Мусулмонлар бугун Трампдан қанчалик хавотирда?

Америка мусулмонлари Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Америка Қўшма Штатларининг бугун - 20 январь куни расман қасамёдга келтирилажак янги республикачи президенти Дональд Трамп сайловолди кампанияси чоғида ўзининг мусулмонларга қарши кескин чиқишлари билан ҳам танилган.

Ҳукумат мусулмонларнинг Америкага нисбатан муносабатини "тўлиқ аниқлаб олмагунча", уларнинг мамлакатга киришларини буткул тақиқлашга чақирган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Республикачи номзоднинг бу каби даъвати қанчалик шов-шувли бўлмасин, унинг аксарият тарафдорлари томонидан олқишлар билан кутиб олинган.

Дональд Трамп эса, Оқ Уй қолиб, ҳатто, ўз партиядошларининг кескин танқидларига сабаб бўлган бу чақириғини ўзининг консервативлиги билан танилган Хавфсизлик Сиёсати маркази томонидан олиб борилган сўров натижаси билан оқлаган.

Янги сўров натижаси 25 фоиз мусулмонлар Америкага қарши ҳужумлар асосли эканига ишонишини аниқлаганини иддао қилган.

Бу даъватидан аввал Дональд Трамп мамлакатдаги айрим масжидларни ёпиш, мусулмонларни мунтазам равишда кузатув остида тутишга ҳам чақирганди.

Дональд Трамп орада Ўзбекистон, Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокашни тилга олиб, уларни, ўз таъбирида, "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, фуқароларини эса, "террорчилар", деб аташ даражасигача борганди.

Трампнинг мусулмонлар ҳақидаги ушбу баёнотлари АҚШ ва бошқа мамлакатларда сиёсатчилар ва диний раҳбарлар томонидан кескин танқидларга сабаб бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Британияда Доналд Трампнинг Британияга киришини тақиқлаш талаби билан петиция ташкил қилинган. Бу петицияни дастаклаб бир неча юз минг киши имзо ҳам қўйганди.

Бу каби танқидлар манзарасида Дональд Трамп ўз сўзларини юмшатишга ҳам борган, буларнинг барчаси даъват эмас, "бир таклиф" бўлганини даъво қилиб чиққан.

Бундан ташқари, "Американи бирлаштириш" ниятида эканини қайта-қайта баён қилишга ҳам тушиб қолган.

8 ноябрь кунги президент сайлови ортидан, унинг мусулмонларга оиди дохил қатор шов-шувли баёнотлари "йўқолиб" ҳам қолганди.

Бугунги қасамёд маросими арафасида Вашингтонда ўтган концертда ҳам Дональд Трамп яна бир бор "Американи бирлаштириш"га ваъда берган.

Аммо Америка-Ислом алоқалари кенгаши (CAIR) томонидан чоп этилган сўнгги ҳисоботга кўра, сўровга тортилган мусулмон овоз берувчиларининг 72% фоизи Демократлар номзоди Ҳиллари Клинтонга овоз беришларини айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Америкалик мусулмонлар эса, одатда, республикачилар учун овоз бериб келишган.

Pew Research Center маълумотларига кўра, 2014 йили 0,9% фоиз америкаликлар ўзларининг мусулмон эканликларини айтишган.

2011 йилда Америка Мусулмонлари ташкилоти ошкор этган маълумотларга кўра, мамлакатда 2,75 миллион мусулмон бўлган.

Агар, "Вашингтон Пост" нашрининг ўтган йил охирида эълон қилган маълумотларига таянилса эса, айнан Дональд Трампнинг президент сайловидаги ғалабаси ортидан, бутун Америка бўйлаб мусулмонларга қарши "диний нафрат заминида" амалга оширилаётган ҳужумлар сони кескин ортган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Американинг янги сайланган президенти Дональд Трамп расман ўз вазифаси ижросига киришиши арафасида у ердаги мусулмонларнинг кайфиятларига назар ташлаш учун Индиана штатидан таниқли ўзбек зиёлиси, профессор Назиф Шаҳроний билан боғланди - тафсилотлари видеолавҳамизда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.