"Қиз узатган" ўзбекнинг бизнес режаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ozodlik

Ўзбекнинг бир мақоли бор: "Қиз узатганга, қирқ йил тегма" деган…

Шу биз ҳам онаси билан яқинда қарз ҳавола кўтариб, эл қатори дегандек қизимизни узатдик.

Яхшиям-ки уйда, тўйдан қолган бурда нонларни қуритиб "сухарик" қилиб қўйган эканмиз, мана қишни чилласида асқотмоқда, чойга ботириб совуқ уйда кампир-чол секин-аста чайнаб ўтирибмиз.

Хизматингни қилиб юрган фарзандинг кетса, газсиз, чироқсиз уйинг ҳувиллаб янада совиб, янада қорунғулашиб кетаркан.

Шу эр-хотин бир-биримизга қараб гапирмасак-да, яшайвериб бир-биримизни сўзсиз тушунадиган бўлиб қолибмиз. Бу мўлтираб қарашда, унинг ҳам, менинг ҳам гапимиз бир жойдан чиқиб қолди: "Энди нима қиламиз?..."

Зерикиб ўтиргандик, бирдан почтачи келиб қолди, хат кўтариб. Қўрқиб кетдим, оббо, суддан коммунал тўловларни ундиришмикан деган ўй билан нафасим ичимга тушиб кетди. Йўқ, "Ўзқишлоққурилишбанк"дан экан. Хотинга: "Тезроқ оч, дарди нима экан", дедим.

Қарасак, бизнес бошлаш учун минимал ойликнинг 1000 баробаригача кредит ҳақида экан. Икковимиз ҳам шошиб қолдик. Тезда "қўқон" дўппини бошга қўндириб, чўпонни илиб бориб шу пулга даъво қиламан десам, кампир қурмагур, кўппи кўрган: "Дадаси шошманг, емоқни, қусмоги бор, хатни яхшилаб охиригача ўқинг", деб қолди.

Ўқиб кўрсам, ё машина ёки уйни "залог"га қўйиш керак экан. Бизда-ку мошин йўқ, лекин отамдан қолган томи қийшиқ бир кулба бор, шуни қўяй десам, кампир яна: "Дадаси, қариб қуда-андали бўлган чоғимизда, кўчада қолмайлик тағин," деди.

Бу иш, тўппини ерга қуйиб, ўйлаб қилинадиган иш эканини англадим. Шундай ҳам қилдим. Бизнес режа тақдим қилиш керак экан банкка. Имкониятларимни чамалаб чиқдим. Кўзим ўнгида ҳалиги 150 миллион пул айланмоқда, қаддим тикланиб, ўзимни қирчиллама йигитдек ҳис қилиб юбордим. Хотинга уйда ҳамма нарса бўлади, ҳаттоки, газ ҳам дедим.

Кампир эса: "Чол, миянгиз айниган кўринади, бутун туманда йўқ газ, қандай қилиб бизникида пайдо бўлиб қолади?" деб сўради.

"Эээ, товуқ мия, қаловини топсанг, қишда қор ҳам ёнади", дедим унга.

У анқайиб, тушунмай, елкасини қисди. "Газни энди ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Бизда ота-боболаримиздан қолган "бойлик" бор", дедим.

У яна ҳайрон: "Қанақа бойлик экан, келин бўлиб тушганимда, дадангизнинг йиртиқ тўнидан, бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди-ку", деб камситди.

Мени жаҳлим чиқиб: "Овозингни ўчир, бўлмаса, кредитни қўлга киритсам, сендан ёшроғига уйланаман", дея пўписа қилдим.

Кампир: "Эээ, шарти кетиб, парти қолган сассиқ чол", деб пичирлаб ўзини овутган бўлди.

Бир оз ўтиб, мулойимгина: "Дадаси, ўзи бизнес планингиз қандай?" деб сўради.

Менам, эриб кетиб унга тушунтирдим: "Ҳув анави бурчакдаги "кичкина уйни" кўраяпсанми, ўша ерда "хазина" бор, Хитойдан келтирилган ускунани сотиб олиб, ўшани ачитиб био-газ қилиб сотамиз. Роса бойиб кетамиз шунда", деб керилдим.

Кампир барибир зиёлини боласи-да: "Шошманг, мен бир қизиқиб кўрай-чи", деб чиқиб кетди.

Вақт алламаҳал бўлди, ҳеч келмайди. Хавотир ола бошладим... кампирдан эмас, албатта, "бизнес режани бошқаларга гуллаб қўйиб, улар ғоямни илиб кетмасин тағин" деб...

Хуллас, келди "шумхабар" билан. 1-2 тонна "чиқиндини" ҳафталаб ачитиб олинган биогаз атиги 1 чойнак чой қайнатишга етар экан.

Қолаверса, унинг сассиғи бутун қишлоқни тутиб кетармиш. Ундан ташқари, кампир банкнинг фоиз ставкаларини ҳам ўрганиб чиқибди. Қўшимча даромад солиқлари билан ҳисоблаганда, мутлақ зарарли бизнес эмиш…

Хуллас, бизнес режамни чиппакка чиқарди. Кампирнинг гапига қараганда, умуман олганда, ғоям ёмон эмас эмиш, чунки ҳалиги солиқ ва кредит фоиз ставкаларини ундиргани келганларга нақд пул йўқ бўлса, товар билан, яъни ҳалиги "хазинанинг" энг қуюқ жойидан бериб қутилса бўлармиш".

Кула-кула, совуқ кунни ҳам кеч қилиб, танчани ичига кириб кўрпага ўралиб ётдик.

Хуллас, одам зерикмайди бу "саргузаштлар юртида".

Эртага нима кутмоқда, Худо пошшо!

Муштарий, Ўзбекистон

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.