CPJ Мирзиёевни матбуотга эркинлик беришга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи CPJ

АҚШда жойлашган Журналистларни Ҳимоя Қилиш Қўмитаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни қамоқдаги журналистларни озод этиш, матбуотга эркинлик бериш ва интернетга қўйилган чекловларни олиб ташлашга чақирган.

Мирзиёев номига йўлланган мурожаатда Қўмита марҳум президент Ислом Каримовнинг ўтмишда оммавий ахборот воситаларига нисбатан олиб борган "репрессив сиёсати"ни қоралаган.

"Сайловолди кампанияси давомида Сиз ҳукуматнинг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишни ваъда қилдингиз. Бундай ҳисоботчиликка етишишнинг энг тўғри йўлларидан бири мустақил оммавий ахборот воситаларининг жазоланишдан қўрқмай ишлашини кафолатлашдан иборат", - дейилади мурожаатда.

Қўмита Мирзиёевга Ўзбекистон қамоқхоналаридаги журналистлар - Муҳаммад Бекжонов, Юсуф Рўзимуродов, Дилмурод Сайид, Солижон Абдураҳмонов ва Жамшид Каримовларнинг тақдирини эслатган.

"Эрк" мухолифат газетасидан Муҳаммад Бекжонов ва Юсуф Рўзимуродов, Қўмита тадқиқотига кўра, дунё бўйлаб энг узоқ муддат қамоқда қолаётган журналистлардир", - дейилади мактубда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch
Image caption CPJ га кўра, Муҳаммад Бекжон дунё бўйича энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналистлардан бири

CPJ шунингдек, Мирзиёевни мустақил интернет нашрларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш ва 2005 йил майидаги Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбурланган хорижий оммавий ахборот воситаларининг мамлакатга қайтишига изн беришга чақирган.

Қўмитага кўра, бу каби қадамлар Мирзиёевнинг ҳозирги ўтиш жараёнида матбуот эркинлигига "ишончи ва мажбурияти"ни намойиш қилган бўлур эди.

Мирзиёевнинг ўзи ҳозирга қадар матбуот эркинлиги борасида бирон баёнот бермаган.

Унинг ижтимоий-иқтисодий соҳада бошлаган ислоҳотлари манзарасида Ўзбекистон ичкарисидаги интернет нашрлар аввалгига нисбатан фаоллашган ва танқидий мақолаларга ҳам ўрин бера бошлаган.

Аммо давлат матбуоти, хусусан, босма матбуотда бу каби жонланиш кузатилмайди.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон халқаро матбуот ташкилотларининг сўз эркинлиги энг кўп чекланган давлатлар ва интернет душманлари рўйхатларидан мустаҳкам ўрин олган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.