АҚШ виза тизими ‘мусулмонларга қарши’ми?

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган етти Яқин Шарқ ва Африка давлати фуқароларига виза беришнинг уч ойга маън этилиши ҳозир худди шундай саволларни пайдо қилган.

Шундай экан, АҚШ кўпроқ қайси давлат фуқароларига виза бермайдию, қайси бирларини нисбатан эркин қўйиб қўйган?

Худди шу ўринда АҚШ виза тизими аксарият аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларга қарши, деган фикрлар қанчалик асосли?

Би-би-си 2016 йилги расмий статистикага таяниб, бу каби саволларга ойдинлик киритишга уринган:

Би-би-си таҳлилида Марказий осиёликлар ҳам АҚШ томонидан виза сўрови энг кўп рад этилувчи давлатлар фуқаролари экани маълум бўлган.

Биргина ўтган йил мисол тариқасида олинганида, Америкага бориш учун виза сўраб мурожаат қилган 50 фоиздан ортиқ Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаросининг аризаси қондирилмаган.

Марказий Осиё давлатлари орасидан биргина анчайин ўзига тўқ бўлган қозоғистонликларгина бу каби ҳолатдан мустасно бўлиб чиқишган.

Аммо...

АҚШ янги президенти Дональд Трампнинг ҳозирча уч ойлик таъқиғига учраган Сурия, Ироқ, Эрон, Ливия, Судан, Сомали ва Яман фуқароларининг, шундоқ ҳам, Америкага виза олишлари осон бўлмаган.

Аммо, шунда ҳам, улар виза сўрови Америка Қўшма Штатлари томонидан аксарият ҳолларда рад этилувчи дунё давлатларининг юқори ўнлигида бўлишмаган.

Ҳатто, бир неча йиллик фуқаролар уруши гирдобида бўлган Сомали ва Сурия ҳам сўнгги йилларда фақат юқори йигирмалик сафларида бўлиб келишган.

Агар, имконли бўлган хомаки ҳисоб-китобларга таянилса, 2015 йилда 35000 дан ортиқ эронлик Америкада бўлиб қайтишган.

Фуқаролари 2001 йил 9 сентябр куни Америкага қарши уюштирилган ҳужумлар ижрочилари эканига қарамай, Саудия арабистониликлар ҳам АҚШ визасини олишда деярли қийинчиликка учрашмас экан.

Дейлик, ўтган йили саудияликлардан бор-йўғи 4 фоизининг бу хусусдаги аризалари қондирилмаган, холос.

Худди шу ўринда Оман, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливан ва Миср фуқаролари учун ҳам АҚШ визасини олиш ортиқча бошоғриқ эмаслиги маълум бўлган.

Яъни, ўтган йили бор-йўғи 2 фоиз оманликнинг АҚШ визасига оид аризаси қондирилмаган пайтда, сўрови рад этилиб, Америкага боролмаган исроилликларнинг сони бундан икки баробар кўп бўлиб чиққан.

Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Озарбайжон фуқароларининг 15 фоизигина Америка элчилигидан умидсиз ортга қайтишган бир манзарада, катта сондаги аҳолиси насроний динига эътиқод қилувчи гуржистонликлар ярмидан кўпроғи "бошларини ушлаб қолишган".

Хулоса...

Шундай экан, буларнинг барчаси нимани англатадию чиқарилажак якуний хулоса қандай бўлади?

Би-би-сининг худди шу мазмундаги саволига жавоб берган АҚШ Давлат Департаменти Консуллик ишлари бўйича бўлими матбуот воизи Уилл Кокснинг айтишича, виза беришда алоҳида бир давлат учун хос меъёр белгиланмаган ва қарор ҳар бир фуқаронинг аризасидан келиб чиққан ҳолда, индивидуал тарзда берилади.

Аммо, шунда ҳам, қуролли низолар ичида бўлган ва ёки яқинда урушдан чиққан давлатлар фуқароларининг кўп-да АҚШ визасига умид қила олмасликлари маълум бўлган.

Агар, ўтган йилги расмий маълумотларга таянилса, қўшни Афғонистон 70 фоиздан ортиқ кўрсаткич билан фуқароларининг виза сўрови Америка томонидан энг кўп рад этилувчи иккита давлатдан биттаси бўлиб чиққан.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг