Қозоғистонда Сурия бўйича музокаралар ўтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Башар Жаъфарий Сурия ҳукумати "ижобий" мужда йўллаганини айтади

Остонадаги тинчлик музокараларида иштирок этаётган Сурия ҳукумати ҳайъати раҳбари исёнкорлар тарафини "иғвогарона изоҳлар" беришда айблаган.

Башар Жаъфарий исёнкорлар вакилларига бошчилик қилаётган Муҳаммад Аллоушнинг ҳатти-ҳаракатлари дипломатияга зид эканини айтган. Жаноб Аллоуш Сурия ҳарбийлиги ва унинг иттифоқчилари сулҳни оёқости қилаётганини айтганди. Шунингдек, у ички урушларга сиёсий ечим исёнкорларнинг "ягона" танлови эмас, балки афзал кўраётгани эканини айтган.

Қозоғистон пойтахти Остонада Сурия можаросини бартараф этишга қаратилган тинчлик музокаралари Сурия ҳукуматини дастакловчи Россия, Эрон ва исёнкорларга хайрихоҳ Туркия ташаббуси билан ташкил қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мухолифат ҳайъати илк бор қуролли гуруҳлар вакилларидан ташкил топган.

Ташкилотчилар янги натижага эришиш эҳтимолини пасайтиришга уринишган ва исёнкорлар ҳукумат билан тўғридан-тўғри музокаралар бўлмаслигини айтишган.

Мухолифат ва ҳукумат ўртасида БМТ ҳомийлигида бошланган сўнгги мулоқот 2016 йил бошларида тўхтатилганди.

Музокараларга ўзини "Исломий Давлат" деб атовчи гуруҳ вакиллари чақирилмаган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, йиғин сешанба куни якун топади.

Сурияда қарийб 6 йилдан бери давом этаётган қарама-қаршиликларда 300,000дан ортиқ инсон ўлдирилган ва 11 миллион киши бошпанасиз қолган.

Йиғинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мулозими Стаффан де Мистура ҳам иштирок этмоқда. АҚШ тарафидан вакил мамлакатнинг Қозоғистондаги элчисидир.

Кун тартиби

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 6 йиллик қарама-қаршиликлар миллионлаб инсонларни бошпанасиз қолдирган

Олдинроқ матбуотга гапирган Сурия ҳукумати ҳайъати раҳбари Башар ал-Жаъфарийга кўра, йиғинда ўтган ойги оташкесимни кучайтириш масаласига эътибор қаратилиши мумкин.

"Бу иштирокчиларнинг қанчалар ишонса бўладиган ва жиддийликларини кўриш учун синов бўлади..." деб айтган у.

Оташкесим 30 декабр куни Россия ва Туркия воситачилигида эълон қилинганди.

Аммо айни оташкесим ИД ва Жабҳат Фатеҳ ал-Шам (олдин бу гуруҳ ал-Нусра Жабҳаси номи билан маълум бўлган, июл ойи ал-Қоида билан алоқаларини узар экан, номини ўзгартирган) гуруҳларига таалуқли эмас.

Музокаралар бошланишидан олдин Би-би-сига гапирган мухолифат воизи икки томон, гарчи тўғридан тўғри бўлмаса-да, оташкесим, инсонпарварлик ёрдамлари ва маҳбуслар масалаларини муҳокама қилишини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.