Иноятов-Мирзиёев: ким кимга қарши?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Кўпчилик Мирзиёевни ҳокимиятга Иноятов олиб келди, деб ишонади

Ташқаридан қараганда, Ўзбекистонда ҳокимият ўтиш жараёни ниҳоясига етгандек.

Навбатдан ташқари президент сайловлари ўтди, янги сайланган Президент аллақачон вазифасига киришди.

Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг бир муддат кўздан ғойиб бўлаёзган ёки хиралашгандек туюлган президент ҳокимиятининг атрибутлари яна бўртиб кўрина бошлади.

Уларга яна бир атрибут - Президентнинг виртуал қабулхонаси ва давлат бошқарув ҳамда ҳокимият вакиллик идораларининг сонсиз-саноқсиз халқ қабулхоналари ҳам қўшилди.

Аммо халққа очилган бу виртуал даричалар билан ҳозирча реал муаммолар ҳал бўлиб қолмагани каби, Каримов даврида бетон деворлар билан ўралган ҳокимият коридорларида нималар юз бераётгани ҳақида маълумот олиш ҳам осонлашгани йўқ.

Ислоҳга муҳтож экани қисман эътироф этилганини айтмаса, Каримовдан қолган сиёсий тузум ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистоннинг қудратли Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятов билан Президент Мирзиёев ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани ҳақидаги гап-сўзлар янада кучайди.

Хориждаги мухолиф ва мустақил нашрлар Иноятовнинг истеъфо аризасини ёзгани ҳақида хабар тарқатди.

Аммо бу хабарлардан кўп ўтмай, МХХнинг қудратли раҳбари Ўзбекистон давлат телеканалларининг анъанасига хилоф равишда аввалига ҳукумат йиғилиши, кейин эса Тошкент аэропортида кўриниш берди.

Аммо ўзбек томошабини учун янгилик бўлган бу кадрлар Мирзиёев ва Иноятов ўртасидаги келишмовчилик билан боғлиқ фаразларни арита олмади.

Фармони 'оний'

Мирзиёев президентлик курсисини эгаллашига қарамасдан, ҳали ҳокимият жиловини тўла ўз қўлига олмагани ҳақидаги фаразларнинг кучайишига 27 мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз киришига рухсат бериш ҳақидаги фармон ижросининг кечиктирилиши сабаб бўлди.

Ўтган йил декабрида имзоланган ва шу йил апрелидан кучга кириши кутилган фармон Каримовдан кейинги Ўзбекистон дунёга очилаётганинг энг катта даракчиси сифатида кўрилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official
Image caption Мирзиёев мамлакатдаги аҳвол ва ҳукуматнинг ишидан норози

Оддий ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда ҳафсалалари пир бўлганини изҳор қилишаркан, таҳлилчилар ислоҳотларни истамаётган ва уларни тўхтатиб қолишга уринаётган куч сифатида ўзбек чекистларининг қудратли раҳбарига ишора қила бошладилар.

Гарчи буни расман тасдиқлаб бўлмаса-да, Би-би-си мулоқот қилган Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги манбалар ушбу фаразларнинг асосдан маҳрум эмаслигини айтишмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбанинг айтишича, визасиз кириш ҳақидаги умри қисқа фармон ижросининг қарийб 5 йилга кечиктирилиши Иноятов томонидан қўйилган "намойишкорона қадам" эди.

"Ҳамма фармон ва қарорлар экспертизага юборилади. Бу фармон экспертизадан ўтмаган ҳисобланади", - дейди ушбу манба.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат шахсий таркибининг ҳалигача тўлиқ тасдиқланмагани, ҳукуматдаги муҳим ўринлар, хусусан, Солиқ қўмитаси (Ботир Парпиев-таҳр) ва айрим куч тизимлари раҳбариятида юз бериши муқаррар экани кутилаётган ўзгаришларнинг ҳанузгача амалга ошмагани шундан далолат беради.

Тошкентдаги манбанинг айтишича, "гап тижорий манфаатлар ҳақида бормоқда".

Каримов бошқарувининг сўнгги йилларида МХХнинг қатор юқори мулозимлари йирик иқтисодий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинганди.

Мирзиёев ҳокимиятга келган илк кунларданоқ давлатнинг, - ки Ўзбекистон шароитида давлат бу амалдорлар, деб тушунилади, -бизнесга аралашувини чеклаш ва тадбиркорларни ҳимоялаш ҳақида гапирган.

Би-би-си суҳбатлашган манба Иноятовнинг гўёки ўзини истеъфога чиқаришларини сўраб, ариза ёзгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

"Агар Иноятов ариза ёзса, Мирзиёев қўлига ручка олиш учун қанча вақт кетса, шунча вақт ичида имзолайди", - деб айтди Тошкентдаги манба.

Қисқа муддатли тандем

Аксар таҳлилчилар Каримов вафотидан сўнг, эҳтимолки, ундан ҳам аввалроқ бошланган ҳокимият учун пинҳона курашларда Рустам Иноятовнинг "қудрат брокери" ёки воситачи ролини ўйнаганига ишонишади.

Россиялик сиёсатшунос Андрей Грозиннинг айтишича, Иноятов-Мирзиёев тандеми (биргаликдаги фаолият-таҳр.) бошиданоқ вазият тақозоси билан юзага келган вақтинчалик тандем эди.

"Иноятов Шавкат Миромоновичнинг Президент бўлишида ҳал қилувчи рол ўйнагани ҳеч кимга сир эмас.Аммо иккаласининг йўли айрилиши ҳали ўтган йил сентябрдаёқ маълум эди. Бу бутун Марказий Осиёга хос нарса. Бердимуҳамедов қандай ҳокимиятга келганини эсланг. Уни ҳам "силовиклар" қўйишмадими? Мудофаа вазири Маметгелдиев, президент қўриқлаш хизмати раҳбари Режеп Сапаров ва чекист ҳамда милиция бошлиғи. Бердимуҳамедов уларнинг ҳаммасини доғда қолдирди ва натижада ҳокимиятда бир ўзи қолди. Ўз вақтида Акаевни ҳам шимол ва жанубдаги қудратли кланлар "шу академик бирпас ўтирсин, илм билан шуғуллансин" деган режа билан қўйишганди, аммо пировардида Акаев ҳокимияти Қирғизистон тарихида энг узоқ давом этган бошқарув бўлди. Яъни Марказий Осиёда ҳокимият ўтиш жараёнидаги бутун бу тандемлар, бутун бу иттифоқларнинг умри узоққа бормайди. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас", - дейди Андрей Грозин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official
Image caption "Каримов даврида чекистлар ҳам бошқалар сингари Каримовга мослашганди"

Унинг айтишича, Ўзбекистонда ҳокимият ўтиш жараёни тугаллангани йўқ ва ҳали Мирзиёев ўзининг янги командасини тузиши ҳамда қисман эски командани қайта тузиши керак бўлади.

"Менимча, Иноятов кетади ва ортиқча муаммо ва репрессияларсиз кетади, деб ўйлайман. Чунки муносабатларни кескинлаштириш унинг манфаатларида эмас. Иккинчидан, Ўзбекистондаги сиёсий элитада бу каби анъана йўқ. Бунинг учун ўз вақтида Жўрабеков ёки Алимовларнинг қандай кетганини эслаш кифоя. Ҳурматини жойига қўйиб, нафақага кузатиб қўйишган. Иноятовнинг ўрнига Мирзиёевга содиқ биттаси келади. Савол бу бир ойдан кейин юз берадими ёки олти ойдан кейинми? Иноятов биринчидан ёш эмас, иккинчидан, унинг соғлиги билан боғлиқ жиддий муаммолари борлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Бу каби масъулиятда лавозимда у умрининг охиригача қололмаслиги тайин".

АҚШда яшаётган собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ўз манбаларига таянган ҳолда, Иноятов ва Мирзиёев ўртасидаги курашнинг анчайин кескин манзарасини чизади.

"Кейинги ҳафталарда Иноятов расмий маросимларга кўпроқ ўз ташаббуси билан қатнашмоқда, деган тахминлар бор. Ҳали кўрамиз, кимнинг қўли баланд келаркин, демоқчи бўлгандек. Назаримда, у ўз тасарруфидага компроматларни ишга солиш билан Мирзиёевга таҳдид қилаётган кўринади. Шу сабабдан ва Иноятовни нейтраллаштириш мақсадида бўлса керак, Шавкат Миромонович ёнига генерал Бахтиёр Ҳисомович Ғуломовни расманми ёки норасмий равишдами, махсус вазифаларни бажарувчи маслаҳатчи қилиб олган. У аслида Иноятовнинг эски рақиби. Балки Мирзиёев катта ўзгартишларга тайёрланаётгандир", - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Иноятовга ўринбосар?

Би-би-си манбалари МХХ раисининг собиқ ўринбосари ва Президент Каримовнинг кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган генерал Бахтиёр Ғуломовнинг лавозимга қайтганини тасдиқлашмоқда.

Ғуломов оиласига яқин манбанинг айтишича, 63 ёшли генерал шу ҳафта бошида "Президентнинг махсус топшириқлар бўйича вакили" лавозимида иш бошлаган.

Президент маъмуриятида бу каби лавозим аввал бўлмаган.

Асли жиззахлик бўлган Бахтиёр Ғуломов 1990-йиллар бошидан Ўзбекистон махсус хизматларининг энг ёш (36) генерали сифатида танилган ва МХХда катта таъсирга эга бўлган, деб ишонилади.

Уни яқиндан таниганларнинг айтишича, Иноятов либерал қарашдаги ва коррупцияга нисбатан муросасиз мавқейи билан танилган Ғуломовни ўзига рақиб сифатида кўрган ва 2004 йилда унинг МХХ раисининг ўринбосарлигидан четлатилишига эришган.

Ғуломовни хорижий давлатлардан бирига элчи қилиб юбориш масаласи муҳокама этилган пайт МХХ раҳбариятининг қаршилигига учрагани ҳақида гап-сўзлар юради.

Аммо шу билан бирга, ўз вақтида Иноятов номзодини МХХ раислигига айнан Бахтиёр Ғуломов таклиф қилгани ҳам айтилади.

Ғуломов 1998 йилда Президентнинг давлат маслаҳатчиси мақомида хориждаги ўзбек мухолифатининг инсон ҳақлари ташкилотлари сифатида қайта ташкилланган айрим гуруҳлари билан мулоқот олиб боргани Би-би-сига маълум.

Ғуломовнинг лавозимга қайтишини у билан бирга ишлаган собиқ мулозимлардан бири МХХ ва умуман Ўзбекистондаги ҳокимият коридорларидаги "9 балли зилзила" деб атади.

Унинг ишонишича, Ўзбекистонда бундан кейин ўрнатиладиган қудрат мувозанатида Ғуломов муҳим рол ўйнаши шубҳасиз.

Таҳлилчи Андрей Грозиннинг фикрича, Мирзиёев Иноятов унга Каримовга хизмат қилгани каби хизмат қилмаслигини яхши билади.

"Каримов даврида чекистлар ҳам бошқалар сингари Каримовга мослашганди. МХХ ҳозир ислоҳотлар йўлида "тормоз" бўлгани сингари, Мирзиёев учун ислоҳотларни амалга оширишда муҳим инструмент ролини ҳам ўйнаши мумкин. Шу маънода Мирзиёев махсус хизматлар тепасига ўзига мутлақ содиқ одамларни қўйишдан манфаатдор. Мирзиёев Иноятовни Каримовга қандай хизмат қилган бўлса, ўзига ҳам шундай хизмат қилишга ундай олмаслигини яхши билади. Шунинг учун ҳам Иноятовнинг ўрнига янги одам керак", - дейди россиялик таҳлилчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dunyouzbeklari.com
Image caption Бахтиёр Ғуломов (чапда) ўтмишда МХХда катта таъсирга эга бўлгани айтилади

'Бир қадам олдинга, икки қадам орқага'

Хўш, Ўзбекистондаги бутун бу ҳокимият ўйинлари ва қудратни қайта тақсимлаш жараёнларида Мирзиёев эълон қилган ислоҳотларнинг тақдири нима бўлади?

Гарчи Мирзиёев "ўзгаришларни энди ортга қайтариб бўлмаслиги"ни айтаётган эса-да, унинг ўзининг ислоҳотчилик салоҳиятига шубҳа қилаётганлар йўқ эмас.

Лондондаги SOAS (Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари) университетидан таҳлилчи Алишер Илҳомовга кўра, Мирзиёев ҳозиргача жуда кўп ваъдалар берди, аммо амалда унчалик кўп ўзгариш бўлгани йўқ.

"Ўйлашимча, Президент фармонларининг имзоланиб, кейин бекор қилиниши билан боғлиқ беқарорлик Мирзиёев ички сиёсат ва иқтисодий ривожланиш борасида ҳали муайян йўналишга эга эмаслигини кўрсатади. Ваъдаларнинг кўплиги-ю, амалий ишнинг йўқлиги шундан. Аниқ йўналиш йўқлигини яшириш мақсадида у виртуал қабулхонага ўхшаган, амалда ҳеч қандай муаммони ечмайдиган, ҳокимият ва жамият муносабатлари нуқтаи назаридан ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган чораларга қўл ураяпти. Аёнки, сиёсий элита орасида ҳукуматдаги муҳим лавозимлар учун пинҳона кураш ҳали-ҳамон давом этмоқда. Ҳукумат таркибини танлаш билан сиёсий йўналишни танлаш бир-бирига узвий боғлиқ. Шунинг учун ҳам СНБ ва унинг жорий раҳбарияти тақдири билан боғлиқ ноаниқлик сақланиб қолмоқда. Агар Мирзиёев ҳақиқатан ҳам ислоҳотларни амалга оширмоқчи бўлса, ҳукуматга ислоҳотчиларни йиғиши керак. Хўш, у нима учун бундай қилмаяпти? Бу ерда икки эҳтимол бор. Ё унинг қараши тор, буни хўжаликларга товуқ бошқиш ҳақидаги тавсиясидан ҳам билса бўлади, ёки ҳали ҳам куч тизимлари, биринчи навбатда, Миллий Хавфсизлик Хизматидаги юқори мулозимларнинг босими остида қолаяпти. СНБнинг иши-тақиқлаш ва давлат раҳбарини террорчилик таҳдиди билан қўрқитишдан иборат", - дейди Алишер Илҳомов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official
Image caption Азимов Мирзиёев танқидларининг асосий нишонига айланган

Аммо россиялик таҳлилчи Андрей Грозин ўзгаришларнинг муқаррарлигига ишонади.

"Тизим аста-секинлик билан ўзгаради, чунки вақт шуни талаб қилаяпти. Мирзиёев Каримов даврида шаклланган давлат капитализми моделининг келажаги йўқлигини билади. У 13 йил бош вазир лавозимида ишлаб, бу тизимнинг қанчалик ишлаб-ишламаслигини кўрган. Шунинг учун мавжуд тизимни ўзгартиришга ҳаракат қилаяпти. Аммо ўзгартираркан, элита ичида норози одамларнинг кўпайишига йўл қўймаслик ҳақида ҳам ўйлаяпти. Шу боис Мирзиёевнинг ислоҳотлари жуда секинлик билан бўлади. Аммо аста-секинлик билан бўлса-да, сиёсат, масалан, валюта сиёсати ўзгаради. Чунки сармоялар келишини тўхтатиб турган асосий нарса бу Ўзбекистонда амал қилаётган уч хил курс ва конвертацияга чекловлардир. Ўзбекистондаги элитанинг катта қисми шундан фойда кўради. Шунинг учун буни тезда ўзгартириб бўлмайди, аммо ўзгартириш барибир керак. Мана ҳозир тажриба сифатида эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этилаяпти, уларга хорижлик сармоядорлар таклиф қилинади. Бориб-бориб бу ҳудудлар кенгайтирилади, кўпроқ хорижий ширкатларга конвертация имкони яратилади. Назаримда, ҳамма нарса худди Ленин айтгандек бўлади. Яъни бир қадам олдинга, икки қадам орқага..."

Грозиннинг фикрича, бу ерда гап фақат МХХ ва унинг қудратли раҳбарида ҳам эмас.

"Ўзбек чекистларини ислоҳотларни тўхтатиб қолишга уринишда айблаш осон. Буни тушуниш қийинмас. Чунки бутун собиқ совет ҳудудида қўли қон КГБнинг меросхўрлари бўлган тизимлар ислоҳотларни исташи мумкинми? Нафақат Иноятов, балки ўзбек элитасининг катта қисми туб ислоҳотлар ўтказилишига қарши. Мен шахсан Шавкат Миромоновичнинг ўзи ҳам радикал ислоҳотларни хоҳлашига шубҳа билан қарайман. Чунки бу билан у ўзига кўп ва кучли душманлар орттиради. Ва уларнинг ҳаммаси ҳам МХХдан бўлмайди. Кўпчилиги иқтисодий блокдан, пул-валюта сиёсатини тартибга солувчи тузилмалардан ҳам бўлиши мумкин. Марҳум Ислом Абдуғаниевич яратиб кетган иқтисодий тизим ҳамманинг манфаатига тўғри келарди. Албатта, мен оддий ўзбеклар эмас, юқори элитани назарда тутаяпман. Улар орасида Ўзбекистоннинг либерал бозор иқтисодиётига ўтишидан ютадиган одамлар жуда кам", - дейди Андрей Грозин.

'Хўроз ва товуқ' жанги

Мирзиёев ўзининг сўнгги чиқишларида ҳукуматдаги иқтисодий-молиявий комплекс раҳбари Рустам Азимовни қаттиқ танқид қилган.

АҚШда яшаётган таниқли ишбилармон ва мухолифатчи Санжар Умаровнинг фикрича, бу Азимовнинг "аста-секин зинапоядан пастга тушиши"ни англатади.

Аммо Азимовни яқиндан билган манбага кўра, Мирзиёевнинг Азимовга ҳужуми ундан қутулмоқчи эканини англатмайди.

"Тўғри, Азимовнинг лавозимини бироз пасайтиришди, "товуқчилик"ка жалб қилишди. Аммо иккинчи томондан, ҳеч ким уни командадан чиқариб ташлаётгани йўқ. Фақат унга иш шароитини сал қаттиқлаштиришаяпти. Чунки Рустам Азимов охирги камида 15 йилда ким қаёққа, қанча ва қандай шартларда пул ўтказганини биладиган одам", - дейди Азимовга яқин манба.

Мирзиёев ўзининг эски рақиби деб ишониладиган Азимовни аввалроқ пластик карточкалар ва нақд пул тизимини барбод қилишда айблаган.

Президентнинг Азимовга товуқ боқишни топширгани эса ижтимоий тармоқларда кулгу қилинмоқда.

Facebook да чоп этилган карикатуралардан бирида Мирзиёев "хўроз", Азимов эса "тухум берадиган товуқ" қиёфасида тасвирланган.

Таҳлилчиларга кўра, келаётган ойлар Мирзиёев ислоҳотларининг тақдири учун ҳал қилувчи бўлади.

Хусусан, апрелда ўтказилиши кутилаётган пул-валюта ислоҳоти мамлакат аҳолиси ва хорижий сармоядорларга Каримов даврида кўп гапирилган иқтисодий либераллашувнинг хаёл эмаслиги ва келажакда сиёсий либераллашув ҳам мумкинлиги борасидаги муждани бериши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг