Федерация: "Денис бизнинг юлдузимиз, қўнғироқлар тўхтамаяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи FILIP SINGER/EPA
Image caption Ўйиндан сўнг Денис Истомин ўз ғалабасини кутмаганини айтди

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Австралия очиқ чемпионатининг иккинчи даврасида жаҳоннинг иккинчи энг яхши теннисчиси Новак Джоковични мағлуб қилди.

Австралия очиқ чемпионати "Катта Дубулға" туркумидаги энг нуфузли тўрт турнирдан дастлабкисидир.

Тўрт соат ва 47 дақиқа давом этган учрашувда 31 ёшли Денис Истомин сербиялик теннисчидан ҳар жиҳатдан устунлик қилгани олқишланди.

Беллашув Денис Истоминнинг 7:6, 5:7, 2:6, 7:6, 6:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Бунгача ўзаро учрашувларда Истомин Новак Джоковичга беш маротаба ютқазганди.

Ўйиндан сўнг Денис Истомин ўз ғалабасини кутмаганини айтди:

"Новакка раҳмим келади, лекин жуда зўр ўйнаганимдан ўзим ҳам ҳайратландим. Ҳаммага миннатдорчилик билдираман. Учинчи сетда оёғимнинг томири тортишиб қолди, лекин қандай қилиб ғалаба қозонганимни англай олганим йўқ", - деди у.

Истомин энди учинчи даврада ўйнайди.

Айни дамда Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Теннис федерацияси вакили Истоминнинг ғалабасидан ҳамманинг боши осмонга етганини билдирди.

Федерациянинг халқаро бўлими мутахассиси Гавҳар Азимованинг айтишича, Денис Тошкентда ва Москвада тўхтовсиз машғулотларни олиб борган.

"У Тошкентда ва Москвада тренировка қилади, лекин охирги пайтларда бир турнирдан иккинчисига сафар қилиб тўхтамади. Австралия очиқ турнирига ҳам у Австралиядаги бошқа турнирдан ўтиб борди. Бутун федерациямиз билан Истомин-Джокович ўйинини жонли томоша қилдик. Ғалабани кутмагандик, лекин у жуда ўз устида жуда ҳам қаттиқ ишлайди. Онаси Клавдия Истомина унинг мураббийси. Денисни Ўзбекистонда ҳам юлдуз деб билади, шунинг учун бугун телефон қўнғироқлари тўхтамаяпти, ҳамма бизни табриклаяпти. Биз жуда хурсандмиз. Денис жуда меҳрибон ва кўнгилчан одам", - деди Гавҳар Азимова.

Денис Истомин 1986 йилда Россиянинг Оренбург шаҳрида туғилган, лекин уч ойлигида унинг оиласи Ўзбекистонга кўчиб ўтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар