Шавкат Мирзиёев Москвага қачон боради?

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Агар, президент Владимир Путин матбуот котибининг сўзларига таянилса, Ўзбекистон раҳбарининг Москвага расмий ташрифи яқин икки-уч ойнинг ичида амалга ошади.

Шавкат Мирзиёев ўз сафари чоғида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашади.

Дмитрий Песков бу ҳақда Россиянинг нуфузли "Известия" нашрига берган суҳбати чоғида маълум қилган.

Агар, мазкур суҳбат тафсилотларига таянилса, аллақачон музокаралар кун тартиби ҳам маълум.

Томонлар энергетика, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш, ҳарбий-техник ҳамкорлик ва миграция сиёсатига оид масалаларни муҳокама этишади.

"Известия" эса, бу ҳақда ёзаркан, Ўзбекистон раҳбариятидаги юқори мартабали манбасига орқа қилган.

Нега айнан бу масалалар экани саволига эса, худди ана суҳбатдошининг "Россия Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун йирик бозор экани" ва янги президент Шавкат Мирзиёев бу соҳада бошлаган ислоҳотлар манзарасида, "сўзсиз, уни кенгайтириш масаласи кун тартибига чиқиши"га оид сўзлари билан ойдинлик киритган.

Нашр, ўз навбатида, манбасининг "Россия нефтини Ўзбекистонга божхона тўловларисиз етказиб бериш мавзусининг муҳокама остига олинишига асос бор"лигига оид сўзларини ҳам келтириб ўтган.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ўтган йил якунида Ўзбекистон ҳукумати Россиядан ўз нефтини божхона тўловларисиз етказиб беришни сўраган.

Лекин Россия Энергетика вазирлиги у ҳолда ЖСТга аъзо мамлакатлар барчаси учун шундай йўл тутиши лозим бўлишини айтиб, Ўзбекистоннинг бу борадаги сўровини рад этгани хабар берилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Бошқа томондан, агар, Россия матбуотидаги ўтган йилги рақамларга таянилса, у ердаги меҳнат муҳожирларининг 43 фоизини ўзбекистонликлар ташкил этишади.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби, бу мигрантлар ортга юбораётган маблағлар узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда "ижтимоий муҳофаза камари" вазифасини бажариб келаётган бўлса ҳам, уларнинг ҳуқуқий мавқеи билан боғлиқ масала орада кечган вақт давомида расман ўзининг якуний ечимини топмай келади.

Ҳарбий-техник ҳамкорлик

Россия нашри ўзининг асосий эътиборини, айниқса, бу икки давлат ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболларига қаратган.

Агар, пойтахт Москвадаги музокаралар муваффақиятли кечса, Россия қурол-яроғ бозорида янги йирик ҳамкорга эга бўлиши мумкин, деб ёзган "Известия".

Нашр шу ўринда Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобил Бердиевнинг ўз Қуролли кучларини замонавийлаштиришда мамлакати Россиянинг маҳсулотларига орқа қилишига оид ўтган йилги сўзларига тўхталган.

Икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантиришга оид ўтган йили имзоланган битимни ҳам эслатиб ўтган.

Стратегик ва технологик тадқиқот марказининг тахминларига таяниб, бутун Ўзбекистон Қуролли кучларининг бунга жиддий эҳтиёжи борлиги ҳақида сўз юритган.

Қўшни Афғонистонни назарда тутиб, Ўзбекистон раҳбарияти ўзи учун устивор масалаларни белгилашда энг аввало халқаро террорчилик таҳдидини инобатга олишини ҳам башорат қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Президент Шавкат Мирзиёев эса, ўтган ҳафта Ўзбекистон Қуролли кучларини такомиллаштириш ва замонавийлаштириш масаласини кўтарган.

Бу борада масъул идораларга "аниқ топшириқ" ва "аниқ вазифалар" берганига оид хабарлар ҳам олинган.

Аммо расмий хабарларда уларнинг айнан нималардан иборат экани тафсилотлари очиқланмаганди.

"Известия"нинг экспертлар таҳлилларига таяниб ёзишича, Москвада бўлажак музокаралар бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Қуролли кучларини замонавийлаштиришдан тортиб, мигрантларнинг ҳуқуқий мавқеълари қадар - ўзаро муносабатлар ўзининг янги босқичига кўтарилади.

Аммо Россия нашри энг сўнггида Ўзбекистон янги раҳбариятининг ташқи сиёсати йўналиши борасида ҳозир аниқ бир сўз айтишнинг мушкул эканини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтишни унутмайди.

Янги раҳбарият

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Россия Президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни ўтган йил 4 декабрдаги президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлган.

Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевни Россияга таклиф қилган ва Кремль матбуот хизмати ўшанда бу "таклифнинг мамнуният билан қабул қилинган"и ҳақида ҳам расман хабар берган.

Ҳозиргача президент Мирзиёевнинг илк хорижий сафарни қайси давлатга амалга ошириши маълум бўлмагани каби, унинг Москвага сафари борасидаги сўнгги хабарларга расмий Тошкентнинг муносабати ҳам жорий пайтда имконли эмас.

Аммо Ўзбекистоннинг янги раҳбари ташқи сиёсатда марҳум президент Ислом Каримов "концепциясига содиқ" қолишларини баён қилган.

Унинг "кўп қиррали" ташқи сиёсатини давом этдиришга ваъда берган.

Россия матбуоти эса, президент Владимир Путинга яқин асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов билан қудачилик ришталарини назарда тутиб, Шавкат Мирзиёевни "Россиянинг одами" деб ҳисоблайди.

Агар, амалга ошса, Москвадагиси Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон янги президенти сифатида Россия раҳбари билан биринчи, муваққат президентлигини ҳам ўз ичига олган ўтган йил сентябрь ойидан буён эса, учинчи мулоқоти бўлади.

Россия Президенти Владимир Путин ўзбекистонлик узоқ йиллик ҳамкасби Ислом Каримовнинг қадим Самарқандда бўлиб ўтган 3 сентябрь кунги расмий дафн маросимида шахсан иштирок этмаган. Бош вазири Дмитрий Медведевни юборган.

Аммо орадан уч кун ўтиб, Путин Самарқандга ташриф буюрган, марҳум Ислом Каримов қабрига гул қўйган ва Бош вазир Мирзиёев билан мулоқот ўтказган.

Учрашув чоғида ҳар икки давлат раҳбари ҳам яқин ҳамкорликларини бундан буёғига ҳам давом этдиришдан бирдек манфаатдор эканликларини расман изҳор этишганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Владимир Путин президент Каримовнинг вафоти эълон қилинган 2 сентябрь куни ўз таъзиясини Олий Мажлис Сенатининг раиси Ниғматилла Йўлдошевга йўллаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг