Сурхондарёлик тадбиркор 'ИИБдаги қийноқдан вафот этган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи IGNPU

Сурхондарёлик тадбиркор Муродилла Омоновнинг яқинлари Жарқўрғон туман милицияси ходимларини 33 яшар Омоновни "қийнаб ўлдирганлик"да айблашмоқда.

Мустақил Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг марҳумнинг онаси Кароматхон Қодировага таяниб, маълум қилишича, Муродилла Омонов 21 январ куни милиция томонидан ноқонуний ҳибсга олинган.

Ҳодиса тафсилотларидан англашилишича, 2017 йилнинг 20 январ куни кеч соат 8 да Муродилла Омонов ўз автомашинасида уйга қайтаётган пайт Жарқўрғон ИИБ биноси яқинида уни бир неча милиция ходимлари тўхтатиб, мажбуран ИИБ ҳовлисига олиб кирганлар.

Ўғлининг ИИБ да эканидан хабар топган она соат 9 да милиция идорасига етиб борган пайт О. (исми қисқартириб берилмоқда-таҳр.) исмли жиноий қидирув бўлими ходими Омоновга 15 кун ҳибс жазосини берилишини айтган.

"Аммо ходим нима учун жазо берилишини айтишдан бош тортди ва 2 соатдан кейин Муродиллани қўйиб юборишларини айтди. Лекин қўйиб юборишмади. телефони ҳам жавоб бермади", - дея марҳум онасининг сўзларидан иқтибос келтиради Сурат Икромов.

Унга кўра, ўғлидан хабар ололмаган Кароматхон Қодирова кеч соат 22.30 да "02" рақами орқали милицияга қўнғироқ қилган.

Милициядагилар Муродилла Омонов инфаркт миокард ташхиси билан туман шифохонасига олиб келинганини айтишган.

22.45 да шифохонага етиб келган она ўғлини палатадан ҳам, жонлантириш бўлимидан ҳам тополмаган.

"Шифохона ҳовлиси милиционерлар билан тўла эди, уларнинг сони 50 дан ортиқ эди",- деб айтган Кароматхон Қодирова.

Унинг сўзларига кўра, 23.30 да ўғлининг вафот этгани ва жасади шифохона ўликхонасида эканидан хабар топган.

21 январ куни Муродилла Омоновнинг жасади "Дехқонобод" маҳалласидаги уйига олиб келинган ва шу ерда патологоанатом томонидан экспертизадан ўтказилган.

Мутахассис "экспертиза хулосаси"ни 15 кундан кейин тақдим этишини айтган.

Кароматхон Қодирова ўғлининг ўлими "буюртма қотиллик" эканини даъво қилган.

У маҳаллий бозорқўм ва милицияни ўғлига қарши тил бириктирганликда айбламоқда.

Онанинг сўзларига кўра, Жарқўрғон туман милицияси раҳбари ва прокурори Муродилла Омоновга нисбатан "шафқатсиз ва ноинсоний қийноқ қўллаган" милиция ходимларига нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаётир.

Би-би-си ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.