Дональд Трамп ва Ўзбекистон...

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг бугун - 20 январь куни расман қасамёдга келтирилижак янги республикачи президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган саноқли давлатлардан бири бўлади.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Дональд Трамп Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтган.

Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни "террорчилар", деб ҳам атаганди.

Алал-оқибат ўтган йилнинг 8 ноябр кунги президент сайловида ғолиб чиққан республикачи номзоднинг 4 август куни Портланд шаҳрида янграган бу сўзлари турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзбекистонликларнинг ғазабнок муносабатларига сабаб бўлганди.

Ўша пайтда Ўзбекистон муваққат президенти бўлган Бош вазир Шавкат Мирзиёев эса, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон лидерларидан кейин Дональд Трампни ғалабаси билан қутлаган тўртинчи Марказий Осиё давлати раҳбари бўлганди.

Ўз табригини бу учовлондан бир кун кейин йўллаган ҳозирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг 45-президентига "соғлиқ ва масъулиятли давлат мансабида улкан муваффақиятлар, бутун Америка халқига тинчлик, осойишталик ва тараққиёт тилаб" қолганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, марҳум президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ бошқаруви даврида Ўзбекистон глобал сиёсатда "қудратларга" нисбатан ўзининг беқарор ташқи сиёсати билан танилиб улгурган.

Ҳали муваққат президент экан, Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат масаласида "марҳум президент Ислом Каримов концепциясига содиқ қолишлари"ни баён қилган.

Расман ҳам Россия ва ҳам АҚШ билан ҳар томонлама манфаатли ҳамкорлик ўз ташқи сиёсатларида муҳим аҳамият касб этиб қолишини алоҳида тилга олиб ўтган.

Бошқа томондан, Дональд Трампнинг қудратга келиши ўтган 15 йил давомида АҚШ-Ўзбекистон алоқаларида муҳим ўрин тутиб келган қўшни Афғонистонда Россия фаоллашиш ҳаракатида бўлган, демократчи президент Барак Обама даврида расмий Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларга жиддий дарз етиб улгурган бир манзарада қудратга келмоқда.

Устига устак, республикачи президент Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият 2001 йилдан буён кузатилмаган бир даражада издан чиқиб бўлган, мамлакатда барча минтақа давлатларини бирдек жиддий хавотирга солаётган Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи қадар фаоллашишга муваффақ бўлган бир пайтда ўз президентлигини бошламоқда.

Шундай эса, мавжуд вазиятда АҚШ янги республикачи президентининг Ўзбекистонга нисбатан ташқи сиёсати қандай бўлади? - Ва бунга жавобан расмий Тошкентники-чи?..

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай савол билан Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Анвар Назировга мурожаат қилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.