Алишер Усмонов ‘Хайр-саховати’ учун тақдирланди

Алишер Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи РБК

Расмий хабарларга кўра, кўкрак нишони асли ўзбекистонлик миллиардерга шахсан Россия Президенти Владимир Путин томонидан топширилди.

Аён бўлишича, президент Путин Россиянинг ўнта энг бой одамидан биттаси бўлган Алишер Усмоновни "хайрия ва жамоат ишларига қўшган улкан ҳиссаси учун" тақдирлашга қарор қилган.

Бу ҳақда Россия раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилган.

Алишер Усмонов - Россиядаги энг йирик меценатлардан бири сифатида кўрилади.

Миллиардер 2015 йилда Россияда расман "Йилнинг меценати", деб ҳам эълон қилинган.

Россиянинг худди шу номдаги ташкилий қўмитаси ўшанда Алишер Усмонов йилнинг маданият ва санъатга ҳомийлик қилувчи энг бадавлат одами, деган хулосага келган.

Ўз қарори сабабини изоҳларкан, ташкилий қўмита "Маданият, илм-фан ва спорт" хайрия жамғармаси асосчисининг кўплаб лойиҳаларини алоҳида қайд этиб ўтган.

Ташкилий қўмитанинг қарори ортидан россиялик миллиардер хайрияпарварлик тушунчаси ўзи учун нимани англатишига ҳам тўхталиб ўтган.

"Бутун жамият мисолида бўлгани каби, бу тушунча ўзи учун ҳам бир жумлада ифода топиши - инсонлар яқинларини худди ўзлари каби севишлари керак"лигини айтганди.

Саховатпеша

Агар, Россиянинг қатор интернет нашрлари келтириб ўтган маълумотларга таянилса, Алишер Усмонов ўтган 10 йил давомида хайрия мақсадлари ва ижтимоий соҳаларни кўзда тутган сармоялар учун қарийб икки миллиард доллар ажратган.

Жаноб Усмонов, йилларки, турли халқаро нуфузли нашрлар таснифида Россия, Британия ва дунёдаги энг бой одамлардан бири саналиб келинади.

Миллиардер мобил алоқа, медиа ва интернет соҳасидан ташқари Англиянинг етакчи футбол жамоаларидан бири - "Арсенал"нинг ҳам анчагина фоиз ҳиссаларига эгалик қилади.

Алишер Усмонов яқинда америкалик биолог олим Жеймс Уотсоннинг Christie's кимошди савдосига қўйилган Нобел мукофоти медалини 4,8 миллион долларга сотиб олиб, катта шов-шувга сабаб бўлганди.

Россиялик миллиардер медални ўз соҳибига қайтаришга қарор қилганди.

Британиянинг "Independent" газетаси ўшанда америкалик олимнинг медалини бунчалик йирик баҳода харид қилиб, жаноб Усмонов ўзига хос рекорд ўрнатганини алоҳида қайд этиб ўтганди.

Алишер Усмонов

Алишер Усмонов яқинда Ўзбекистонга қайтишни "исташи" ва "режалаётгани"ни айтган.

Алишер Усмонов Ўзбекистон ва унинг раҳбариятига ёрдам беришга ҳар доим тайёрлигини изҳор қилган.

У Ўзбекистонга сармоя киритиш режаси борлиги ва бунинг учун мамлакат раҳбариятининг таклифини кутаётганини билдирган.

У бу ҳақда ўтган йил охирида "Россия-24" телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

Bloomberg ўтган йил якунида Алишер Усмоновнинг умумий бойлиги қийматини $12.1 миллиард долларга баҳолаган.

Миллиардер Россиянинг "энг бойвачча одамлари" янги рўйхатида 6-ўринни эгаллаган, аммо юқори ўнликдаги ўрнини сақлаб қолган.

Аммо дунёнинг энг бадавлат юзта миллиардери орасида жаноб Усмонов мавқеини яхшилаб, 81-ўринга кўтарилиб олгани маълум бўлган.

Чунки худди ўша йилнинг июнь ойида Bloomberg ўзи $11.3 миллиардга тенг, деб баҳолаган бойлиги билан Алишер Усмоновни бу рўйхатда 92-ўринга қўйган эди.

Bloomberg нинг янги рақамлари сўнгги пайтларда асли ўзбекистонлик миллиардер даромадининг сезиларли ортганига ҳам далолат қилади.

Агар, ҳуқуқий маълумотлар расмий порталига таянилса, Россия раҳбари Алишер Усмонов ва яна бошқа қатор миллиардерларни "Хайр-саховати учун" кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни 2016 йил июнь ойида имзолаган.

Улар "хайрия соҳасига қўшган улкан ҳиссалари ва серқирра ижтимоий фаолиятлари учун" тақдирланишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг