Мирзиёев юлдузи Ўзбекистонга мосми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Realsky.ru
Image caption Шавкат Мирзиёев Асад (Арслон, Шер) буржида туғилган.

Президент Шавкат Мирзиёевдан Ўзбекистон ва Ўзбек халқи нима кутиши мумкин, деган масалада турли мутахассислар: сиёсатшунос ва жамиятшунослар, иқтисодчи ва шоирлар, психолог ё журналистлар ўз фикрларини айтишмоқда.

Энди айни рўйхатга мунажжимлар ҳам қўшилди.

Илми нужум азалдан Ўзбекистон ҳудудларида кенг тарқалган ва кучли ривожланган.

Тарихда Амир Темур, Улуғбек ва Бобур даврида ҳам ҳукмдорлар мунажжимлар билан кенгашиб иш олиб боришгани маълум.

Хабарларга кўра, Марказий Осиёдаги қўшни давлатларда ҳамон мунажжимларга ишонч катта ва ҳатто давлат раҳбарлари ҳам ўз толеъларини билиш учун уларга мурожаат қилишади.

Астролог А. Амин эса Шавкат Мирзиёев туғилганида юлдузлар қандай кўринишда бўлганини ўрганган. У янги президент юлдузи Ўзбекистон юлдузига қанчалик мослиги ва ундан нималар кутиш мумкинлигини устида мушоҳада юритади.

Мунажжимдан сўзбоши: Астрологик мақола ва жадвал Шавкат Мирзиёев толеъномаси асосида битилган бўлиб, ундаги хулосалар мутлақо Мирзиёев туғилган сонияда осмон жисмлари жойлашган ҳолат, ўзаро назарлари (аспектлари) асосидадир.

Расмий маълумотга кўра, Мирзиёев 1957 йилнинг 24 июлида, (биз қўллаган астрологик ректификацияга кўра, тунги соат 1:30 да), Қуёш Асад буржида бўлганда туғилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Munajjim A.Amin chizmasi
Image caption Шавкат Мирзиёевнинг мунажжим тузган астрологик толеъномаси:

Шерда Шавкат туғилганда:

Толеъномада Қуёш, Плутон, Зуҳал (Сатурн) ва Миррих (Марс) энг кучли мавқега эга бўлган, яъни толеънома эгасида уларнинг таъсири кўпроқ.

Буржлардан энг кучлиси — Асад, унда бир эмас, олти сайёра жойлашган.

Икки осмон жисмининг ўзаро яқин жойлашиши ёки бир нуқтада бирлашиши "қирон" дейилади, учтадан ортиқ жисмнинг қирони эса ўта кучли ҳисобланиб, "стеллиум" ҳосил қилади.

Мирзиёев толеъномасида Қуёш ва Уран Асадда қирон билан; Миррих (Марс), Ўторуд (Меркурий), Зуҳро (Венера) ва Плутон ўзаро "стеллиум" билан боғланган.

(Ўхшаш ҳолатни АҚШ 42- президенти Билл Клинтон "толеъи"да кўриш мумкин: унда тўрт сайёра Асад буржида, шулардан учтаси "стеллиум" ҳосил қилган.)

Бу нимани англатади?

Бундай толеъ соҳиби ҳокимиятга ўта чираниб интилмайди, гўёки ҳокимиятнинг ўзи унга келади.

Асад буржи - Қуёшнинг "ўз уйи", шу боис бу бурж остида туғилганлар мағрурлик, шахсиятпарастликдан асло ҳоли эмас.

Мазкур толеънома эгаси ҳар доим кўпчилик эътиборига молик ёрқин бир шахс бўлишга интилиб келган, бундай одам кимгадир бўйсуниш ё иккинчи даражали бўлишни қабул қилиши жуда қийин.

Асаддаги тўрт асосий сайёрани бирлаштирган стеллиум - Плутон-Миррих-Зуҳро-Ўторуд бирлиги - ҳукмронлик қилиш, бошқариш учун бир мушт бўлиб тугилган ниҳоятда катта қудрат.

Бу қудрат эгаси албатта ўзини ҳокимиятсиз тасаввур эта олмайди, бутун иродаси (Миррих), ақли (Ўторуд), ҳиссиёти (Зуҳро), борлиғи билан ёлғиз ана шу матлабга буйсунган.

У ўзини фақат ҳукмронлик қилиш учун дунёга келгандек ҳис қилади. Бироқ "ҳукмронлик" - асло классик маънодаги қўлида қамчи тутиб бошқариш эмас.

Тўрт сайёра бирлиги унга ниҳоятда серқирра бошқарув маҳоратини беради: Асадда ўзининг шараф буржида (экзальтацияда) бўлган Плутон уни жамоанинг (ўз гуруҳининг) моҳир дарғасига айлантирса, қолган уч сайёра унга одамларнинг иродаси, ақли, ҳиссигача таъсир эта олиш қобилиятини беради.

Image caption Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев астрологик жиҳатдан бир-бирини тўлдирганми?

У толиқиш нималигини билмайди, халқ тили билан айтганда, ўта ғайратли инсон.

Кўпчилик Асад (Асрлон)лар сингари унинг учун бу ҳаёт гўёки бир саҳна ва мазкур саҳнада оломон олқиши, эътирофидан лаззатлироқ нарса йўқ.

Бошқарув борасида у айни фазилатларнинг барчасидан моҳирлик билан фойдалана олади ва, кези келганда, унинг учун туғма бўлган артистлик қобилиятини ҳам ишга солади. ("1-уй"даги Ой ва Асаддаги Қуёш - ёрқин артистлик қобилияти демак).

"Оиласи - Ўзбекистон"

Толеъномада асосий сайёралар осмон гумбазининг "тўртинчи уйи"да жойлашган (4-уй Надир (Назир) чизиғидан бошланади).

"Тўртинчи уй" - бу аввало оила, рўзғор, хўжалик ишлари, ота-онага, оилавий қадриятларга ҳурмат ва уларга боғлиқлик.

Бурж соҳиби давлат раҳбари бўлса, демак мазкур толеъномага "ички сиёсат"ни ҳам қўшиш мумкин, яъни у учун ташқи сиёсатдан кўра, ички сиёсат, мамлакат ичкарисидаги муаммолар билан шуғулланиш қулай ва афзалроқ.

Мамлакат ҳам унинг учун гўёки бир оила ва бу оиладаги анъана, удум, урф-одат ва диний қадриятлар ҳамда миллий қаҳрамонларга бефарқ эмас.

Толеъноманинг "тўртинчи уйи"даги Ураннинг ҳолати унинг болалиги рисоладагидай бўлмаганлигидан далолат беради.

Эҳтимол, яшаш жойи ўзгарганлиги ёки ота-онасидан бири билан муносабатнинг барқарор бўлмаганлиги оқибатида болаликда у ўзини тўлақонли ҳимоялангандек, оёғи остида мустаҳкам замин бордек ҳис этмагандир.

Айни пайтда, ушбу ҳолат ота-онанинг унга нисбатан: "ундай бўл, бундай бўл", қабилидаги босимини камайтириб, кўпроқ эркинлик, мустақиллик берган.

"Маддоҳларга саховатли"

Буйруқ беришга ўч (МС - Жадйида), ўта қатъиятли, танлаган соҳасини узоқ ва чуқур ўрганган, рақобатлар орқали қадам-бақадам мансаб силсиласидан юқорилаб келган, кўпроқ шахсий тажрибаси асосида ақлли маслаҳатлар беради,

Ўзи интилган лавозимига эришгандан кейин қўл остидагиларга нисбатан - айниқса, улар унинг шаънига мадҳиялар битиб туришса - саховатли ва либерал муносабатда бўлади.

Қўл остидагиларнинг ўтмиши уни қизиқтирмайди. Унинг идеалига кўпроқ "одил шоҳ", "раъиятпарвар ҳукмдор", "саховатпеша подшоҳ" ғоялари яқинроқ.

Аммо толеъномадаги Зуҳал (Қавсда ва "еттинчи уй"да) ижтимоий, миллий, диний қадриятларни биринчи ўринга олиб чиқади.

Табиатан у жамият олдидаги бурч ва мажбуриятларга ўта жиддий қарайди. Бу эса уни ишончли ҳамкорга айлантиради.

"Ташаббуслари депсинади"

У бутун вужуди билан жамиятни ўзгартиришга интилади. Аммо у бошлаган ташаббуслар ҳар доим ҳам ютуққа олиб келмаслиги мумкин (сабаби Зуҳал толеъномада ретро ҳаракатда).

Ретро сайёра иштирок этганда ишлар баъзан "депсиниб", силлиқ кетмаётгандай туюлади.

Бундай вазиятда мунажжимлар қулай фурсатни, ўзининг "юлдуз соати"ни кутишни маслаҳат беради.

(Туркия президенти Эрдўған толеъда олти сайёра ретро ҳаракатида).

Янгиликлар учун доим очиқ. Бошқарувда ҳам кутилмаган, янги, фавқулодда усулларни қўллашдан ҳайиқмайди (Уран).

Одамлар билан тез, енгил муносабатга киришиб кетади, қанчалик қатъиятли бўлмасин, табиатида ички ўзгарувчанликка мойиллик бор (Ой - Жавзода), баъзан кайфият бир соат ичида бир неча бор ўзгариши мумкин.

Толеъномада Ой тугунлари ҳаётий йўналишни кўрсатади. Мазкур толеъномадаги йўналишга қаралса, у моддийлик, мулк, дунёвий уйғунликдан - руҳоний эврилишлар сари интилади (Ой тугунлари: "Раху" - Ақрабда ва "Кету" - Саврда).

Бошқачароқ айтсак, мулкка интилиш унинг учун босиб ўтилган йўл, ортга қайтиш, олға кетиш учун руҳониятга, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш каби азалий қадриятларга юзланиш керак.

Ушбу толеъномада бу ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ижтимоий адолат кабилар учун кураш орқали бўлиши мумкин.

"Арслонпанжа издош"

Шоир Иқбол Мирзо ҳали Ислом Каримов ўлимидан сўнг "Арслонпанжа панжа издош" ҳақида шеър битганида, нимани назарда тутгани номаълум.

Бироқ Каримовдан кейин қудратга келган Шавкат Мирзиёев айнан Асад ёки Арслон буржида дунёга келган.

Каримов ва Мирзиёев толеъномаларини солиштирганда, уларни боғлайдиган нуқталардан бири - Мирзиёевнинг "Зуҳали" ва Каримовнинг Далвдаги "Қуёши" ўртасидаги ижобий назар (аспект) - секстиль эканлигини кўриш мумкин.

Мирзиёев илк чиқишларида ўзини марҳум президент ишларининг давомчиси деб тақдим этди, аммо амалда унинг бошқарув усуллари, қарашлари фарқли эканлиги маълум бўлиб қолди.

Дарҳақиқат, астрологик нуқтаи назардан ҳам бунинг имкони йўқ.

Сабаби Каримов Далв буржи остида туғилган. Далв эса Асадга 180 даража қарама-қарши бурж.

Одатда қарама-қарши бурж вакилларининг феъл-атвори ҳам ўзаро тескари, бирининг устунлиги - иккинчисининг заифлиги ёки аксинча.

Қандай қилиб, бир-бирига зид феъл-атворли икки шахс шу қадар узоқ бирга ишлашди?

Каримов толеьномасида сайёралар асосан осмон гумбазининг Шимолий ва Ғарбий яримшарларида жойлашган. Жанубий ва Ғарбий яримшарларда эса деярли бўшлиқ. Мирзиёевда эса бунинг аксини кўриш мумкин. Яъни, бу икки шахс табиатлари тубдан ўзаро қарама-қарши, айни пайтда, бир-бирини тўлдирган.

Каримов толеъномасида индивидуаллик, Мирзиёевда ижтимоийлик устун

Икки раҳбар буржи солиштирилса, жуда кўп фарқлар ҳақида гапириш мумкин:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Munajjim A.Amin chizmasi
Image caption Ислом Каримов (чапда) ва Шавкат Мирзиёев (ўнгда) толеъномалари буткул фарқли.

Икки раҳбар толеъномаси муқояса қилинса, Шавкат Мирзиёев марҳум Ислом Каримов бошқарув услуби асосига қурилган тизимни ўзига мослаш учун уни тубдан ўзгартиришга мажбур бўлади.

Каримов толеъида нима кўринади?

Бир мисол, Каримов толеъидаги Ҳут ва Ҳамал чегарасида жойлашган Миррих ва Зуҳал қирони унинг шахсини очувчи муҳим нуқталардан бири.

Бу бирлик толеъноманинг бошқа нуқталари билан боғланмайди, яъни бошқа сайёралар билан аниқ назарларга эга эмас (Зуҳалнинг унсури - Тупроқ. У кўпроқ Сув ва Ҳаво унсурлари билан чиқишади. Ушбу ўринда у гўёки ўт ичида, чунки Миррихнинг ҳам, Ҳамалнинг ҳам унсури - Олов ).

Бундай ҳолат толеъ эгасини шахсий манфаат йўлида бор кучи билан интилишга ундайди.

Бу ерда киши холис бўлиши мумкин эмас, жўшқин Миррих ва Ҳамалдаги Зуҳал уни шундай тажрибаларга ундайдики, бунинг оқибатларини мушоҳада этишга, ҳисоб беришга унда ҳатто вақт бўлмайди.

Шу боис бундай одамда ижтимоий адолат ва жамият олдида жавобгарлик туйғуси кўпинча мавжуд эмас.

Ислом Каримов туғилган бурждаги шахс ҳар доим ҳаммадан хавотирда бўлади. У ҳар вақт ўзини ҳимоялашга, ҳамма нарсадан ўзини қўриқлашга эҳтиёж сезади.

Бундай одам дипломат эмас, ёлғиз ҳаракат қилишни хуш кўради, унинг феъл-атвори бошқалар билан ҳамкорлик қилишга йўл қўймайди.

Ислом Каримов буржига қаралса, у қўл остидагиларига нисбатан ўта агрессив, ҳар доим ўз "мен"ини биринчи ўринга қўяди. Шу боис бошқаларни тушуниши, улар билан муносабат ўрнатиши қийин, бундайин одам ташқаридан ёрдам кутишни ва, ўз навбатида, ёрдам беришни ҳам хуш кўрмайди.

Юқоридаги айни сўзлар Ислом Каримов толеъномасидаги бир жиҳат, холос.

Ўзбекистоннинг буржи нима?

Астрологияда ҳамма нарса, жумладан, мамлакатлар ҳам муайян буржга мансуб.

Кўпчилик мунажжимлар Ўзбекистон ва унга қўшни баъзи ҳудудлар Саратон буржига мансуб, деб ҳисоблашади. Бу - тўғри эмас.

Ўзбекистоннинг ҳақиқий «туғилган куни» 1991 йилнинг 31 августи эмас, балки 1924 йилнинг 27 октябридир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи 11-maktab.uz
Image caption Мунажжим А. Аминга кўра, Ўзбекистон Республикаси асли Ақраб буржида туғилган.

Унгача «Ўзбекистон республикаси» деган тушунча мавжуд эмас эди. Ўзбекистон айнан ана шу куни СССР оиласида «туғилиб», шаклланиб, 1991 йили 31 август куни мустақил бўлди.

Бу худди бир одамнинг туғилиб, вояга етиб, балоғат ёшига етгач, мустақил оила қургани каби.

Ушбу ўринда бизни «Ўзбекистон республикаси» аталмиш ҳудудий бирлик қизиқтиради: Ўзбекистоннинг асил бурж белгиси - Ақраб.

Мазкур ҳудудий бирликнинг «ҳаёт йўли», фазилатлари айнан шу бурж сифатларига мос.

Қолаверса, Ўзбекистоннинг энг барқарор, бунёдкорлик йиллари ҳам айнан Ақраб — Шароф Рашидов бошқарган чорак асрлик (1959-1983) даврга тўғри келади.

Ўзбекистон жамиятига хос вазминлик, айни пайтда эҳтирослилик, сирлилик, ёпиқлик ва кўплаб шунга ўхшаш хусусиятларни Ақрабдан ҳам излаш мумкин.

Ўзбекистон толеъномасида - Миррих Ҳут буржида. Бу эса ўзбек жамиятидаги тинчликсеварлик, андиша каби фазилатларни беради.

Қолаверса, юқорида айтиб ўтганимиз каби, Шавкат Мирзиёев толеъномасидаги Ой тугунлари ("Раху" - Ақрабда) унинг ҳаёт йўли руҳоний эврилишлар сари кечишига ишора қилади. Шунингдек, унинг толеъномаси Ақрабга хос хусусиятлар шакллантирилишини ҳам тақозо этади.

Шу нуқтаи назардан, Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон буржлари ўртасида мувофиқлик бўлиши эҳтимоли катта.

Алқисса, биз юқорида мазкур толеъномаларнинг айрим жиҳатлари ҳақида тўхталдик, холос.

Улар энг умумий чизгилар бўлиб, айни хусусиятлар табиат берган бирламчи қувватлардир.

Шу сабабли, биз уларга салбий ёки ижобий ранг бериш ниятидан йироқмиз.

Зеро, қувват бу ҳали амал эмас. Чунки баҳо натижага қараб берилади.

Мақола ва жадваллар муаллифи: Мунажжим А.Амин.

Муаллиф фикрлари, хулоса ва жадваллари Би-би-си фикри ё қарашини англатмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ