ижтимоий тармоқда Самарқанддаги электр таъминотини тасвирлайди шаҳарлик Гулоро Арипова.

"Телевизор ҳам куйиб кетди. Бир нафақага телевизор олиб бўлмаса" - қўшиб қўяди нафақахўр онахон - "Ёнғин хавфи кучайиб кетди".

Маълум бўлишича, қишнинг чилласида Самарқандда ток кунига 8-9 марта ҳам ўчмоқда.

Айрим шикоят қилганларга гўё авария бўлгани ҳақида айтилган, лекин иккинчи ҳафтаки мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри ва дунёга машҳур Самарқанд ток билан тузук таъминламаяпти.

Интернетда шаҳардаги зулмат тасвирланган тасвирлар чиққан.

Ўзбекистон нега зулматда?

Ижтимоий тармоқларда фикр билдираётган бошқа ўзбекистонликлар қишлоқлар у ёқда турсин, ҳатто қатор вилоят марказларида ҳам ток узилаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Айримлар Тошкентнинг ҳам баъзи мавзеларида кечқурун ток ўчаётгани ҳақида айтишган.

Қишлоқларда аҳвол янада ёмон, газ йўқ, ток кунига 3-4 соат.

Хуллас, Ўзбекистон ҳукуматининг "ривожланяпмиз" деган чорак асрлик гапи пуч ва ёлғон бўлиб чиқмоқда.

"Соат 19.00дан бери бутун туманда чироқ йўқ. Айни кечки овқат ейдиган, янгилик кўрадиган пайт".

Муаллим Баҳодир Элибоев Фарғонанинг Риштон туманидаги аҳволни ана шундай тасвирлайди.

Сўнгги йиллари Ўзбекистон қишлоқ ҳудудларига марказлашган ҳолда, қувурлар орқали газ етказиб бериш деярли тўхтатилган.

Ҳозирда суюлтирилган газ балонлари сотиб олиш мумкин. Лекин уларда исинолмайсиз.

"Ҳечса, ўқув юртларида иситиш, жилла қурса, ёритиш тизимини яхшилаш керак" - ёзади мактабидаги аҳволни ичдан биладиган риштонлик ўқитувчи.

"Ўқувчиларга печка қурдириб, ўтин келтириш билан иш битмайди. Тутуни ўпкасига зарар..."

Тожикистон қандай чароғон бўлди?

Ўзбекистонликлар газ ва токка ёлчимай, ўтин, кўмир ва таппига кўз тиккан минтақадаги ягона халқ бўлиб қолишди.

Чунки минтақадаги энг камбағал давлат - Тожикистон ҳам ўз аҳолисини 24 соат электр билан таъминлашни бошлади.

"Ҳозир кун бўйи чироқ ўчмайди. Узилишсиз олаяпмиз" - дейди шимолий Тожикистон қишлоқларида яшовчи киши.

Президент Раҳмон ўтган ҳафта мамлакатда энди ток узилмаслигини айтганидан бери, электр ўлчаб бериладиган қишлоқ ҳудудларига тўхтовсиз электр узатилмоқда.

Кунига бир неча соатдан ток ўлчаб бериш, Тожикистонда энди тарихга айланиши мумкин.

Кулсамми, йиғласамми?

Ўзбекистон бугун Хитой ва Россияга катта ҳажмда газ, Афғонистонга эса электр сотади. Сўнгги йиллари экспорт ҳажми кўпаймоқда.

Кўпчилик газ ва свет четга сотилаётгани туфайли халқ энергиясиз қолмоқда, деб ишонади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ferghananews.com
Image caption Ўзбекистондан ташқари барча давлатлар халқини электр билан таъминламоқда.

"Ўзбекэнерго" эса ўтган йили аввалгидан 4% кўп электр қуввати ишлаб чиқилганини айтган.

Гўё Ўзбекистон халқининг эҳтиёжидан ортиб, Афғонистонга ҳам сотилмоқда.

Афғонистонга электр сотилаётгани рост. Аммо Ўзбекистон қишлоқларида "сигирнинг кетига кўз тикиб қолганлар" ҳам оз эмас. Таппи учун, албатта.

"Бу масалада сўраганимда трансформаторлар эски, катта босимни кўтара олмайди, деб жавоб беришган" - изоҳлайди Баҳодир Элибоев ҳам - "Чунки газ йўқ, одамлар овқат ё исиниш учун ҳам токни қўшишади".

Ўзбек расмийлари электр қуввати ишлаб чиқарувчи ё таъминловчи юзлаб иншоот ва қурилмалар таъмирланганини ҳам айтишган

Лекин Осиё Тараққиёт Банкига кўра, Совет давридан қолган энергия ишлаб чиқарувчи ё узатувчи иншоотлар мустақиллик йиллари таъмирланмаган.

Ўзбекистон халқи истеъмол қилаётган энергия йил сайин камайиб келган.

Жаҳон Банки ҳисоб-китобларига кўра, 1990-2013 йиллар оралиғида ўзбекистонликлар аҳоли жон бошига ишлатган электр қуввати ўртача 30% қисқарган.

Ечим борми?

Энергия муаммоси ўткирлигини ҳозир Президент Мирзиёев тан олиб, уни ҳал этиш зарурлигини айтмоқда.

Бироқ муаммо қандай ва қачон ҳал бўлади - номаълум.

Тақчиллик сабаби чет элларга сотилаётган газ ҳажми катталиги бўлса, унда Ўзбекистон мавжуд шартномаларни бузиб, аввалига ўз халқини таъминлаши зарур. Бироқ халқаро шартномаларни бузиш ҳам осон ё манфаатли эмас.

Бошқа йўли - маҳаллий бозор учун электр ҳамда газ ишлаб чиқаришни тезда ва кескин кўпайтириш.

Лекин Ўзбекистоннинг ҳозирги газ бойликлари жадал озаймоқда ва келаси чорак асрда тугаши мумкин.

Айни дамда, Ўзбекистонда уран қазиб олинади.

"Ўзбекистон атом электр станцияси қуриши керак" - дейди Тошкентдан собиқ энергетика вазири Анвар Ҳусайнов - "Бу ишни Росссия амалга оширмаса, Ғарб билан бирга қилиш мумкин".

Аммо атом қуввати - Ўзбекистон ҳукумати ҳали кўриб ҳам чиқмаётган бир хаёл.

Режаланаётган қуёш энергияси мажмуалари эса қачон битиб, эҳтиёжнинг қанча қисмини қоплаши улкан савол остида.

Image caption Узоқ йиллар электр ва ёқилғидан қийналган Тожикистонда энди чироқ ўчмаяпти.

Президент Мирзиёевнинг сўнгги нутқига қаралса, биргина "Ўзбекнефтгаз" ширкати тизимига 2010-2016 йилларда 20 миллиард долларлик катта капитал қўйилмалар киритилган, бироқ суюқ углеводород ва табиий газ қазиб олиш камайган.

Айни рақамлар аҳоли газ таъминотига қанчалик салбий этгани номаълум. Чунки қишлоқ жойларида газ таъминоти шундоқ ҳам тарихга айланиб бўлди.

Ҳаммадан орқада

Ҳозир Ўзбекистондаги абгор энергия таъминотини ёқилғи захиралари катта Қозоғистон ё Туркманистонга солиштириб ҳам бўлмайди.

Ҳатто ўз энергия бойлиги йўқ икки камбағал қўшни - Қирғизистон ва Тожикистондаги аҳвол ҳам Ўзбекистондан кўра анча яхши.

Бу давлатлар бир неча йиллар олдин айнан Ўзбекистон ҳукумати газ ва электрни узиб қўйганидан кейин қаттиқ қийналишганди.

Улар режалаган улкан ГЭСларни қуриб битказишмади.

Бироқ юзлаб миллион долларлик қарзга ботишса ҳам, аҳоли учун энергия таъминотини яхшиладилар.

Қирғизистонда нафақат Бишкек, балки Ўш каби кичикроқ шаҳарларда ҳам электр кеча-кундуз узилмайди. Тожикистон ҳам Душанбедан ортиб, Хўжандни таъминламоқда.

Ўзбекистонда эса ҳатто Самарқанд каби дунёга машҳур шаҳарга тузук ток узатилмаяпти.

Президент Раҳмон ҳам, Атамбоев ҳам аксар халқимни электр билан таъминладим, деб мақтана олишади.

Ўзбекистонда эса Шавкат Мирзиёев ҳукумати масъуллари ҳали яқин келажакда ўзбек халқига электр қуввати ё газни тўлиқ етказиб бера олиши - амримаҳол.

Унгача эса аксар ўзбекистонликлар пули бўлса кўмир олиб, бўлмаса, таппи-тезак ёқиб яшашга мажбур.

Сиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ