Коррупция: Ўзбекистон энг ёмон йигирмаликда

Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бу каби хулосага дунё бўйлаб коррупция даражасини баҳолаб борувчи "Transparency International" халқаро ташкилоти ўзининг янги йиллик ҳисоботида келган.

Ўзбекистон бугунги коррупция ҳолати тадқиқ этилган 176 мамлакат орасидан қуйи йигирмаликдан жой олган ягона собиқ Шўро давлати бўлган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

"Transparency International" ташкилотининг 2016 йил бошида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон 168 мамлакат орасида 153-ўринни эгаллаган бўлса, бу йилги рўйхатда уч поғона қуйи натижа қайд этган.

"Transparency International"нинг хулосаси давлат секторидаги коррупция даражаси борасида экспертлар ва бизнесменлар томонидан берилган баҳоларга асосланган.

Агар, мазкур халқаро ташкилотнинг янги рўйхатига таянилса, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасидан энг коррупцияга ботгани бўлиб чиққан.

Ҳатто, шунда ҳам, минтақа мамлакатлари ичида энг яхши натижа қайд этган Қозоғистон 131-ўринда келган.

Марказий Осиё давлатлари орасида коррупция даражаси бўйича Қозоғистондан кейинги ўринларни Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон эгаллашган.

Туркманистон 154-ўрин билан янги рўйхатда Ўзбекистондан икки поғона юқори натижа қайд этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркманистон билан бирга 154-ўринни бўлишган Зимбабведа ҳам коррупция билан боғлиқ аҳвол Ўзбекистондагидан кўра яхшироқ экани маълум бўлган.

Аммо, ҳатто шунда ҳам, Ўзбекистон ўтган икки йилнинг ичида мавқеини анча яхшилаб олган.

"Transparency International" халқаро ташкилоти 2014 йилда Ўзбекистонни дунёда коррупция илдиз отган 10 давлатдан биттаси, деб топган.

175 давлатдаги коррупция даражасини ўрганган ташкилот индексида Ўзбекистон ўша йили 166-ўринни эгаллаганди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон ташкилотнинг йиллик рўйхатларида ҳамиша энг қуйи ўринларни эгаллаб келган.

Ҳар йили Бош прокуратура порахўрлик ва коррупцияда айбланган ўнлаб мансабдор шахсларнинг жазога тортилгани ҳақидаги ҳисоботларни эълон қилиб келади, аммо таҳлилчиларга кўра, бу чораларни коррупцияга қарши кураш деб аташ қийин.

Маошларнинг камлиги, бошқарувнинг шаффоф эмаслиги, мустақил суд тизими ҳамда эркин матбуотнинг йўқлиги мамлакатда коррупциянинг илдиз отишига сабаб бўлган.

"Transparency International" экспертлари орада Ўзбекистон ҳукуматини коррупцияга қарши ҳеч қандай чора кўрмаётганликда ҳам танқид қилиб келишган.

Аммо шу ой бошида Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунга имзо чеккан.

Қонун Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланганди.

Шу тариқа Мирзиёев давридаги қонунчиликнинг энг муҳим намуналаридан бири сифатида кўрилган коррупцияга қарши кураш ҳақидаги қонун Ўзбекистонда расман кучга кирган.

Россиянинг "Спутник" агентлиги эса, бугун Ўзбекистонда муассасалараро коррупцияга қарши комиссия ташкил қилиш режалаштирилгани ҳақида хабар берган.

Агентлик ўз хабарида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Умид Муҳаммедов сўзларига таянган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Собиқ Шўро давлатлари орасидан 22-ўрин билан Эстония энг коррупцияга ботмагани бўлиб чиққан.

Литва ва Гуржистон эса, бу борада юқори учликни тўлдирган қолган икки собиқ Шўро давлатлари бўлишган.

Россия коррупциянинг даражаси бўйича Қозоғистон ва Украина билан 131-ўринни бўлишган.

Бугун дунёнинг энг коррупциядан холи давлати Янги Зеландия бўлиб чиққан.

Ундан кейинги ўринларни икки Европа давлати - Дания ва Финландия эгаллаган.

Шимолий Корея, Жанубий Судан ва Сомали эса, дунёнинг коррупция энг авж олган учта давлати, деб топилган.

Ўтган йил "Transparency International" наздида жаҳоннинг энг коррупцияга ботган учта мамлакатидан биттаси бўлган Афғонистон бу йил ўз мавеқини анча яхшилаб олган.

Бу йил ҳам қуйи ўнликка тушган эса-да, 169-ўрин билан Ливия, Яман, Судан, Сурия, Шимолий Корея, Жанубий Судан ва Сомалидан кўра яхши натижа қайд этган.

Хулоса

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

"Transparency International" халқаро ташкилоти раиси Хосе Угаснинг якунида айтишича, "бекорчи вақтнинг ўзи йўқ ва дунё бўйлаб одамларнинг ҳаётлари ўнгланиши учун коррупцияга қарши жадаллик билан курашмоқ лозим".

Унга кўра, "Фақат сўз эркинлиги, барча сиёсий жараёнларнинг шаффофлиги таъминланган, демократик институтлар, фуқаровий жамиятлар кучли, матбуот ҳокимият тепасидагилардан ҳисоб сўраш қудратига эга бўлган жойдагина бу кураш самарали бўлиши мумкин".

"Коррупция туфайли жаҳоннинг аксарият давлатларида қудратманд коррупционерлар ҳар қандай жавобгарликдан холи ҳаётнинг бор гаштини суришаётган бир манзарада оддий одамлар энг зарур эҳтиёжларини ҳам қондира олмай, оч қорин билан ёстиққа бош қўйишга мажбурлар", - деб айтган Хосе Угас.

"Transparency International" жаҳон бўйлаб коррупция даражасига оид ҳисоботини 1995 йилдан бошлаб чоп этиб келади.

Халқаро ташкилот ҳисоботи Жаҳон Банки, "Freedom House", Менежмент тараққиёти халқаро институти ва яна тўққиз мустақил ташкилот маълумотларига таянади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.