Ислом Каримов номи абадийлаштирилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet
Image caption Ислом Каримов номи абадийлаштирилмоқда

Ўзбекистон пойтахтидаги Тошкент халқаро аэропорти дохил мамлакат бўйлаб бир неча иншоотлар,кўчалар, жумладан, Асакадаги автомобил заводи ҳам энди Ислом Каримов номи билан аталадиган бўлади.

Президент Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида Ислом Каримовни отаси каби улуғлашини айтар экан, энди унинг номини абадийлаштириш борасида қарор берган.

"Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди".

Айнан мана шу икки жумла нафақат хорижлик, балки айрим ўзбекистонлик журналист ва кузатувчиларни иккилантириб қўйган.

Тошкентлик журналистлардан бирининг Би-би-сига айтишича, "Каримов мустабид тузумдан Ўзбекистонни озод этгани йўқ. Қайтага СССР парчаланаётган пайти иккиланган ва ГКЧПни дастаклаган эди. Ўзбекистон бугун замонавий ва демократик давлатга айлангани йўқ".

"Ислом Каримов мана шу матнда даъво қилингани каби йўлбошчи бўлган эса, нима учун Шавкат Мирзиёев бугун ҳар бир чиқишида ўтмишни "саваламоқда" ва Каримов даврида қувилган мулозимларни ишга тикламоқда? Нима учун Каримов даврида мисли кўрилмаган қонунларни қабул қилмоқда?"

Ижтимоий тармоқларда ҳам Ислом Каримов номини абадийлаштириш борасида фикрлар иккига бўлинган.

Мирзиёев қарорида "ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана - 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этиш..." ҳақида сўз боради.

Ўзбекистоннинг "Отатурки"...

Ўтган йил Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга сафари мобайнида Мирзиёев, Ислом Каримов ўзбекистонликлар учун Мустафо Камол Отатурк каби қадрли эканини урғулаганди.

Афтидан президент Шавкат Мирзиёев ўзи учун отаси каби улуғлигини айтган Ислом Каримовдан Ўзбекистон "Отатурки"ни яратишга жиддий бел боғлаган.

"2 сентябрни Каримовнинг жиноятларини хотирлаш куни деб нишонлаш керак", деб ёзади Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистон дунёнинг энг тоталитар давлатларидан бирига айланганди.

Каримов ҳукмронлиги остида Ўзбекистон матбуоти ақалли бугунги каби эркин эмас эди.

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида инсон ҳуқуқларини муттасил поймол қиладиган,қийноқлар кенг, систематик равишда қўлланиладиган бир мамлакат ўлароқ танилган эди.

Мамлакат ва минтақада хавфсизликни таъминлаш баҳонаси билан кузатувчиларга кўра, Каримов шафқатсиз ва порахўр тизимни шакллантирди.

2005 йил май ойида Андижонда минглаб, асосан тинч аҳоли норозилик намойишига чиқар экан, ҳукумат қўшинлари майдондагиларга қарата ўт очди.

Майдондаги минглаб андижонликлар орасида аёллар ва болалар ҳам бўлгани ҳужжатлаштирилган.

Каримов уларни террорчилар деб атади, қурбонлар сонини аксарияти террорчилардан иборат 187 киши эканини айтди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналист ва воқеа гувоҳларига кўра, Андижон қирғинида қурбонлар сони расмий кўрсаткичдан бир неча баробар кўп бўлган.

"Каримовни тириклигида ҳам ўлганида ҳам танқид қилиш мумкин эмас..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW
Image caption Андижон қирғини

Ўзбекистонлик журналистга кўра, Каримовнинг тарихий меросига холис баҳо бериладиган кунлар бу яқин орада келмайди.

"Биз ҳамон "порлоқ келажак" деган туш билан яшаяпмиз. Бу ширин туш ва ундан воз кечиш осон бўлмайди. Ўзбекистонда расман ҳеч қачон Каримовнинг сиёсатини бетараф таҳлил қилинмайди, қилинса ҳам холислик бўлмаслиги аниқ. Уни тириклигида ҳам танқид қилолмасдингиз, энди мана ўлганидан кейин ҳам ҳақиқатни айтолмайсиз".

Ислом Каримов ҳақидаги мақтовларга эса барча матбуот нашрларининг эшиклари очиқ.

ЎзА ўзининг шарҳловчиси Севара Алижонава Ислом Каримовга ёзган, аммо унга беришга улгурмай қолган узундан узоқ мактубини чоп этган.

Айни мактубдаги қуйида иқтибос келтирилаётган жумлалар Ўзбекистонда Ислом Каримов хотирасига нисбатан расмий муносабат буёғига қандай шаклланишига яққол мисол бўлиши мумкин.

"Сиз бир дунё эдингиз. Мусаффо осмон, Сиз қурган бинолар, йўллар, машиналар, китоблар ва Сиз севган халқ - бутун Ўзбекистон Сизни эслатиб туради. Сизни Ўзбекистон дегим келади...Йўқ, Сиз барҳаётсиз! Қаёққа қарамайлик, Сизни кўрамиз. Ана, ўнг қўлингизни баланд кўтариб, кулиб турибсиз…Ислом Абдуғаниевич! Ўрганамиз, интиламиз! Ҳеч кимдан кам бўлмаймиз! Сиз орзу қилган ёшлар майдонга чиққан. Миллионлаб қалбларга чўғ ташлаган Сўзингиз аланга олмоқда. Буёғи яқин, буёғига келажагимиз буюк бўлажак…"

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар