Тошкент-Андижон: ‘Қатнов 1 февралдан бошланиши мумкин’

Поезд Фото муаллифлик ҳуқуқи railway.uz

Россиянинг 'Sputnik' агентлиги бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятининг маълумот бюросига таяниб, хабар тарқатган.

Аммо, агентлик қўлга киритган маълумотларга кўра, пойтахт Тошкентни Фарғона водийси билан боғловчи темир йўл тармоғи "техник сабаблар" туфайли ҳануз ёпиқлигича қолмоқда.

'Sputnik' шу ўринда жамият вакилининг, "Илк поезд 1 февраль куни йўлга чиқиши мумкин. Аммо, шунда ҳам, бу сана аниқ ва якунийси эмас", деган сўзларидан иқтибос келтирган.

"Йўл очилиб, қатнов қайта йўлга қўйилган чоғда эса, плацкартали вагон учун чипта қиймати 70000 сўм, оддийси учун эса, 46000 сўмни ташкил этади".

Тошкент-Андижон-Тошкент йўналиши бўйича Қамчиқ довони орқали ўтувчи мазкур темир йўлда "бахтсиз ҳодиса" юз берганига оид хабарлар ўтган ҳафта охирида тарқалган.

Орадан қисқа вақт ўтмай, Ўзбекистондан бу йўналиш бўйича юрувчи йўловчи поезди қатнови вақтинча тўхтатилганига оид расмий хабарлар олинган.

"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти, ўз ўрнида, бунинг сабаби ҳақидаги "турли асоссиз хабарларга ишонмаслик"ни сўраб, мурожаат ҳам қилганди.

Аммо шу кунларда турли ижтимоий мулоқот тармоқларида темир йўлда юз берган "бахтсиз ҳодиса" ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эмаслигига далолат қилувчи фотосуратлар пайдо бўлган.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу фотосуратлар юзасидан расман изоҳ сўраб, шу кеча-кундузда масъул идораларга қилган мурожаатлари эса, ҳозирча, ўз самарасини бермаган.

"Тошкент-Андижон-Тошкент"

"Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамияти "Тошкент-Андижон-Тошкент" йўналиши бўйича қўшимча йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилиши ҳақида ўтган йил октябрь ойида маълум қилган.

Расман қатновнинг 17 октябрдан бошланишини билдирганди.

Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич яшайдиган Фарғона водийсини Қамчиқ орқали пойтахт Тошкент билан боғловчи янги темир йўлдан илк йўловчи поезди худди ўша йилнинг 27 август куни ўтган.

Сентябр ойидан бошлаб мунтазам қатновлар йўлга қўйилган.

Водийни Тошкент билан боғлайдиган темир йўл узунлиги 19 километрлик "Қамчиқ" туннелидан ўтади.

Довоноша темир йўлнинг узунлиги 123 километрдан ортиқроқни ташкил этади.

Янги темир йўл

Қамчиқ довонида темир йўл учун махсус туннел қурилишини Хитойнинг 'China Railway Tunnel Group' ширкати 2013 йилда бошлаган.

Узунлиги 19 километр 200 метр бўлган ушбу туннел орадан уч йил ўтиб, ўтган йил июнь ойида фойдаланишга топширилган.

Қамчиқ довони орқали ўтувчи темир йўл лойиҳасининг қиймати $2 миллиард АҚШ долларига баҳоланганди.

Бу темир йўлнинг ишга тушиши Ўзбекистоннинг қўшниларига қарамлигини камайтириши айтилган.

Бу йўналишда поезд қатнови Шўролар даврида бўлган, лекин темир йўл Тожикистон шимолидан ўтганди.

Бир неча йил олдин Ўзбекистон поездларининг Тожикистон ҳудуди орқали ўтишини тўхтатганди.

Ҳозирга қадар икки йўналишда аҳоли асосан шахсий киракашлар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлганлар.

Янги темир йўл 7,6 миллион одамга енгиллик туғдириши режаланган.

Режага кўра, бу йўл орқали биринчи йили 600 минг нафар йўловчи ташиш кўзда тутилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг