‘Ўзбекистон эркин эмас’

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Бу каби хулосага Американинг "Freedom House" ноҳукумат ташкилоти ўзининг йиллик ҳисоботида келган.

Ташкилот Ўзбекистонни дунёдаги энг эркин бўлмаган учта давлатдан биттаси, деб топган.

Ўзбекистон қуйи ўнликда Сурия ва Эритреядан кейин Шимолий Корея билан бир хил натижа қайд этган.

Ташкилот экспертлари томонидан берилиши мумкин бўлган 100 баллдан бор-йўғи 3 баллгина қозониб, жаҳондаги эркинлик энг кўп бўғилган давлатлар юқори учлигидан жой олган.

Туркманистон эса, Ўзбекистон билан бирга "ёмонлар ёмони" рўйхатига тушган иккита Марказий Осиё мамлакатидан биттаси бўлган.

Аммо, шунда ҳам, Туркманистон бир балл юқори натижа билан Ўзбекистондан кўра нисбатан яхшироқ натижа кўрсатган.

Бошқа томондан, унинг ана шу "бирозгина ижобий" натижаси ҳам қуролли низолар ичидаги Жанубий Суданники билан бир хил бўлиб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Сурия, Эритрея, Шимолий Корея, Ўзбекистон, Жанубий Судан, Туркманистондан кейин эса, "ёмонлар ёмони " рўйхатини Сомали, Судан, Экваториал Гвинея, Марказий Африка Республикаси ва Саудия Арабистони давом этдиришган.

Марказий Осиё давлатлари орасидан эркинлик даражаси бўйича 37 баллик натижа билан Қирғизистон энг пешқадами бўлиб чиққан.

Аммо, шунда ҳам, ўтган йилги конституцион тузатишларни назарда тутиб, "Фридом Ҳауз" Қирғизистонни хавотирга лойиқ давлатлар рўйхатига киритишни жоиз, деб топган.

Минтақа бўйича "яхшилар" учлигини Қозоғистон(22 балл) ва Тожикистон(11 балл) тўлдиришган.

Россия (20 балл) бу борада, ҳатто, Қирғизистон ва Қозоғистондан ҳам ёмонроқ натижа кўрсатган.

Бир неча ўн йиллик уруушлар ичидаги қўшни Афғонистон эса, 24 баллик кўрсаткич билан Қозоғистону Россиядан ҳам ўзиб кетган.

Собиқ Шўро давлатлари ичидан 94 баллик натижа билан Эстония энг эркини бўлиб чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Янги ҳисобот

"Фридом Ҳауз"нинг сўнгги тадқиқоти жаҳоннинг 195 давлатини қамраб олган.

Ташкилоти экспертлари бу мамлакатлардаги сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар даражасига қараб, ўзларининг якуний хулосаларини беришган.

195 давлатдан 87 тасини "Эркин", 59 тасини "Қисман Эркин" ва 49 тасини "Эркин Эмас", деб топишган.

"Freedom House" ташкилотига кўра, янги тадқиқотлари натижаси кетма-кет 11 йилдирки, жаҳон бўйлаб эркинлик даражаси пасайиб бораётганига далолат қилган.

Устига устак, ўтган йил давомида, ҳатто, дунёнинг энг демократик давлатларида ҳам халқбоз ва миллатчи кучлар фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Экспертлар томонидан "Эркин", деб топилган Бразилия, Чех Республикаси, Дания, Франция, Венгрия, Польша, Сербия, Жанубий Африка, Жанубий Корея, Испания, Тунис ва Америка Қўшма Штатларида ҳам сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар билан боғлиқ мавжуд аҳвол "мутлақ кўнгилдагидек" бўлмаган.

"Freedom House" ноҳукумат ташкилоти янги рейтингида энг ёмон натижани Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатлари қайд этишган.

Евросиё мамлакатлари эркинлик даражаси бўйича кўрсатган сўнгги натижа эса, уларникидан сал яхшироқ бўлиб чиққан.

"Фридом Ҳауз" ўзининг бундан уч йил бурунги йиллик ҳисоботида Марказий Осиё дохил собиқ Совет ҳудудини "дунёдаги энг репрессив минтақалар", деб атаган.

Ҳисоботда 30 миллионли Ўзбекистонда инсонлар иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан эркин эмасликлари таъкидланганди.

Норвегия, Финландия ва Швеция эса, мутлақ 100 баллик натижа билан бугун жаҳоннинг энг эркин давлатлари, деб топилишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг