Каримовдан "озод ва обод ватан" қолдими?

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи matbuotdan

Дунёдан ўтган одамни ёмонлаб, унинг ғийбатини қилиб бўлмайди, дейишади.

Яна баъзилар ўтиб кетган кимдир ҳақида гапирмоқчи бўлса, "яна ер бориб хабар қилмасин", - деб қўйишади.

Мен ҳам "ер бориб хабар қилмасин", дея, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳақида баъзи мулоҳазаларимни айтмоқчиман.

Ҳозирги кунда ватандошларимнинг кўп қисми Ислом Каримовдан миннатдор, баъзилар у ҳақида гап кетса, ҳатто кўзига ёш олиб, ўпкасини тўлдириб-тўлдириб, ўксиниб йиғлаб ҳам олаяпти.

25 йил давомида мустақил давлатни бошқарган одамдан албатта кўп нарса қолди.

Уларнинг энг асосийси: сиёсий ва диний маҳкумлар жазосининг қайта-қайта узайтирилиши, қишлоқ жойларида электр, газ, сув муаммоси...

Авваллари, Совет пайтида "советлар ундоқ, советлар бундоқ, ўрислар бизга газимизни бермаяпти", дея жар солардик.

Аммо ўша пайтда энг олис овулнинг энг олис бурчида ҳам Ильич чироқлари ўчмасди.

Қишлоқларда ҳам ҳар ўн метрда симёғочларда кечаси чироқлар порлаб турарди.

Шаҳарларда, шаҳарга яқин туманларда газ ҳам пориллаб ёнарди.

Энди-чи?

Туман ҳокимияти биносида ҳам ҳокимнинг ўзи чироқсиз ўтирибди.

Шуми, халққа қолдирган мероси Каримовнинг?

Яна табиий газ чекка қишлоқларда бўлмас эди, холос.

Бугун аввал тўлиқ табиий газ билан таъминланган туманларда ҳам табиий газ ўрнини пропан газ баллонлари эгаллаб бўлди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бир ҳафтада беш-олтита туман ҳокимини алмаштирди.

Бувайда туманига келган пайтда ярим соатдан ортиқроқ чироқсиз ўтирди.

Ёки Олтиариқ , Риштон , Бағдод туманлари ҳокимлари ҳам баъзи пайтларда чироқсиз, телефон ва Хитойда ишлаб чиқарилган лампалар ёруғида селектор мажлислари ўтказганлиги эл аро овоза.

Бир яхши гинеколог танишим бор.

Бир куни уни излаб кечки пайт туман туғруқхонасига боришимизга тўғри келди.

Ҳамширалар у операция хонасидалигини айтишди.

Тўғриси, ҳамшираларнинг гапига ишонмадим.

Чунки туман бўйича электр таъминоти узилган пайт эди. Аммо кутдим.

Бир маҳал телефон чироғи ёрдамида жарроҳлик амалиёти ўтказиб, яна битта юрт посбони бўлишга лойиқ ўғил болани она қорнидан олганлигини айтиб чиқиб қолди.

Менинг ҳайрон бўлиб турганимни кўриб, деярли ҳар куни шунақа шароитда операция қиламан, деди бепарво.

Ҳа, айтмоқчи бўлган гапларим булар эмас.

"Менинг ҳаётим"...

Яқинда ҳинд халқининг буюк фарзанди, истиқлол курашчиси Маҳамта Гандининг "Менинг ҳаётим" китобини ўқидим.

Шунда менда Каримов ҳам ўзидан кейинги, доимо ўзи фахр билан қайта-қайта таъкидлайдиган "фарзандлари"га шунга ўхшаган китоб қолдирдимикан, деган савол туғилди.

Биз президентимизнинг буюк бўлганлигини, Ўзбекистон келажагини буюк қилмоқчи эканлигини биламиз.

Аммо ундан ўрганадиган, унга ҳавас қилиб талпинадиган нимаси бор унинг?

Масалан, Маҳатма Ганди Лондонга ўқишга кетаётганда онасига гўшт емаслик ҳақида ваъда беради. Ва бир умр ана шу ваъдага вафо қилиб ўтади.

Бизнинг жаноб Каримовнинг ҳам шунга ўхшаган ибрати борми?

Ёки биз мактабда ўқиган пайтларда Владимир Ильич Ленин ҳақида ҳам ҳикоялар бор эди.

Ана ўша ҳикоялардан бирида ишлаб ўтирган, очликдан силласи қуриган Ленинга бир стакан чой ва икки чақмоқ оққанд олиб киришади.

Ленин чойни ичади-да, қандни болаларга беринг, дейди.

Каримов ҳам мен роса давру даврон сурдим, тахтда узоқ йиллар ўтирдим, энди бу курсини кимгадир берай, дедимикан?

Хулоса қилиб айтмоқчиманки, бизнинг биринчи президентимиздан ҳақиқатдан ҳам "Озод ва обод Ватан" қолдими?..

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг