Олий таълим: Ўзбекистоннинг нега дунёда ўрни йўқ?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thewur.com
Image caption Жаҳон университетлари рейтинги харитасида Марказий Осиёнинг ўрни йўқ

Жаҳон Иқтисодий Форуми 2016 йилнинг энг зўр университетлари рўйхатида яна Ғарбий Европа, Шимолий Америка, Шарқий ва Жанубий Осиёнинг олий ўқув юртлари энг юқори ўринларда келади.

Айни пайтда, Жанубий Осиё, Жанубий Америка, собиқ социалистик Шарқий Европа ва ҳатто айрим нотинч Шимолий Африка давлатлари ҳам орқада қолмасликка интилишаётгани кузатилади.

Дунё давлатларининг олий таълимдаги муваффақияти асосида тузилган харита оч ё тўқ сарғиш ва қизғиш ранглар билан белгиланган.

Ранг қанчалик тўқ бўлса, ўша мамлакат университетлари дунёда олди ўринларда. Оч қизғиш ё сарғиш ранглар эса олий таълим даражаси ўртача дегани.

Бироқ харитада иккита минтақа рангсиз, улкан оппоқ доғ каби кўзга ташланади. Биттаси - Қора Африка, иккинчиси эса - Марказий Осиё.

Дарвоқе, бу қаторда яна урушлардан вайрон Ироқ, Сурия ва Афғонистон ҳам бор.

Таълимда пора

Ўзбекистон ва Қозоғистон дохил улкан минтақа собиқ Иттифоқнинг бошқа давлатларидан ҳам орқада қолмоқда.

Совет давридан бери аҳоли саводхонлиги баланд, бутун минтақанинг маданий ва илмий маркази бўлган Ўзбекистон олий таълим тизими нега бунчалик абгорлиги борасида эса таҳлилчилар кўплаб сабабларни келтиришади.

"Ўзбекистонда олим таълим қолоқлигининг бош сабаби порахўрлик" - дейди ҳам Ўзбекистон, ҳам Британия олий ўқув юртларида ўқиган тошкентлик Абдумалик Салиев - "Бу унсур қабулдан бошлаб, токи ўқиш тугагунча давом этади".

Пора билимсиз болани ўқишга киритиш учун берилади ва шу асно чаласавод мутахассис етиштириш занжири давом этаверади.

Айни дамда , малакали ва ё ҳатто четда ўқиган билимли ёшлар учун ҳам тузук маошли иш йўқ. Ойликлар пастлиги боис ёш-қари кўплаб билимли мутахассислар ё бошқа ишга ўтишади, ё чет элларга кетишади.

Талабалар бир неча ойлаб ўқишдан узиб, пахта ишларига мажбурланади.

Тайванда илмий иш олиб бораётган ёш олим Фарҳод Абдураҳмоновнинг билдиришича, Ўзбекистондаги бугунги таълим даражаси 1960-йиллардаги Африкага ўхшаб кетади: маҳаллийчилик ё қабилачилик авж олган, фақат давлат раҳбари шахси улуғланган, таълимга эътибор берилмаган, қишлоқ хўжалиги феодал усулда юритилган.

"Ҳозир Марказий Осиё шундай бошқарилмаяптими?" - савол қўяди суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz
Image caption "Кириш имтиҳони онлайн тарзида ўтказилиб, натижаси ошкор ва тезкор бўлиши керак"

Олий таълим тезда сифатли ислоҳ қилинмаса, ҳозирги глобал илмий рақобат даврида Ўзбекистон нафақат қолоқ давлатга айланади, балки билимсизлик мамлакат миллий хавфсизлигини ҳам хавф остига қўяди, деган хавотирлар йўқ эмас.

Нима қилмоқ керак?

Аксарият олимлар ва талабаларга кўра, аввало, таълимдаги порахўрлик, адолатсизлик ва маош пастлигини бартараф этиш лозим.

Биз бу борада Ҳиндистон ва Шарқий Осиёдаги нуфузли олий ўқув юртларида ўқиган ва ҳозир илмий иш қилаётган, илғор таълим тизимидан хабардор ўзбекистонлик ёш олим Фарҳод Абдураҳмонов фикрларини ўргандик:

  • Ўзбекистонда абитуриент камида бир пайтда 5та олийгоҳга кириш учун ҳужжат топшириш имкониятига эга бўлиши лозим.
  • Амалдаги тест тизимини интернет-онлайн шаклига ўтказиш жоиз. Бу учун имтиҳон ўтказиладиган хоналарда камералар ўрнатиш, тест топширилиши заҳотиёқ жавобларни чиқариб беришни ташкиллаштириш муҳим.
  • Таълим соҳасидаги профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларини кескин ошириш, уларга эркин ижод қилишлари учун амалда имкониятларни яратиб бериш жуда лозим. Шу асно четдаги мутахассисларни ҳам қайтариш мумкин.
  • Ўқитувчилар ўз фикрларини, қарашларини эркин баён этиш ҳуқуқига эга бўлишлари ва талабаларга ҳам шундай имконият берилиши зарур. Илмда эркин баҳс-мунозара, фикрлар хилма-хиллиги бўлмаса, давлат белгилаган "қобиққа" ўралашиб қолишса, ривожланиш ҳам бўлмайди.
  • Турли турникет, оқ кўйлак, қора галстук, узун ю.ка каби ташқи нарсаларга аҳамият беришни тўхтатиб, асосий эътиборни малакали мутахассислар тайёрлашга қаратмоқ керак. Ислоҳот деганда, ўқув юрти биноси олдини қора ойна билан қоплаб, кўз-кўз қилишни тушунмайлик.
  • Таълим соҳасини ҳақиқий олимлар, зиёлилар, палаги тоза инсонлар бошқаришсин.
  • Маориф вазирликлари, идоралар ўз ваколатларини амалга оширишда эркин ва масъул бўлишлари ҳам қонунан ва ҳам амалий жиҳатдан ҳукумат томонидан таъминланиши шарт.
  • Академик лицейларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда коллежларнинг бир қисмини академик лицейларга айлантиришни ўйлаб кўриш керак.
  • Давлатга қарашли олийгоҳлар билан биргаликда хусусий университетлар очилишига ҳам рухсат берилсин.
  • Таълим соҳасидаги ўзгаришларни бошқа соҳаларни ҳам ислоҳ этиш орқалигина амалга ошириш мумкинлигини ёдда тутиш зарур.

Албатта, Фарҳод Абдураҳмонов фикрларига қўшимча таклиф ё қарашлар ҳам бўлиши мумкин.

Хусусан, сиз нима деб ўйлайсиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Олий таълимда муаммолар кўп, аммо энг каттаси - порахўрлик дейилади.

Ўзбекистоннинг ўз олий ўқув юртлари орасида энг атоқлиси, Тошкентдаги Халқаро Дипломатия ва Иқтисодиёт Университети саналади. Аммо ушбу ўқув юрти ҳам дунё рейтингда юқори жой ололмаган.

Мамлакатда Буюк Британиянинг Вестминстер ва Жанубий Кореянинг Инха университетлари каби билим даргоҳлари филиаллар очишган.

Бироқ улар чет эл ўқув юртлари саналади ва кўплаб битирувчилар ҳам хориждан иш излашга мажбур бўлишаётганини айтадилар.

Президент Шавкат Мирзиёев илмий ходимлар ҳамда профессорларга энди эътибор қаратишига ишора берди. Олимлар ва илм аҳли билан учрашувлар ўтказди, уларнинг моддий аҳволини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

Бироқ олий таълимни кенг ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон университетларини жаҳондаги етакчи билим даргоҳлари қаторига қўшиш мамлакатдаги ҳозирги шароитда осон кечмайдиган кўринади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ