Қамчиқ довонида темир йўл ҳалокати бўлдими, бўлмадими?

Ағдарилган юк вагони Фото муаллифлик ҳуқуқи Ижтимоий тармоқдан

Ўтган ҳафта охирида Тошкент-Андижон-Тошкент йўналиши бўйича Қамчиқ довони орқали ўтувчи темир йўлда бахтсиз ҳодиса юз берганига оид хабарлар тарқалди.

Бундан бир оз ўтиб эса "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти матбуот хизмати Тошкент-Андижон-Тошкент йўналиши бўйича йўловчи поезди қатнови вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берди.

Аммо бу борадаги "турли асоссиз хабарларга ишонмаслик" сўралди.

Бугунга келиб ижтимоий тармоқларда тарқалаётган фотосуратларда темир йўлдаги поезд ҳалокати "миш-миш" эмаслиги аёнлашади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ижтимоий тармоқдан

Суратларда қор қоплаган Қамчиқ довонида темир йўл юк вагонлари ағдарилиб ётгани акс этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ижтимоий тармоқдан

Шунингдек, фотосуратларда вагонларни тиклаш учун ҳодиса жойига оғир техника олиб келингани ва англашилишича, қутқарув хизмати ходимлари ишлаётганлари ҳам акс этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ижтимоий тармоқдан

Ағдарилган вагонлардаги ёзувлардан келиб чиқсак, улар Муборакдаги Газни қайта ишлаш заводига тегишлидир. Лекин улардаги юклар ҳам ушбу заводга тегишли бўлганми ёки йўқлиги номаълум.

Биз ушбу ҳодиса юзасидан тафсилотларни аниқлаштириш учун Ўзбекистон Темир Йўллари акциядорлик жамияти матбуот хизмати билан боғландик.

Ўзини ушбу хизмат мухбири сифатида таништирган ходимнинг айтишича раҳбарият рухсатисиз бу каби маълумотларни бериш имконсиздир.

Би-би-си билан телефон орқали суҳбатда жамият раиси ўринбосари Сардор Аҳмедов эса бу каби маълумотларни олиш учун Матбуот хизмати раҳбари ва хизмат устидан назорат юритувчи шахсга ёзма равишда мурожаат қилиниши кераклигини айтди. Аммо айнан қайси манзилга мактуб йўлланиши ҳақида маълумот берилмади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Акциядорлик жамияти вебсаҳифасида берилган ҳамма электрон манзилларга сўровнома юборди, лекин ҳозирга қадар бирон жавоб олгани йўқ.

Айни вақтда Би-би-сига гапирган баъзи йўловчиларга кўра, охирги кунларда Тошкент-Андижон-Тошкент йўналиши бўйича чипта олиш имкони бўлмаган ва поездлар вақтинча юрмаётгани айтилган.

Ушбу ҳодиса атрофидаги тафсилотларни ўрганишда давом этамиз.

Бу борада қўлингизда ишончли маълумотлар бўлса ё-да, расмийлардан аниқ маълумот олишга муваффақ бўлсангиз биз билан боғланинг.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.