Ўзбекистонда чиқиш визаси '2018 да бекор қилиниши мумкин'

Ўзбекистонда 2018 йил охиригача хорижга чиқиш паспортлари жорий этилиши мумкин.

Sputnik агентлиги бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирининг ўринбосари Нодир Жўраевга таяниб хабар тарқатган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Агентликнинг ўзбек мулозимидан иқтибос келтиришича, хорижга чиқиш паспортлари 10 йил муддатга берилади.

"Хорижга чиқиш паспорти, қоидага биноан, 10 йилга берилади, стикер эса икки йилга. Яъни хорижга чиқиш учун фуқаро тегишли идораларга ҳозиргидан беш марта кам мурожаат қилади", - деб айтган Ўзбекистон Адлия вазирининг ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, виза-паспорт тизимидаги ислоҳотлар ҳозирда муҳокама босқичида ва ниҳоий қарорнинг қандай бўлиши ҳозирча маълум эмас. Жорий йил охиригача тайёрланадиган ҳужжатда барча зарур ҳаракатлар ишлаб чиқилади, хорижга чиқиш паспортларининг ўзи эса "келаси йилдан жорий қилиниши мумкин".

Айни пайтда мулозим ўзбек фуқароларининг МДҲ давлатларига кириш-чиқиш тартиби қандай бўлади, деган саволга жавоб беролмаган.

Нодир Жўраевнинг айтишича, Ўзбекистон яқин келажакда икки фуқароликка рухсат беришни режалаётгани йўқ.

Аввалроқ ҳукумат порталида эълон қилинган Ҳаракат дастурида хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш ва ўрнига хорижга чиқиш паспортини жорий этиш ҳақидаги лойиҳа экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди.

Чиқиш визасининг бекор қилиниши учун аниқ муҳлат кўрсатилмаган, аммо айни тадбирни бажариш муддати 2017 йилнинг 3-чораги этиб белгиланган.

Ўзбекистон конституцияси фуқароларнинг мамлакат ичкариси ва ташқарисида эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқини кафолатлашига қарамай, совет давридан қолган чиқиш визаси амалда сақланиб қолган.

Хорижга чиқишни назорат қилиш тизими мамлакатдаги энг коррупциялашган тизимлардан бири сифатида кўрилади.

Хорижга чиқиш учун стикерлар расман Ички ишлар вазирлигининг бўлинмалари томонидан расмийлаштирилса-да, амалда рухсат Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан берилиши маълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.