Ўзбекистон ҳам Трамп рўйхатига тушиши мумкинми?

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Айрим сиёсий таҳлилчилар наздларида, АҚШ янги президенти ўтган йил август ойида Ўзбекистон қаторида тилга олиб ўтган аксарият давлатлар фуқароларига нисбатан вақтинчалик виза тақиғининг киритилиши, табиий равишда, бу рўйхатнинг кейинчалик кенгайишини англатади.

Аммо, уларнинг айтишларича, шунда ҳам, бу масала жорий тақиқ, яъни, таъбир жоиз, республикачи президент Дональд Трамп илк "тажрибаси"нинг муваффақиятига боғлиқ бўлади.

20 январ куни АҚШ янги президенти сифатида расман ўз ваколати ижросига киришган Дональд Трамп орадан бор-йўғи бир ҳафта ўтиб, ўзининг сайловолди асосий ваъдаларидан бирининг ижросига киришган.

Мусулмонларга "Америка эшикларини ёпишни бошлаган":

Ўтган шанба куни суриялик қочқинларнинг Америка Қўшма Штатларига киришларини номаълум муддатгача тақиқлаб қўйган.

Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган: Ироқ, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман фуқароларига виза беришни уч ойга маън этган.

АҚШ янги президенти ва маъмуриятининг тақиққа учраганларга қочқинлар нисбати берилган бу қарори орадан саноқли соатлар ўтибоқ, мамлакат ичкарисию ташқарисида кескин акс-садо берган, "айнан мусулмонларга қарши" экани мазмунида жиддий танқидлар остида қолиб кетган.

Янги президентнинг янги буйруғи зудлик билан кучга кираркан, вазиятга Америка Фуқаролик Ҳуқуқлари Уюшмаси аралашган, уларнинг аралашуви ортидан Нью-Йорк маҳкамаси Дональд Трамп қарорини вақтинчалик тўхтатиб қўйишгача борганди.

Мавқеъ

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Американинг янги республикачи президенти эса, сайловолди кампанияси давомида ўзининг айнан мусулмонлар ва муҳожирларга қарши кескин мавқеи, чиқишлари ва баёнотлари билан танилган.

Ҳукумат мусулмонларнинг Америкага нисбатан муносабатларини "тўлиқ аниқлаб олмагунча" уларга ўз мамлакати эшикларини буткул ёпишга чақирганди.

Таъкидлаш жоиз, янги қарорга мувофиқ, тақиққа учраган Сурия, Ироқ, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман Дональд Трамп ўтган йил август ойида Ўзбекистон қаторида "эҳтимолий террорчилар етиштириб берувчи давлатлар" сифатида тилга олган ва фуқароларини ўз мамлакатига киритмасликка чақирган мамлакатлар бўлишади.

Республикачи номзоднинг "қўлбола рўйхати"дан яна Покистон, Филиппин ва Марокаш ҳам жой олишган, Дональд Трамп Портланддаги сайловолди амалиёти чоғида уларнинг ҳар бирига алоҳида баҳо бериб ўтишдан ҳам эринмаган.

Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган, "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.

Худди шу ўринда, "Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?", - деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетганди.

Дональд Трампнинг Портландда янграган бу сўзлари аксарият ўзбекистонликларнинг эътиборидан четда қолмаган, турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида уларнинг кескин танқидлари ва норозиликларига сабаб бўлганди.

Сайловолди амалиёти чоғида мусулмонларга қарши қайта-қайта янграган баёнотлари ва чиқишлари мисолида бўлгани каби аксарият таҳлилчилар республикачи номзоднинг Портланддаги сўзларини ҳам жиддий хавотир билан қарши олишган, аммо, Трамп ўз ваъдасида турган тақдирда, янги рўйхатга улардан айнан қайсиларининг тушажаги борасидаги саволга жавоб беришдан ожиз эканликларини ҳам ошкора тан олишганди.

Тошкентдан муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Тошкентдан сиёсий таҳлилчи Анвар Назировнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, АҚШ янги президенти Дональд Трампнинг шанба кунги қарори ўзбекистонликлар орасида ваҳима уйғотмай қолмаган.

"Чунки, биласиз, жуда кўп ўзбеклар Грин-карта ўйнашади, жуда кўп ўзбекистонликларнинг Америка Қўшма Штатларида қариндошлари бор, яқинлари бор...Умуман, охирги ўн йил ичида Ўзбекистон билан Американи боғлайдиган инсоний мулоқотлар, алоқалар анча қалинлашган. Чунки жуда кўп ўзбеклар Америкага кўчиб бориб, ўша ерда яшайдиган бўлишган. Тўғрисини айтиш керак, ҳозир Америка Ўзбекистон учун бегона мамлакат эмас".

Унинг айтишича, худди шу боис ҳам, сўнгги янгиликлар, Америкада бўлаётган жараёнлар Ўзбекистон аҳолисини жуда катта ваҳимага солиб қўйган ва буни ҳозир асосан турли ижтимоий тармоқларда кузатса бўлади.

Чунки бугунги кунда айнан шу каби тармоқлар ижтимоий фикрни яхши ва аниқ ўрганиш, англаш учун асосий манбага айланган, - дейди Тошкентдан таҳлилчи суҳбатдошимиз.

"Албатта, ваҳима бор. Яъни, бу воқеаларнинг давоми қандай бўлади, қабул қилинган қарор қай даражада ривожланиб, кенгаяди, чуқурлашади, деган...".

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, ўзбекистонликлар, бошқа томондан, президент Трампнинг қарорига қарши Американинг ўзида кечаётган жараёнлар ва уларнинг қандай якун топишини қизиқиш билан кузатиб туришибди.

Аммо

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Американинг ўзи дохил жаҳоннинг турли йирик давлатларида кечаётган давомий оммавий намойишлар ва янграётган кескин танқидлар манзарасида эса, Дональд Трамп махсус баёнот билан ҳам чиққан, ўзининг тақиғи мусулмонларга қаратилганини рад этган ва "энг хавфсиз сиёсатлар" қабул қилинганидан кейин бу давлатлар фуқароларига визалар берилиши қайта бошланишини билдирганди.

Аммо кеча - сешанба куни Америка Қўшма Штатларидан олинган хабарлардан маълум бўлишича, Дональд Трамп ўзининг қарори ижросини вақтинчалик тўхтатиб қўйган мамлакат Адлия вазири ва Бош қораловчи вазифасини бажарувчи Салли Йейтсни ўз вазифасидан четлатган.

Оқ уйнинг бу хусусдаги расмий баёнотида айтилишича, "АҚШ фуқароларини ҳимоя қилиш мақсади билан қабул қилинган қонуний қарор ижросини бажаришдан бўйин товлаш билан Салли Йейтс Адлия вазирлигига хиёнат қилган".

Дональд Трампнинг аллақачон ижроия ҳокимиятига беришга улгурган бу каби фармони олийлари эса, Америка сиёсатида ҳар қандай президент сайловолди ваъдаларини тез фурсатда амалга оширишнинг қойилмақом йўли ҳисобланади.

Яъни президентнинг фармони олийси учун АҚШ Конгрессининг розилиги талаб қилинмайди, аммо у бошқа қонунлар каби кучга эга, деб кўрилади.

Дональд Трамп мисолида масаланинг яна бир хос қирраси борки, ҳам Сенат, ҳам Вакиллар Палатасида демократлар эмас, республикачилар сони кўп экани боис, Конгресс бу каби фармони олийлар ижросини, ҳатто, молиявий жиҳатдан қийинлаштиришдан ҳам ожиз қолади.

Агар, ўтган пайшанба кунги янги сўров натижаларига таянилса, худди шу манзарада янги президентнинг обрўси Америка халқи орасида янада тўкилиб, уни дастакловчилар сони бор-йўғи 36 фоизга тушиб қолган.

Айтилишича, бунақаси Америка Қўшма Штатлари тарихида кузатилмаган.

Аммо, худди шунинг баробарида, ўз партиядошлари орасида Дональд Трампни қўлловчилар, унинг президент ўлароқ дастлабки бир неча кунлик фаолиятига ижобий баҳо бераётганлар сони ҳозир 80 фоиздан ортиб кетган.

Бошқа томондан, айни шу манзарада унинг тақиғи остига тушган айрим давлатлар АҚШ янги маъмуриятига нисбатан янада кескин кетишган, жумладан, Эрон ва Ироқ Дональд Трампнинг қарорига жавобан америкаликларни ўз мамлакатларига киритмаслик билан таҳдид қилишган.

Маҳаллий таҳлилчилар наздларида эса, расмий Тошкент ўтган август ойи мисолида бўлгани каби, Дональд Трампнинг аксарият аҳолиси мусулмон бўлган қатор давлатлар фуқароларини, ўз таъбирида, вақтинчалик Америка Қўшма Штатларига киритмаслик билан боғлиқ янги қарорига ҳам ўз муносабатини билдиришга бормайди.

Улар бунинг сабабини Ўзбекистон ҳали марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви давридан бошлабоқ ўзининг ташқи сиёсатида кескин қадамлар қўймаслиги, кескин сиёсат олиб боришга тарафдорлик қилмай келгани воқеълиги билан изоҳлашади.

Аммо, шунда ҳам, таҳлилчиларга кўра, Ўзбек ҳукуматининг бу хусусдаги мавқеи Дональд Трамп қарори билан боғлиқ воқеаларнинг қандай ривожланиши ва якун топишига боғлиқ бўлиб қолади.

Сўнгги йилларнинг расмий статистикасига таянилганда эса, Ўзбекистон шундоқ ҳам фуқаролари осонлик билан Америка визасини ололмайдиган давлатлар қаторидан жой олиб келган.

Биргина ўтган йил мисол тариқасида олинганида, Америкага бориш учун виза сўраб мурожаат қилган 50 фоиздан ортиқ Ўзбекистон, Тожикистон ва қирғизистонликнинг аризаси қондирилмаган.

Бошқа томондан...

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатларига нисбатан ўзининг ташқи сиёсатини ҳалича дуруст-қуруқ баён қилмаган.

Аммо халқаро таҳлилчиларга кўра, янги президенти бошқаруви остида "репрессив сиёсатини юмшатиб", кўпроқ ислоҳотларга диққат қиладиган бўлса, Ўзбекистон Американинг бўлажак минтақавий сиёсатида муҳим ўрин тутиши мумкин.

Бундан ташқари, уларнинг наздларида, Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият бундан буёғига ҳам Ўзбекистон-АҚШ алоқаларини белгиловчи муҳим фактор бўлиб қолаверади.

Яъни, Афғонистон хавфсизлиги ва у ердаги ҳозирлиги ўзининг аҳамиятини йўқотмагунга қадар Ўзбекистон Американинг минтақадаги йирик ҳамкори сифатида қолаверади.

Дональд Трамп эса, АҚШ янги президенти сифатида қасамёдга келтирилган куннинг ўзидаёқ "радикал исломий террорчиликка қарши" ўзининг кескин мавқеини намоён этган.

"Замонавий дунёни радикал исломий террорчиликка қарши бирлаштириб, уни Ер юзидан буткул йўқотишлари"ни баён қилганди.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Ўзбекистонга Дональд Трамп маъмурияти томонидан иккиёқлама қараш мавжуд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTSEY

"Яъни, жанубдан, Афғонистон орқали қараш бу - хавфсизлик нуқтаи назаридан қараш. Шимолдан қараш эса, Россия нуқтаи назаридан қараш, бу - геосиёсат. Лекин, биз биламиз, Дональд Трампнинг асосий гео-сиёсий лойиҳаси: Россияни ўзига иттифоқчи қилиш ва иккита фронтга қарши биргаликда кўраш олиб бориш", - дейди таҳлилчи суҳбатдошимиз.

Унинг наздида, биринчи фронт Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳини назарда тутса, иккинчиси Хитой бўлади ва бу лойиҳанинг муваффақиятини вақт кўрсатади.

"Чунки Дональд Трамп ҳам, Владимир Путин ҳам дунёни таъсир доираларга бўлиб олиб, бошқариш тарафдори. Агар, бу икковлон ўша иккита фронт бўйича ҳамжиҳатликка эришадиган бўлишса, бу - Ўзбекистон давлатчилиги, унинг мустақиллигига анчагина жиддий муаммолар туғдириши мумкин", - дейди Камолиддин Раббимов.

"Менинг энг асосий хавотирим - агар, Путин билан Трамп ҳақиқатан стратегик альянс ўрнатадиган бўлишса, Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёни Россиянинг манфаатлари ҳудуди, деб тан олиши эҳтимоли юқори".

Лекин, Афғонистон, хавфсизлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистоннинг аҳамияти Дональд Трамп учун муҳим эканлиги аниқ, дейди таҳлилчи.

Аммо, худди шу ўринда, Франциядан сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз ҳам АҚШ янги президентининг шу пайтгача ҳам Марказий Осиё ва ҳам постсовет ҳудуди бўйича аниқ-таниқ стратегияси, дастурининг тўлиғича маълум эмаслиги омилига диққат қаратади.

Дональд Трампнинг дунёқараши ва сиёсатини, таъбир жоиз, вазиятга қараб оқиб бораётган сиёсат сифатида баҳолайди.

"Трамп хатолар ва тажрибалар орқали уни-буни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўраяпти ва вазиятдан келиб чиқиб, қарорлар қабул қилаяпти, дейишимиз мумкин", - дейди суҳбатдошимиз.

Камолиддин Раббимовга кўра, қабул қилган қарорлари ижросида ўзини жуда ҳам қатъиятли кўрсатаётгани, унда вазиятга мослашиш ва дипломатияга мойиллик белгиларининг деярли кўзга ташланмаётгани Дональд Трамп маъмурияти ва сиёсатининг ўта бўҳронли бўлишига далолат қилади.

"Бугун Американинг дунё кўз ўнгидаги легитимлиги ва обрўйи чилпарчин бўлди, дейишимиз мумкин. Ҳозир, ҳаттоки, кўпгина кузатувчилар орасида Дональд Трампнинг биринчи тўрт йиллик президентлик муддати охиригача борармикан, деган саволлар ҳам пайдо бўлмоқда", - дейди Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ўз суҳбати якунида.

Яна айрим таҳлилчилар наздларида эса, Марказий Осиё давлатлари лидерлари сайловолди кампанияси ва иш фаолиятининг илк ҳафтасидан келиб чиқиб, худди Россия раҳбари каби Дональд Трампда демократия ва инсон ҳуқуқлари, деб "ортиқча бош қотириб ётмайдиган" шахсни кўраётган бўлишлари ва худди шу боис ҳам, АҚШ янги маъмурияти билан ўзаро алоқалари истиқболидан у қадар ҳам ташвишга тушмасликлари ҳам мумкин.

Ўзбеклар, Ўзбекистон, Америка

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Агар, Вашингтондан "Америка овози" радиоси мухбири Навбаҳор Имомованинг тахминий ҳисоб-китобларига таянилса, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сонлари бугун қарийб чорак миллион кишига етади.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, сўнгги икки-уч йил ичида Америкада камида етти нафар ўзбек терроризмда айбланиб, судга тортилган. Ҳозиргача суд иши якунланганларнинг ҳаммаси узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилишган.

"Худди шу боис ҳам, ўтган йилларда Америкада Ўзбекистон ва ўзбекистонлик муҳожирлар, деган сўзлар янгиликлардан тушгани йўқ ва мазкур омил туфайли ҳам, ўтган йили сайловчилар билан учрашганда, Дональд Трамп Ўзбекистоннинг номини тилга олган. Лекин ҳозир Ўзбекистонни янги Оқ уй диққат-марказидаги мамлакатлардан бири демаган бўлардим", - дейди журналист.

"Аммо, барибир ҳам, агар Америкада яшаб юрган бўлсангиз, бу ердаги вазият билан таниш бўлсангиз, муҳожирларнинг хавотирга тушишлари табиий. Чунки ана шу қарийб чорак миллион ўзбек, ўзбекистонлик орасида ҳужжатсиз юрганлар, ноқонуний ишлаб юрганлар, анча пайтдан бери Америкадан чиқмаганлар, қолаверса, ҳуқуқ-тартибот органлари билан ўзига хос муаммоларга эга бўлганлари анчагинани ташкил этади", - дейди суҳбатдошимиз.

"Айтмоқчиманки, мана, мен ўтган бир неча кун ичида, айниқса, ижтимоий тармоқлардаги кузатувларим ёки шахсан ўзбекистонликлар билан суҳбатларимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, кўпчилик хавотирда. Чунки Оқ Уй бу маън этилган давлатлар рўйхатини кенгайтириши мумкин, деган маълумотлар ҳам бор. Буларда асос бор. Бу жараён қандай тус олишини эса, энди келаси бир неча кун ичида биламиз. Умуман олганда, хавотир бор. Лекин, айни дамда, Ўзбекистон Оқ уй диққат-марказидаги мамлакатлар қаторида йўқ, деб яна бир бор айтган бўлардим. Чунки бу ҳақда бизнинг қўлимизда конкрет бир маълумот йўқ".

Суҳбатдошимиз шу ўринда Америка жамияти жудаям танқидий фикрлайдиган жамият экани омилига ҳам алоҳида диққат қаратади.

"Шунинг учун ҳам ҳозир Американинг ўзида президент Трампнинг қарорларига қаршилик кучли ва кун сайин кучайиб бораяпти. Америкаликлар орасида четдан келганлар, муҳожирларга нисбатан муносабат худди олдингисидек, яъни бу жамият ҳалиям бағрикенг".

"Мана шу ерда яшаётган бир муҳожир сифатида, (чунки мен ўзимни ҳали ҳам шундай деб ҳисоблайман), бизга нисбатан, айниқса, ўзбекистонликлар, Марказий осиёликларга нисбатан кимдир нафрат билан муносабатда бўлганини шу пайтгача билмайман", - дейди Вашингтондан журналист суҳбатдошимиз.

Расмий Тошкент ва АҚШ янги маъмурияти

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, марҳум президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқ давом этган бошқаруви даврида расмий Тошкент глобал сиёсатда "қудратларга" нисбатан ўзининг беқарор ташқи сиёсати билан танилиб улгурган.

Ҳали муваққат президент экан, Ўзбекистоннинг жорий раҳбари Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат масаласида "марҳум президент Ислом Каримов концепциясига содиқ қолишлари"ни баён қилган.

Расман ҳам Россия ва ҳам АҚШ билан ҳар томонлама манфаатли ҳамкорлик - ўз ташқи сиёсатларида муҳим аҳамият касб этиб қолишини алоҳида тилга олиб ўтган.

Бошқа томондан, Дональд Трампнинг қудратга келиши ўтган 15 йил давомида АҚШ-Ўзбекистон алоқаларида муҳим ўрин тутиб келган қўшни Афғонистонда Россия фаоллашиш ҳаракатида бўлган, демократчи президент Барак Обама даврида расмий Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларга жиддий дарз етиб улгурган бир манзарада қудратга келмоқда.

Устига устак ҳам Ўзбекистон ва ҳам Американинг янги президентлари Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият 2001 йилдан буён кузатилмаган бир даражада издан чиқиб бўлган, мамлакатда барча минтақа давлатларини бирдек жиддий хавотирга солаётган Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи қадар фаоллашишга муваффақ бўлган бир пайтда ўз ваколатлари ижросига киришишган.

Худди шу манзарада ҳар икки давлат президентлари ҳам мамнун қолганликларини расман изҳор этган эсалар-да, Владимир Путин ва Дональд Трамп илк телефон мулоқотидан бу икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг илишига асос бериши мумкин бўлган тафсилотлар олинмаган.

Россия президенти Владимир Путиннинг Дональд Трамп қудратга келиши ортидан Америка Қўшма Штатларига сафар қилажак илк хорижий давлат раҳбари экани кутилган эса-да, бу умидлар ҳам ўзини оқламаган. Бу каби шарафга эса, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мей лойиқ кўрилган.

Икковлон ўртасидаги айни шу қўнғироқ ортидан, Украина шарқида яна россияпараст бўлгинчилар ва украин ҳукумат кучлари ўртасида жанглар бошланиб кетганига оид хабарлар ҳам олинган.

Худди шу манзарада Украина ва Суриядан кейин қўшни Афғонистоннинг АҚШ ва Россия ўртасида янги "прокси уруши" майдонига айланишига оид хавотирлар ҳануз ўз кучини йўқотмаган.

Расмий Кремлнинг аксарияти Афғонистонга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатларини бирдек четга суриб, афғон можаросида фаоллашишга уринишлари эса, ҳозир минтақани олдинда нималар кутаётгани борасида анча-мунча таҳлилчиларнинг кўплаб жавобсиз саволларига сабаб бўлмай қолмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг