‘Қудратли армия – тинч ҳаётимиз кафолати’

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бундай баёнот билан Ўзбекистон президенти, мамлакат Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев чиққан.

"Замонавий, қудратли армия - тинч-осойишта ҳаётлари кафолати" эканини айтган.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланганлик даражасини янада оширишга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берган.

Худди шу манзарада берган аниқ топшириқларидан яна бири Ўзбекистон Қуролли Кучлари қудратини ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш борасида бўлган.

Ўзбекистон президенти, бундан ташқари, мамлакат Қуролли Кучлари ташкилий тизимини бундан-да такомиллаштириш ва унинг шахсий таркибини яхшилаш масаласида ҳам сўз юритган.

Олий Бош қўмондон буларнинг барчаси ҳақида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан кеча - пайшанба куни Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ўтказган йиғилиши чоғида баён қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман маълум қилишича, бу йиғинда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва ҳукумат аъзолари ҳам иштирок этишган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бу хусусдаги расмий хабарда Ўзбекистон Қуролли Кучларини янада замонавийлаштириш ва қудратини оширишга қаратилган "аниқ вазифа" ва "аниқ топшириқлар" тафсилотлари очиқланмаган.

Бошқа томондан...

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан ўтказган йиғини қўшни Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Яқинда Афғонистон биринчи вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстум ҳам мамлакатнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларининг хавфсизлиги юзасидан ўзининг жиддий хавотирларини изҳор этган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзда тутиб, бу ерларга ўн мингга яқин жангарисини сиздириш ҳаракатида экани билан огоҳлантирган.

Шундоққина биқинларида толиблар қаторида ИШИД жангариларининг ҳам фаоллашиб бораётганига оид хабарлар эса, ўтган икки йил ичида Ўзбекистон дохил барча Марказий Осиё давлатлари, Россия ва Хитойнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Худди шу манзарада Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмуриятининг Афғонистонга оид бундан кейинги сиёсати ҳозирча маълум эмас.

Сўнгги йилларда АҚШ билан ўзаро алоқаларига жиддий путур етган Россия эса, аллақачон Афғонистонда фаоллашиш "ҳаракатига тушиб қолган".

Расман рад этиб келаётган эса-да, Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқинлашишга уринаётганига оид хабарлар олинмоқда.

Афғон можаросига айнан ўзлари бошчилигида ечим топиш учун расмий Кобул ва Ғарбни бир четга суриб, Хитой ва Покистонни ҳам жалб этмоқда.

Украина ва Суриядаги сўнгги воқеалар мисолида расмий Кремлнинг бу саъй-ҳаракатлари Афғонистоннинг Россия ва АҚШ ўртасида навбатдаги "прокси уруши" майдонига айланишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилган.

Афғонистонга бевосита чегарадош бўлган Ўзбекистон раҳбарияти эса, шу пайтга қадар афғон можаросига тинч йўл билан ечим топилишига тарафдорлик қилиб келган.

Шавкат Мирзиёев Афғонистонга оид ўзининг илк расмий баёнотини ҳали муваққат президент экан, ўтган йил октябрь ойида қилган.

Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини билдирганди.

Ўзбекистон ва Афғонистон

Ўзбекистон Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келган.

Қўшни Афғонистонни ташқи дунё билан ягона темир йўл ёрдамида боғлаётган ва ўнғай автомобил йўлига эга Ўзбекистон хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан ҳам муҳим мамлакат сифатида қолмоқда.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов ҳам ўзининг сўнгги йилларда қилган чиқишларида Афғонистон борасида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат келтирадиган ишларни қилишларини алоҳида таъкидлаган.

Такрор ва такрор Афғонистон масаласида бетараф сиёсатларига содиқ қолишлари ва у ердаги бирор бир мухолиф гуруҳни қўллаш ниятлари йўқлигини урғулаган.

Афғонистон билан доимо икки томонлама муносабатда бўлишгани ва бундан кейин ҳам худди шу тариқа йўл тутишларини давомий равишда баён қилиб келган.

Аммо Ислом Каримов, "ҳатто, қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини" ҳам яширмаганди.

Шавкат Мирзиёев эса, ўшанда Сурхондарёга қилган ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларидаги чегара постларидан бирини кўздан кечиришни ҳам унутмаган.

Муваққат президент ва Бош вазирнинг давлат чегараларини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини ҳам муҳокама қилгани хабар берилганди.

globalfirepower.com веб-сайти ўтган йил май ойида дунё мамлакатларининг жанговор қобилиятини намойиш этадиган навбатдаги Global Firepower Index рейтингини эълон қилган ва унда 126 мамлакат орасида Ўзбекистон армиясини 48-ўринга жойлаштирганди.

Бу рейтингда жаҳоннинг энг қудратли армияси деб АҚШ ҳарбийлари топилган.

Иккинчи ва учинчи ўринларни эса, Россия ва Хитой армиялари эгаллашганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг